Қирғизистонлик курашчи Қозоғистондаги турнирда икки карра Олимпиада чемпионини мағлуб этди

Акжол Маҳмудов. sputnik.kg сайти фотосурати

Амалдаги жаҳон чемпиони, юнон-рум кураши бўйича Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори қирғизистонлик Акжол Маҳмудов Олмаота шаҳрида ўтказилган кураш бўйича Поддубний кураш лигаси турнирида икки карра Олимпия чемпиони, россиялик уч карра жаҳон чемпиони Роман Власовни мағлуб этди.

77 кг вазн тоифасидаги жанг 1:1 ҳисобида якунланди, аммо Маҳмудов сўнгги очкони қўлга киритгани учун ғолиб деб топилди.

Жанг якунида 24 ёшли Маҳмудов Власовга қойил қолишини айтиб ўтди.

«У мени доим қўллаб-қувватлаган, йиғинга чақирган, жароҳат олганимда операциям учун пул тўлашга тайёр эди. У бағрикенг инсон, шунчаки икки карра Олимпия чемпиони эмас, балки жуда муносиб инсон. Рақобатга қарамай, Роман менга ўзининг барча хунарларини кўрсатди, жангда қандай ўзингни тутишинг кераклиги ва кўп нарсаларни ўргатди. У ҳақиқий лидер», — деди Акжол.

Эслатиб ўтамиз, 32 ёшли Власов Акжол Маҳмудов муваффақиятли иштирок этган турнирларни ўтказиб юборганди. Власов Маҳмудов кумуш медални қўлга киритган Токиодаги Олимпиада ўйинларига Россия терма жамоаси ичидаги юқори рақобат туфайли боролмаган, қирғизистонлик ғалаба қозонган сўнгги жаҳон чемпионатини эса Россия ҳукуматининг Украидаги махсус ҳарбий операцияси туфайли россиялик спортчилар халқаро ўйинлардан четлатилгани боис ўтказиб юборган.

Поддубний кураш лигаси турнири тўртинчи бор ўтказилмоқда. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Россия, Эрон, Мўғулистон, Албания, Болгария, Словакия, Куба каби давлатлардан спортчилар иштирок этмоқда.

Акжол Маҳмудов уч карра Осиё чемпиони (2018, 2022, 2023), жаҳон чемпиони (2022) ва Токио Олимпиадаси кумуш медали совриндори.

Роман Власов тўрт карра Европа чемпиони (2012, 2013, 2018, 2019), уч карра жаҳон чемпиони (2011, 2015, 2021) ва икки карра Олимпиада чемпиони (2012, 2016).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ