Республика Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Молия бозорини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати порталидаги маълумотларга кўра, «ГРАНД КАЗИНО» масъулияти чекланган жамияти Қирғизистондаги биринчи казино лицензияси эгаси бўлди.
Бошқарма маълумотларига кўра, компания 24 апрелдан 29 апрелга қадар казино фаолияти учун лицензия олган.
Рухсатнома ҳужжати унга 84 миллион сўмга (тахминан 960 минг доллар) тушган.
24.kg нашри Қирғизистон Адлия вазирлиги маълумотлар базасига таяниб, «ГРАНД КАЗИНО» компанияси раҳбари ва асосчиси Адилет Абдиманапов эканлигини қўшимча қилади. Компания 2022 йил ноябрь ойида Бишкекда рўйхатдан ўтган.
Қирғизистонда 2012 йил 1 январдан бошлаб казино фаолияти тақиқланганди. Бу қарор аҳолининг бир қисмининг норозилигига сабаб бўлди. Ташаббус мухолифлари қимор ўйинлари тақиқланиши туфайли республика бюджети юзлаб миллион сўм йўқотишини, 11 минг киши ишсиз қолишини таъкидлаганди. Кейинчалик бу бизнесни жонлантиришга уринишлар бўлган – «Манас» ва «Ўш» аэропортларида, шунингдек Иссиқкўл ва Боткен вилоятларида казино очиш таклифлари илгари сурилган, бироқ улар амалга ошмаган.
2021 йил 21 апрелда Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеши депутатлари Иссиқкўл вилоятида казино очиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган, бироқ кейин уни қайта кўриб чиқишга қарор қилинган эди.
Келгуси йил ёзида парламент казинолар, ўйин автоматлари ва лотереяларни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Кўп ўтмай ҳужжатни мамлакат Президенти Садир Жапаров имзолади.
Казинода ўйнаш фақат чет элликлар учун мумкин бўлади. Айрим сиёсатчилар, тадбиркорлар қирғизистонликларни «орқа эшик»дан кирита бошлаганларида, бундай ҳолат коррупцияга олиб келади, деб ҳисоблашган.
Қонунга кўра, Қирғизистонда фақат юридик шахслар қимор ўйинлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Лицензия нархи 1 миллион доллардан 1,5 миллион долларгача. Бундан ташқари, бундай фирмалар тадбиркорлик фаолияти йўналиши ва жойлашган манзилига қараб 500 минг сўмдан 4 миллион сўмгача (6,3 минг доллардан 25,2 минг долларгача) мажбурий захира фондини шакллантиришлари керак бўлади.