Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиев «Қумтор»даги коррупция иши бўйича сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади Kaktus.media Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизматига таяниб.
Ҳукм 1 март куни (Қирғизистоннинг барча президентлари учрашувидан кўп ўтмай) чиқарилган. Бакиев республика Жиноят кодексининг 336-моддаси 2-қисми («Коррупция») билан айбдор деб топилган.
Суд вакилининг «Интерфакс»га маълум қилишича, республика Олий судининг 2016 йил 29 июлдаги қарорига асосан жазони қисман қўшиш йўли билан
Бакиев мол-мулки мусодара қилиниб, 3 йил муддатга давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 30 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Собиқ давлат раҳбари жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўтайди.
Худди шу иш бўйича собиқ президентнинг ўғли, Тараққиёт, инвестициялар ва инновациялар марказий агентлигининг собиқ раҳбари Максим Бакиев ва яна бир неча киши ҳам судланган:
👉 Максим Бакиев 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, суднинг аввалги қарорлари ҳисобга олинса, у умрбод қамоқ жазосини ўтайди;
👉 унинг собиқ ўринбосари Алексей Елисеев суднинг олдинги қарорларини ҳисобга олган ҳолда 12 йил — 30 йилга қамалган. Бироқ, Елисеевнинг ўзи бу маълумотни ёлғон деб атайди ва унга нисбатан «Қумтор» билан боғлиқ жиноий таъқиблар йўқлигини айтади;
👉 Геология ва минерал ресурслар агентлигининг собиқ раҳбари Капар Қурманалиев аввалги суд қарорини инобатга олган ҳолда 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, у 13 йил қамоқ жазосини ўташи керак.
Суд иши 2009 йили президент Қурманбек Бакиев иштирокида Қирғизистон ҳукумати, «Қирғизалтин», «Центерра Голд», «Кумтор голд компани» ва «Кумтор Оперейтинг компани» компаниялари ўртасида «Қумтор» конида тузилган, кейинчалик Қирғизистон учун фойдасиз деб топилган келишувга тааллуқли, дея аниқлик киритади Kaktus.media.
Суд, шунингдек 1999 йилдаги «Қумтор» шартномаси бўйича ҳам қарор чиқарган. УУнга кўра судланганлар:
👉 Молия вазирининг собиқ ўринбосари Эмирлан Тўромирзаев — 12 йилга,
👉 собиқ Ташқи савдо ва саноат вазири Садриддин Жиенбеков — 10 йилга,
👉 Ҳукумат аппарати юридик бўлимининг собиқ раҳбари Елена Белковская — 9 йилга жазоланган.
ℹ️ Қурманбек Бакиев мустақил Қирғизистоннинг иккинчи президенти бўлган. У 2005 йили «Лола инқилоби» натижасида ҳокимият тепасига келган, 2010 йили «Апрель инқилоби» пайтида ағдарилган. Бакиев ва унинг оиласи Белоруссияга қочиб кетган ва у ерда сиёсий бошпана олган. Ватанда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 2010 йил апрель ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар пайтида 80 дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган қирғинни уюштириш ва бошқа нечта жиноий иш бўйича айбланувчи бўлган. 2014 йили у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, 2016 йил июлида жазо муддати 30 йилга қисқартирилган. Қирғизистон ҳукумати Бакиевни экстрадиция қилиш бўйича Беларусга сўровлар юборган, бироқ улар рад этилган.
ℹ️ «Қумтор» Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. У 1978 йили совет геологлари томонидан кашф этилган, аммо уни ривожлантириш фақат СССР парчаланганидан кейин бошланган. 1992 йил декабрь ойида Қирғизистон ҳукумати, «Қирғизолтин» давлат концерни ва Канаданинг Cameco компанияси билан конни биргаликда ўзлаштириш бўйича ҳужжатларни имзолайди. Орадан 10 йил ўтиб, Канада томонининг таклифи билан «Қумтор» билан боғлиқ барча активларни олган Centerra Gold Inc қўшма компанияси ташкил этилади. Янги компаниянинг акциялари Қирғизистон ва Cameco ўртасида мос равишда 33% ва 67% нисбатда бўлинган.
2005 йил инқилобидан сўнг Қирғизистоннинг янги ҳукумати бу тақсимотни фойдасиз деб тан олиб, уни ўз фойдасига ўзгартиришга уринди.
«Қумтор» атрофидаги вазият 2021 йил баҳорида кескинлашган. Қирғизистон ҳукумати Centerraни атроф-муҳитга етказилган зарар учун миллиардлаб миқдорда пул ундириш учун судга берган ва унинг шўъба корхонаси «Кумтор голд компани»га ташқи бошқарувчи тайинлаган. Узоқ давом этган музокаралар натижаси «Қумтор»нинг 100 фоиз улуши Қирғизистонга ўтказиш бўйича келишув имзоланганини президент Садир Жапаров ўтган йил апрель ойида эълон қилган эди.