Бишкекдан 30 км узоқликда жойлашган Чуй вилоятининг Дмитриевка қишлоғида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида қуролли террорчи қаршилик кўрсатган ва у йўқ қилинган. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
24.kg агентлигининг хабар беришича, 17 май куни эрталаб Дмитриевкада отишма бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, махсус бўлинмалар ўғирликда гумон қилинган бир гуруҳ шахсларни қўлга олиш бўйича операция ўтказган. Бироқ, улар жавобан ўқ узишган.
Махсус кучлар қишлоқни ўраб олган, воқеа жойида оғир зирҳли техникалар келтирилган. Отишмалардан ташқари, портлаш овозлари эшитилиб, гумонланувчилар бошпана топган хусусий уй устида тутун кўтарилган.
Кейинчалик яраланган икки хавфсизлик ходими ҳақида маълумот пайдо бўлди. Улар Иссиқ-Ота вилоятидаги умумий врачлик амалиёти марказига олиб кетилган. Тез орада ўқ парчаси жароҳатини олган бир бемор қўйиб юборилган, иккинчиси касалхонада қолган – у биқинидан ўқ жароҳати олган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, жангчи Бишкекдаги Миллий госпиталга етказилган.
«Спутник Кыргызстан» хавфсизлик кучлари «қуролланган одамлар гуруҳини» қўлга олиш бўйича операция ўтказилгани ҳақида хабар берди. Бироқ, Ички ишлар вазирлиги бир террорчи йўқ қилинганини тасдиқлади. Нашр маҳаллий аҳолидан бирига таяниб, террорчи Дмитриевкага уч кун аввал Ўшдан келганини хабар қилади. Унинг сўзларига кўра, у хотинини бу ерга олиб келиб, узоқ вақт яшашини айтган. «Аммо у бизга паспортини кўрсатмади. Биз унинг кимлигини билмасдик. Ҳозир уйимиз ёниб кул бўлди», — дейди ўлдирилган одамга квартирани ижарага берган аёл.
Уй қишлоқ кенгаши биноси ва хотин-қизлар мадрасаси оралиғида жойлашгани боис, маҳаллий аҳоли жиноятчилар ўқув муассасасида яшириниб, одамларни гаровга олишлари мумкинлигини тахмин қилишган. Аммо бу маълумотлар тасдиқланмади.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси талабалар зудлик билан хавфсиз жойга эвакуация қилинганини қўшимча қилди.
Маҳаллий вақт билан соат 11:30 атрофида Дмитриевка қишлоғининг кордони олиб ташлангани, зирҳли техникалар қишлоқни тарк этгани маълум қилинди. Воқеа жойида терговчилар ва сапёрлар ишламоқда.