12 июль куни Бишкек шаҳар суди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ва «Азаттиқ Медиа» (Озодлик радиосининг қирғиз бюроси, РФда хорижий агент сифатида тан олинган) ўртасидаги келишув битимини тасдиқлади ва шу боис ушбу оммавий ахборот воситаси фаолиятига қўйилган чекловлар олиб ташланади. Бу ҳақда Озодлик радиоси ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида хабар берди.
Маданият вазирлигининг қўшимча қилишича, ОАВлар таҳририят фаолиятини тугатишга сабаб бўлган материалларни барча манбалардан олиб ташлагани учун суд жараёни якунланган.
«Азаттиқ Медиа» ўзининг барча манбаларидан 2022 йил 14-17 сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаро ҳақидаги «Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида оғир жанглар» деб номланган видеолавҳани ўчириб ташлади, унда ёлғон маълумотлар мавжуд эди. <...> «Азаттиқ Медиа»га нисбатан қонунда белгиланган тартибда чекловлар олиб ташланади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Озодлик радиоси, ўз навбатида, Ленинский туман судининг муассасани ОАВ сифатида ёпиш ҳақидаги қарори бекор қилинганини ва иш тугатилганини тасдиқлади.
Тез орада Маданият вазирлиги Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлигига «Озодлик» радиосининг маҳаллий бюроси сайти фаолиятини қайта тиклаш зарурлиги ҳақида хат юборади.
Таҳририятнинг тушунтиришича, жанжалга сабаб бўлган материал энди Озодлик радиоси веб-сайтларида мавжуд эмас, чунки медиа корпорация ресурсларида контентни сақлаш бўйича умумий протоколлардаги ўзгаришлар туфайли файллар «чексиз сақланмайди».
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26 октабрь куни Маданият вазирлиги Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги можаро ҳақидаги гўёки ёлғон маълумотлар акс эттирилган видеони ўчиришни талаб қилиб, «Азаттиқ»нинг сайтларига киришни икки ойга тўсиб қўйган эди. Талабнинг бажарилишини кутмасдан, вазирлик блокировкани узайтирган ва январь ойида Бишкекнинг Ленинский туман судига «Азаттиқ Медиа» нинг оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тугатиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилганди.
Жорий йилнинг 27 апрель куни суд вазирлик даъвосини қаноатлантириб, Озодлик радиосининг қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатишга қарор қилганди.