Олмаота шаҳрида ХВФнинг Марказий Осиё мамлакатлари салоҳиятини ривожлантириш минтақавий маркази очилди

Кристалина Георгиева ва Галимжан Пирматов. nationalbank.kz сайти фотосурати

9 июнь куни Олмаота шаҳрида Халқаро валюта фондининг (ХВФ) Кавказ, Марказий Осиё ва Мўғулистон мамлакатлари салоҳиятини ривожлантириш бўйича минтақавий марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки матбуот хизмати хабар берди.

Тасмани Миллий банк раҳбари Галимжан Пирматов ва ХВФ тасарруфчи-директори Кристалина Георгиева кесиб олди. Маросимда минтақа ва жаҳон мамлакатлари марказий банклари, халқаро молия ташкилотлари ва қатор дипломатик миссиялар раҳбарлари, давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

ХВФнинг Олмаотадаги минтақавий маркази дунёдаги 17 фонд марказига айланди. У ХВФ фаолиятини минтақанинг тўққизта давлати: Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

«Биз ушбу Марказни 100 миллионга яқин аҳолига эга бўлган ушбу хилма-хил ва динамик минтақадаги аъзо давлатларимизни қўллаб-қувватлаш учун очмоқдамиз, чунки бу мамлакатлар турли иқтисодий имкониятлар ва қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Фонд маркази аъзо мамлакатларга фискал, пул-кредит ва молиявий сиёсат ҳамда статистика каби соҳаларда инклюзив ўсишни рағбатлантирадиган янада барқарор сиёсат ва институционал асосларни ишлаб чиқишда ёрдам беради», — деди Кристалина Георгиева.

ХВФ вакили марказнинг асосий афзалликларини таъкидлади:

👉 минтақани мавжуд техник ёрдам ва штаб-квартирадан ўқитиш асосида салоҳиятни ривожлантириш учун тўғридан-тўғри ва осон кириш мумкин бўлган ресурслар билан таъминлайди;

👉 аъзо давлатларга бир-бирининг тажрибасини ўрганишга ёрдам беради;

👉 уларга геоиқтисодий тарқоқликка қарши туришга ёрдам беради ва қўшнилар ҳисобига қисқа муддатли фойда олишга ва келажакдаги фаровонликни биргаликда кўришга интиладиган сиёсатдан қочишга ёрдам беради.

👉 ҳар бир давлат ичида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Георгиева марказ муваффақияти барча аъзо давлатларнинг унинг ишида тўлиқ иштирок этишига боғлиқ бўлишини таъкидлади.

«Ўзбекистон, Арманистон ва Грузия аллақачон ўз тўловини киритди. Ҳозиргина Озарбайжон билан келишувга эришдик. Минтақадаги бошқа аъзо давлатлар менга Марказнинг очилишини иштиёқ билан кутиб олишганини айтишди, шунинг учун мен уларнинг иштирокига оптимистик қарайман», — деди ХВФ делегацияси раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ