Қирғизистон журналистлари 20 июнь куни YouTube'даги Checkit Media каналида Миллий телерадиокорпорациянинг (МТРК) SMM-бўлими республика президенти маъмурияти томонидан бошқариладиган «фейклар фабрикаси» экани ҳақида маълумот эълон қилдилар. Бу текширув ҳақида «Клооп» нашри хабар берди.
Видео муаллифлари аноним манбаларга таяниб, 2022 йил ноябридан бери мавжуд бўлган SММ бўлими тўғридан-тўғри Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбековдан кўрсатмалар олишини даъво қилишган. Гарчи мулозим ушбу маълумотни рад этса ҳам.
Текширувлар натижасига кўра шу нарса маълум бўлганки,
МТРК қошида «фабрика» ташкил этилганидан сўнг бир хил аккаунтлардан ҳокимиятни мақтаган, шунингдек мухолифат, нодавлат ташкилотлар ва мустақил ОАВларни танқид қилувчи постлар чиқа бошлаган.
Шу билан бирга, бу ишга нафақат ижтимоий тармоқлардаги реал профиллар, балки сохта профиллар ҳам жалб қилинган.
Бундан ташқари, маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Ўрунбеков илгари «фейклар фабрикаси»ни ташкил этишда гумон қилинган. 2020 йил охирида «Клооп» нашри божхонадаги коррупцияга оид текширувни эълон қилган, унда Давлат божхона бошқармаси раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов ва унинг яқинлари ҳақида ижобий имидж шакллантираётган сохта аккуантлар қандай ишлаши баён қилинган. Ўшанда журналистлар Ўринбеков раҳбарлигида ижтимоий тармоқлар билан бу борадаги ишлар олиб борилганини аниқлашган. Ўрунбеков пандемия пайтида Матраимовлар клани билан инсонпарварлик ёрдамини тарқатишда «алоқа» қилганини тан олган.
Ўрунбеков ҳақида яна шу нарса маълумки, шу йилнинг май ойида у қирғиз халқини хорижлик сайёҳларни чўчитиб юбормаслик учун «салбий хабарлар»ни чоп этмасликка чақирган.