11 майга ўтар кечаси номаълум шахс «Казинформ» агентлигининг Атираудаги мухбири Виктор Сутягиннинг машинасини ёқиб юборди, деб хабар беради ахборот агентлиги.
Журналистнинг сўзларига кўра, у ярим тунда машинани текширган ва ҳаммаси жойида бўлган.
«Қўшнининг видеокузатув камерасидан кўриниб турибдики, бир киши соат 02:24 да яқинлашиб, капот устида нимадир қилган, кейин портлаш овози эшитилган. Эҳтимол, унинг ўзи ҳам жаюр қўргандир. Бошқа ҳеч ким жабрланмади. Яқин атрофда қўшниларнинг машинаси бор эди, лекин улар уни бу ердан йироқ жойга ҳайдаб кетишга муваффақ бўлишди», — дейди Сутягин.
Атирау полиция бошқармасининг аниқлик киритишича, 11 май куни соат 04:21 да Науризалиев кўчасидаги уйлардан бирининг ёнида автопатрул Lexus RX-300 ёнаётганини пайқаган. Полиция воқеа жойига ўт ўчирувчиларни чақирган.
Полиция маълумотларига кўра, портлаш излари топилмаган.
Бироқ, жабрланувчи Қозоғистон Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми («Ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш») бўйича ягона реестрда қайд этилган ариза билан мурожаат қилган.
Бу воқеа Сутягиннинг касбий фаолияти билан боғлиқми ёки йўқлиги номаълум, бироқ йил бошидан бери Қозоғистонда журналистларга ҳужумлар тез тез учраб турибди.
13 январь куни безорилар «Алтинчи Қантар» фуқаролик коалицияси аъзоси Динара Егеубаеванинг машинасига ўт қўйишган. Кейинроқ полиция ушбу иш бўйича беш нафар вояга етмаган бола қўлга олинганини маълум қилди.
18 январь куни номаълум шахслар UlysMedia.kz сайтига бузиб кириб, нашр бош муҳаррири Самал Ибраеванинг шахсий маълумотларини эълон қилишган. Февраль ойи бошида эса журналистга яна бир ҳужум уюштирилади — таҳририятга қути жўнатилади, унинг ичидан бир парча хом гўшт ва Ибраеванинг болалари сурати топилади.
19 январь куни журналист Вадим Борейко, ўз навбатида, уч номаълум шахс унинг квартираси эшигини тўсмоқчи, эҳтимол, уни ёқиб юбормоқчи бўлишганини айтган. Бир ой ўтгач, воқеа давом этади — Борейконинг ёзишича, 20 февралга ўтар кечаси унинг операторининг турар-жой биноси ёнида турган иккита машинаси портлатилган.
Март ойи бошида Ички ишлар вазирлиги ОАВ вакилларига ҳужум уюштирган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берган эди — бу қозоғистонлик Аркадий Клебанов (Маневич) бўлиб чиқди.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, гумонланувчи ўз қилмишига иқрор бўлган ва сўроқ пайтида у ҳужумларни ўзи уюштиргани, чунки унинг мамлакатдаги бир қанча таниқли журналистларга нисбатан «шахсий мотиви ва узоқ йиллик даъволари» борлигини айтган. Жиноий гуруҳ раҳбари эса хакерларга тўловларни криптовалюта операциялари натижасида олинган даромаддан тўлаган.