Қозоғистонда Тожикистон фуқаросидан 100 кг дан ортиқ героин мусодара қилинди

ТОЖИКИСТОНЛИКДАН ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР МУСОДАРА ҚИЛИНИШИ. ҚИРҒИЗИСТОН ИИВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг Олмаота шаҳрида ўтказган қўшма операцияси натижасида наркотик канали ташкилотчиси бўлган 37 ёшли Тожикистон фуқароси қўлга олинган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) матбуот хизмати хабарига кўра, ундан 100 кг дан ортиқ героин мусодара қилинган.

Тожикистон фуқаросидан мусодара қилинган гиёҳванд моддаларнинг қора бозордаги тахминий қиймати 1,19 миллион долларни ташкил этади, дея қўшимча қилди ИИВ.

Хабарда айтилишича, Тожикистон фуқароси Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тезкор ходимлари томонидан «узоқ давом этган кўп босқичли амалиёт ва келишилган ҳаракатлар натижасида» қўлга олинган.

Қайд этилишича, шу йўл билан Қирғизистон орқали йирик миқдордаги афғон гиёҳванд моддаларини ташиш ва сотишга ихтисослашган халқаро наркосиндикат фаолиятига чек қўйилган.

Хавфсизлик кучлари гиёҳванд моддалар синдикатининг бошқа эҳтимолий иштирокчиларини аниқлашга қаратилган биргаликдаги тадбирларни давом эттирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ