Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботига кўра, 2022 йил сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида юз берган ҳарбий можарода камида 37 нафар тинч аҳоли, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлган, яна 36 нафари яраланган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, можаронинг ҳар икки томонида қонунлар ва уруш одатларининг бузилиши тинч аҳолининг ўлимига, хусусий уйлар, мактаблар ва тиббиёт муассасаларига катта зарар етказган.
HRW Тожикистон нафақат чегарачиларга, балки оддий армия бўлинмалари ва ҳарбийлаштирилган тузилмаларга ҳам зирҳли техника ва артиллериядан фойдаланган ҳолда жанговар ҳаракатларда қатнашишга рухсат берганини таъкидлайди. Қирғизистон ўз навбатида ҳужумчи дронлардан фойдаланган.
Мутахассислар томонидан ҳужжатлаштирилган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти можаронинг учинчи куни, 16 сентябрда қайд этилган. Шу куни қирғиз ҳарбийлари душман кучлари тўпланган ҳудудга Bayraktar TB-2 учувчисиз учиш аппаратидан кичик ўлчамдаги лазер ёрдамида бошқариладиган бомба ташлаган.
«Зарба улар [тожик ҳарбийлари] чегарадаги Тожикистоннинг Овчикалача қишлоғининг марказий майдонида пайдо бўлганидан бир неча дақиқа ўтгач берилган. Шу пайт майдонга кўплаб маҳаллий аҳоли тўпланишган. Дафн маросимидан кейин маҳаллий масжидда тўпланган камида 10 киши, асосан эркаклар ҳалок бўлган. Бу номутаносиб ва гўёки беғараз ҳужумда яна 13 нафар тинч аҳоли жароҳат олган», — дейилади HRW ҳисоботида.
Шундан сўнг, 16 сентябрь куни тожикистонликлар чегарадаги бир қанча йўлларда қирғиз қочқинлари ўтирган машиналарга қарата ўқ узишган.
«Икки киши ҳалок бўлган, камида тўрт киши яраланган. Отишма пайтида эри ва ўғли яраланган 63 ёшли аёл машинадан қандай тушиб қолганини айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, улар кўп соатлар давомида ерда қимирламай ётишган, чунки тожикистонлик ҳарбий хизматчилар кичик бир ҳаракатга қарата ўқ узишган», — деб ёзади ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот таҳлилчилари.
Шу куни Тожикистоннинг Чорбоғ қишлоғи яқинидаги кўприк ҳудудида Тожикистондан келган иккита тез тиббий ёрдам машинаси ва бир фуқаролик машинаси ўққа тутилган.
Мутахассисларнинг аниқлашича, ўқ Қирғизистоннинг «Достук» аҳоли пунктидан очилган бўлиши мумкин. Оқибатда 10 нафар тинч аҳоли, жумладан, тўрт нафар бола, уч нафар аёл ва икки нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳат олган.
Бошқа томондан, қўшни давлатнинг чегара қишлоқларини эгаллаб олган тожик ҳарбийлари у ерда камида олти кишини ўлдирган, улардан уч нафарини жанговар ҳудуддан чиқиб кетишга уринишган, икки нафари эса судсиз қатл қурбони бўлган.
Бундан ташқари, «тезкор ишғол этиш» даврида хусусий бинолар ва ижтимоий объектлар – мактаблар, шифохоналар, болалар боғчаларини ўт қўйиш билан бирга оммавий ўғирликлар кузатилган.
HRW вакиллари Қирғизистон ва Тожикистон расмийларини чегарадаги можаро пайтида йўл қўйилган қонунбузарликларни текшириб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақиради.
Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият бир неча бор кескинлашган, бунинг оқибатида томонлар қўшин тўплаб, бир-бирларининг позицияларига қарата ўқ узган.
Охирги қуролли можаро 2022 йил сентябрида бошланган: умумий чегаранинг бир нечта участкаларида бирданига отишмалар бошланган. Бир неча кун давом этган тўқнашувлар ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳатларга олиб келган. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли агрессияда айблаган.