Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида контрабанда товарларини олиб ўтиш учун туннел қазган Данғара туманида яшовчи олти нафар фуқарога ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 3 май куни ЎзА хабар берди.
Туннел борлиги 2022 йил 23 июнь куни аён бўлган. Ўша куни чегарачилар шубҳа уйғотган автомашинани тўхтатиб, кўздан кечириш чоғида умумий қиймати 7,6 миллиард сўмдан (667 минг доллар) ортиқ бўлган 38 турдаги 2707 дона уяли телефонлар топишган.
Ҳодисага алоқадор бўлган Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳайдовчининг уйида ерости ўтиш жойини аниқлашади. У ўн метр чуқурликда қазилган бўлиб, Қирғизистон ҳудудига олиб борган. Туннелнинг баландлиги 2 метр, кенглиги 1,2 метр ва узунлиги 128 метр бўлган. У лифт билан жиҳозланган.
Текширув давомида маълум бўлишича, Данғара туманида яшовчи 32 ёшли фуқаро Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг ҳар икки томонида иккитадан уй сотиб олиб, уларни баланд девор билан ўраб олган. Қирғизистонда жойлашган участкада пеноблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, Фарғона вилоятининг Риштон туманида жойлашган уйида эса чорвачилик фермасини ташкил қилган, дея маълум қилади куч идоралари.
Сўнг Данғара туманида истиқомат қилувчи, 1984-1993 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар фуқарони ер ости йўли қазишга ёллаган.
Ер ости йўли қуриб битказилганидан кейин, у орқали Қирғизистондан ноқонуний тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини, хусусан, мобиль телефон аппаратлар, матолар, тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини олиб ўтган, Ўзбекистондан эса кўп миқдордаги хорижий валютани қўшни давлатга ўтказиш билан шуғулланган.
Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Фарғона вилоят суди жиноий гуруҳ аъзоларини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 182 («Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш») ва 223 («Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш») моддалари билан айбдор деб топди.
Улардан 3 нафарига 6 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, уч нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Машинада топилган мобил телефонлар, шунингдек, Риштон вилояти ҳудудидаги трансчегаравий туннел қазилган уй давлат мулкига ўтказилган, ер ости йўли кўмиб ташланган.
Ўтган йил май ойида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида туннел қазиган яна бир жиноий гуруҳ аъзолари пул ва товарларни ноқонуний ўтказганликлари учун 6 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бу гуруҳни 48 ёшли қирғизистонлик одам бошқарган.