Маст ҳолатда машина бошқарган қирғизистонликларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тортиб олинади

joldo.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда маст ҳолатда машина бошқарган ҳайдовчилар бир йилга, ушбу қоидабузарлик такрорланган тақдирда эса уч йилга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Янги қоида 2023 йил 8 мартдан кучга киради, деб хабар беради АКИpress Республика ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига таяниб.

Бошқарманинг эслатишича, ҳозирда маст ҳолда машина бошқарганлик учун 17,5 минг сўм (200 доллар) миқдорида жарима назарда тутилган.

Йўл ҳаракати қоидаларига ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва бахтсиз ҳодисалар сонини камайтиришга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилган.

8 мартдан бошлаб:

✅ агар шахс транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз маст ҳолда бошқараётган бўлса, у уч суткага қамоққа олинади. Ҳозирда бу учун 15 000 сўм (171 доллар) миқдорида жарима кўзда тутилган;

✅ ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортса, у ҳолда уч суткага, бордию гувоҳномасиз бўлса, беш суткага қамоққа олинади;

✅ Агар маст ҳолда ҳайдовчи автоҳалокатга учраб, эҳтиётсизлик оқибатида соғлиғига зарар етказган бўлса, лекин унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаса, у уч йил муддатга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ҳозирда бу учун 20 000 сўм (228 доллар) жарима ёки беш суткага қамоқ жазоси кўзда тутилган;

✅ тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқарганлик учун жарима 5,5 минг сўмдан (63 доллар) 15 минг сўмга (171 доллар) ошади. Бундай ҳолда, чегирма тақдим этилмайди;

✅ светофорнинг қизил чироғида ўтган ёки пиёдалар йўлагида ҳаракат қилганлик учун жарима миқдори 3000 сўмдан (34 доллар) 5 минг сўмга (57 доллар) ошади;

✅ тезликни 40-60 км/соатга оширганлик учун — 5,5 минг сўмдан (63 доллар) 7,5 минг (86 доллар)гача;

✅ 60 км/соат ва ундан ортиқ тезлик учун — 7,5 минг сўмдан (86 доллар) 15 минг (171 доллар) гача;

✅ қарама-қарши чизиққа чиқиб кетганлик учун — 5,5 минг сўмдан (63 доллар) 15 минг (171 доллар)гача;

✅ автобезорилик учун — 7,5 минг сўмдан (86 доллар) 15 минггача (171 доллар) жарима солинади. Такрорий қоидабузарлик учун ҳайдовчи олти ойга ҳуқуқидан маҳрум қилинади;

✅ автомашинани қалбаки рақамлар билан бошқарганлик учун — 15 000 сўмдан (171 доллар) 20 000 (228 доллар) гача. Такрорий қоидабузарлик учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бир йилга олиб қўйилади;

✅ Жиноий жазога тортиладиган қилмиш белгиларини бўлмаган бахтсиз ҳодиса жойидан яширинганлик учун 10 000 сўм (114 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима ўрнига олти ой муддатга ҳуқуқдан маҳрум қилиш чораси кўрилади.

Йил давомида уч ва ундан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузган қирғизистонликлар ҳайдовчилик имтиҳонини қайта топширишга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, агар энди ҳайдовчилар 10 000 сўм (114 доллар)гача жарима билан ҳайдашлари мумкин бўлса, 8 мартдан бошлаб бу миқдор 3 минг сўмга (34 доллар) туширилади. Яъни, бу белгига етгандан сўнг, ҳайдовчига ҳайдаш тақиқланади ва автомашина жарима майдонига тортилади.

Айни дамда 70% чегирма билан жарималар 15 кун ичида тўланиши лозим бўлса, янги қоидаларга кўра, бу муддат бир ойгача оширилади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришларга изоҳ берар экан, жарима миқдорини ошириш бюджетни тўлдириш учун эмас, балки йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш учун қилинганини айтади.

Жапаров келтирган статистик маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда мамлакатда бахтсиз ҳодисалар сони аста-секин камайиб бормоқда. Жумладан, 2021 йили республикада 7438 мингдан ортиқ бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, уларда 869 киши ҳалок бўлган. Бир йил ўтиб, ҳодисалар сони 7040 тани ташкил этган, 690 фуқаро ҳалок бўлган.

Худди шундай тенденция маст ҳайдовчилар томонидан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар учун ҳам кузатилмоқда. 2021 йили расмийлар 458 та шундай бахтсиз ҳодисани қайд этган, уларда 56 киши вафот этган. Ўтган йили эса 39 қирғизистонликнинг ҳаётига зомин бўлган 422 та воқеа содир бўлган.

Давлат раҳбари кўплаб фуқаролар қонун-қоидаларни билмаслиги, ҳуқуққа ноқонуний эгалик қилганидан шикоят қилди.

«Ҳеч кимга сир эмас, 30 йил давомида биз ҳайдовчилик гувоҳномаларини тўғри келганга сотмоқдамиз. Мен Жогорку Кенеш (Парламент) депутати бўлганимда ота-оналар 16-18 ёшга тўлган фарзандларига ҳайдовчилик гувоҳномаларини совға қилганига кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Энди бу ҳайдовчиларнинг ҳаммаси орамизда юрибди. Албатта, улар йўл ҳаракати қоидаларини яхши билишмайди», — деди Президент.

Унинг қўшимча қилишича, бадавлат ота-оналарнинг фарзандлари тез-тез тезлик чегарасини бузишади ва барча қирғизистонликларни қоидага риоя қилишга, ҳеч қаерга шошилмасликка чақирди, чунки манзилга оддий тезликда ҳам етиб олиш ёки 5-10 дақиқага кечикиш мумкин, бу ҳеч нарсага таъсир қилмайди.

«Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, авваламбор, ўз ҳаёти ва бошқалар ҳаётини асраб қолиш, демакдир. Ҳаёт фақат бир марта берилади, уни асраш ва бошқа одамларнинг ҳаётига хавф туғдирмаслик керак. Ўз айбингиз билан бировнинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлманг», — деди Жапаров.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ