Бишкек маъмурий суди «Азаттиқ Медиа»нинг Қирғизистон Маданият вазирлиги. томонидан «Азаттиқ» сайтини (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) блоклаш ҳақида чиқарган қарорини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризасини қониқтирмади.
Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига қарши даъво аризаси кўриб чиқиш 7 март куни бўлиб ўтган. Йиғилишда суд вакиллари «Азаттиқ» сайтида жойлаштирилган Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги қуролли можаро ҳақидаги видеони мувозанатли деб тан олганлар, аммо унда тожик томонининг версияси устунлик қилганини таъкидлаганлар. Мазкур видео ўчирилмагани учун сайт блокланганича қолмоқда, деб тушунтирди Маданият вазирлиги вакили.
«Азаттиқ» адвокатлари қуйидагиларни таъкидладилар:
👉 Маданият вазирлиги чегарадаги можаро ҳақидаги видеода қонун бузилиши ҳолатлари борлигини исботловчи далиллар келтиролмаган;
👉 видеодаги материал холисона тақдим этилган;
👉 Бишкек маъмурий судининг қарори устидан юқори органга шикоят қилинади.
«Азаттиқ» сайтига кириш Маданият вазирлигининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори билан икки ойга тўсиб қўйилган. Бунга «Настоящее время» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Настоящее время» телеканалининг Бишкек шаҳрида жойлашган бўлими) да кўрсатилган чегарадаги қуролли можаро ҳақидаги сюжет сабаб бўлган.
Маданият вазирлигининг таъкидлашича, ушбу сюжетда «нафрат сўзлари унсурлари, Қирғизистон томонининг Тожикистонга ҳужум қилгани ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотлар, Боткен воқеаларини ёритишда жамиятдаги вазиятни кескинлаштирувчи ҳамда фуқаролар ўртасида нафрат, камситиш ва бўлинишни келтириб чиқарадиган маълумотлар мавжуд» бўлган.
Вазирлик видеони ўчиришни сўраган. Декабрь ойида материал олиб ташланмагунча блоклаш узайтирилиши маълум бўлган.
Талабнинг бажарилишини кутмасдан, январь ойида Маданият вазирлиги Бишкекнинг Ленинский туман судига «Азаттиқ медиа»нинг оммавий ахборот воситаси сифатидаги фаолиятини тугатиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Дастлабки суд мажлиси 9 февралга белгиланган, бироқ даъвогарнинг вакиллари судга келмаган. Маданият вазирлиги суд жараёнини кейинга қолдириш ва лингвистик экспертиза тайинлаш тўғрисида тақдимнома юборган.