«Қирғиз Мессиси» «Қайрат» билан шартномани бекор қилди ва клубга товон пули тўлайди

Гулжигит Алиқулов. sport.akipress.org сайти фотосурати

Қирғизистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси, «қирғиз Мессиси» деб аталган Гулжигит Алиқулов уч йил тўп сурган Олмаотанинг «Қайрат» клуби билан шартномасини бекор қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Шартнома томонларнинг ўзаро келишувига кўра бекор қилинган, бироқ футболчи клубга қанча товон пули тўлаши керак бўлади — унинг миқдори кўрсатилмаган. Футболчи фаолиятини қаерда давом эттириши ҳам ҳозирча номалум.

«Қайрат» сафида уч йил давомида Алиқулов барча турнирларда 99 та ўйин ўтказиб, 13 та гол урган ва 9 та голли тўп узатган. 2020 йили жамоа таркибида Қозоғистон чемпиони, 2021 йили эса мамлакат кубогини қўлга киритган.

«Фарғона» хабарига кўра, эркин агент футболчи Россия клубларидан бирига ўтиши мумкин ва у ерда легионер ҳисобланмайди. Балки футболчи ҳозирда Биринчи лигада тўп сураётган, лекин Премер-лигага қайтиш учун яхши имкониятга эга бўлган Қозоннинг «Рубин»ида тшп суриши мумкин.

Аввалроқ «ўзбек Мессиси» Жасур Жалолитдинов «Қайрат» сафида тўп сурган бўлса, ўтган йили у билан ажралишди. Шу билан бирга, жамоада «қозоқ Мессиси» Еркебулан Сейдахмет қолди.

Жорий мавсум саккиз турдан сўнг 15 очко билан «Қайрат» турнир жадвалида бешинчи ўринда бормоқда.

Гулжигит Алиқулов Бишкекнинг «Дордой» клуби битирувчиси. 2017 йили Туркиянинг «Антальяспор» клуби ёшлар жамоаларида ўйнаган. У 2018 йили ватанига қайтиб, аввалига «Қора-Балта», кейин эса Бишкекнинг «Алга» жамоасида ўйнаган. 2019 йили Алиқулов Белоруснинг «Неман» клуби билан 3 йиллик шартнома имзолаган. 2020 йили у «Қайрат» клубига кўчиб ўтади. Гулжигит Қирғизистон терма жамоаси сафида 19 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ