Қирғизистонда «Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг собиқ матбуот котиби, россиялик аёл Алена Крилова қўлга олинди, унга қарши ватанида экстремистик жамият ташкил этгани учун жиноий иш очилган. Бу ҳақда Бишкекдаги ўз манбаларига таяниб, Sota нашри хабар беради.
Қайд этилишича, Крилова 4 июнь куни қўлга олинган ва катта эҳтимол билан у Россияга мажбуран депортация қилиниши мумкин.
Бироқ, Қирғизистоннинг «Клооп» интернет нашрига кўра, Бишкекнинг Первомайский туман суди қарори билан россиялик аёл 4 июлга қадар ҳибсга олинган, у СИЗО-1 да сақланади. Крилованинг адвокатлари мижози қочқинлик мақомини олиш учун ариза берганини айтишди. Қирғизистон ҳукумати бу масалани кўриб чиқмагунича, қонунга кўра, уни республикадан чиқариб юбориш мумкин эмас.
Sota нашрининг ёзишича, Крилова бошқа беш нафар фаол билан бирга Россия Федерациясида экстремистик деб тан олинган «Сўл қаршилик» иши бўйича айбланувчи ҳисобланади. Россия нашрининг қўшимча қилишича, бу уюшма «ҳокимиятни обрўсизлантириш ва полиция билан тўқнашувларни қўзғатишга қаратилган» митинглар, юришлар ва пикетлар уюштирган.
Бу кейинги пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қидирувдаги россиялик фаолларни қўлга олиш бўйича учинчи операциясидир.
Тахминларга кўра, техник жиҳатдан бу иш Бишкекда «Хавфсиз шаҳар» инсон юзини таниб олиш тизими орқали амалга оширилган.
9 июнь куни МХДҚ ходимлари «Сўл блок» аъзоси Лев Скорякинни дўконга кетаётганида қўлга олишгани хабар қилинганди. РФда у Москва жануби-ғарбий округидаги ФХХ (ФСБ) идораси ёнида «Чекистлар куни муборак» ёзув баннери билан митинг ўтказиш каби безориликда айбланган. Жорий йил бошида уй қамоғида бўлган Скорякин Россияни тарк этган, шундан сўнг у қидирувга берилган.
Бундан аввалроқ, 8 июнь куни Қирғизистон махсус хизмати 2022 йил мартида Свердловск вилоятидаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйишга уринганликда айбланаётган россиялик фаол Алексей Рожковни ватанига бадарға қилгани маълум бўлганди. Шу билан бирга, Рожков ҳамкорликдан бош тортган чоғи таҳдидга учрашиш мумкинлигини айтиб қўрқитган МХДҚ ходимлари устидан шикоят қилган.