Бишкек ИИББ собиқ раҳбари Айзада Канатбекованинг ўлдирилиши бўйича ишда масъулиятсизликда айбланди

Бакит Матмусаев. kaktus.media сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси собиқ раҳбари Бакит Матмусаевни 2021 йил апрель ойида содир бўлган Айзада Канатбекованинг ўғирлаб кетилиши ва ўлдирилиши бўйича ишда масъулиятсизликда айблади. Бу ҳақда адвокат Нурбек Тўхтақуновга асосланиб Kloop хабар беради.

Адвокатнинг аниқлик киритишича, иш аллақачон прокуратурага юборилган, у ерда улар айбловни тасдиқлашлари керак, шундан сўнг материаллар моҳиятан кўриб чиқиш учун Первомайский туман судига юборилади.

Тўхтақуновнинг фикрича, адолат тантанаси ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки унинг сўзларига кўра, коррупция, полиция, прокуратура ўртасидаги корпоратив бирдамлик ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда.

Қолаверса, ушбу модданинг даъво муддати бир йилдан кейин тугайди, судларда қоғозбозлик туфайли иш кўриб чиқилиши чўзилиб кетиши мумкин, дея қўшимча қилади адвокат.

«Бундай юқори мартабали ходимнинг МХДҚ томонидан масъулиятсизлик учун жалб қилингани таҳсинга лойиқ бўлса-да, шунга қарамай, биз тергов камчиликларини эълон қилишга мажбур бўлдик – Первомайский ИИБ навбатчи терговчиси ва Первомайский бошқармаси бошлиғи жавобгарликка тортилмаган. Улар кенг миқёсдаги қидирув тадбирларини ташкил этиш бўйича ҳужжатларни қалбакилаштириш билан шуғулланишган»,дейди Тўхтақунов.

Айзада Канатбекованинг жасади топилганидан бир неча кун ўтиб, Бишкек ички ишлар бошқармасида оммавий ишдан бўшатилганлик хабар берилган эди. Хизмат текшируви натижаларига кўра, бошқарма бошлиғи Бакит Матмусаев ҳам ишдан бўшатилган. Бироқ, 2021 йил охирида Тўхтақунов офицер ўз фаолиятини Ички ишлар вазирлигида давом эттираётгани ва вазир маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Қирғизистон пойтахти Ички ишлар бошқармасининг амалдаги бошлиғи Азамат Ногойбоевнинг ҳам курсиси силкина бошлади.

3 апрель куни Бишкекда ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар полиция ходимининг истеъфосини талаб қилган митинг бўлиб ўтганди. Бунга зўравонлик қурбонига айланган қизларнинг ўзлари ихтиёрий равишда жинсий алоқага киришаётгани ҳақидаги зобитнинг сўзлари сабаб бўлган. Ноғўйбоев намойишчилар билан учрашишга чиқмаган, бироқ кейинроқ хато қилганини айтиб, кечирим сўраган.

ℹ️ Бишкек шаҳрида яшовчи 26 ёшли Айзада Канатбекова 2021 йилнинг 5 апрелида мажбурий никоҳ — ала качуу одати билан ўғирлаб кетилган. Икки кундан кейин Чуй вилоятининг Чўн-Тош қишлоғида яшовчи чўпон даладан Honda Civic русумли автомашинага дуч келади. Машинанинг ичида Айзада ва уни ўғирлаган Замирбек Тенизбаевнинг жасадлари бўлган. Тергов маълумотларига кўра, Тенизбаев қизни бўғиб ўлдирган, кейин эса ўз жонига қасд қилган. Бир неча кундан кейин полиция Айзадани ўғирлашда иштирок этган беш нафар йигитни қўлга олган.

2021 йил 14 сентябрь куни Бишкек суди Канатбековани ўғирлашда иштирок этган шахсларга нисбатан ҳукм чиқарди. Улардан уч нафари 7 йил, икки нафари 6 йил 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, суд жабрланувчилар фойдасига айбланувчилардан 100 минг сўм (1180 АҚШ доллари) ундиришга қарор қилган.

Канатбекова ўлдирилганидан сўнг Қирғизистоннинг Бишкек ва бошқа шаҳарларида қизларни ўғирлаш ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши митинглар бўлиб ўтди. Айзаданинг ўлими юзасидан тергов ишлари Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан шахсий назоратга олинди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) Бишкек бошқармаси Айзада Канатбекованинг ўлимига сабаб бўлган ИИВ ходимларининг масъулиятсизлиги бўйича жиноят ишини тергов қилмоқда. Жабрланган томон тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганидан хавотирда ва иш ёпилган. Аммо Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов давом этаётганига ишонтирди, Бош прокуратура эса иш «алоҳида назоратда» эканини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ