Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси Украинада имкон қадар тезроқ «тўлиқ, адолатли ва мустаҳкам» тинчликка эришиш зарурлиги тўғрисида резолюция қабул қилди. 23 февраль куни кўпчилик давлатлар ҳужжатни ёқлаб овоз берган, бироқ Марказий Осиё давлатлари бетараф қолган.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон 32 та бетараф давлатлар қаторидан ўрин олган. Туркманистон овоз беришда умуман қатнашмаган. Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Эрон, Арманистон ва бошқа қатор давлатлар нейтрал позицияни эгаллаган.
141 давлат, жумладан Афғонистон вакиллари резолюция қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган.
Етти давлат – Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея, Эритрея, Мали ва Никарагуа қарши овоз берган.
Бош Ассамблея аъзолари Россияни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, шунингдек, халқаро ҳуқуқ тан олган чегаралар доирасида Украина ҳудудидан қўшинларини зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқиб кетишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, қуролли можаро иштирокчиларидан маҳбусларга нисбатан муомала халқаро конвенцияларга мос келишини талаб қилади.
«Биз ҳарбий асирларни тўлиқ алмашишга, барча ноқонуний ҳибсга олинган шахсларни озод қилишга ҳамда интернирланган ва мажбурий кўчирилган, депортация қилинган барча тинч аҳолини, жумладан, болаларни қайтаришга чақирамиз», — дейилади резолюцияда.
Ҳужжатда «Украина ҳудудида халқаро ҳуқуқ доирасида содир этилган энг оғир жиноятлар миллий ёки халқаро даражада тўғри, адолатли ва мустақил терговлар орқали жавобгарликка тортилишини таъминлаш зарурлиги» таъкидланган.
Ўша куни, яъни 23 феврал куни БМТда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар хизмати раҳбари Жосеп Боррель Россия билан мулоқот фойдасизлигини маълум қилди, чунки унинг сўзларига кўра, бу давлат Европа Иттифоқини «бутунлай бузуқ шаклда» тасаввур қилади.
«Россия элчиси (Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя. – «Фарғона» изоҳи) шаклида фактларни тақдим этаётган одамлар билан суҳбат ўтказишнинг иложи йўқ. Буни биз гўёки эркакларни аёл бўлишга ва ё бунинг аксини қилишга мажбур қилаётган Ғарбнинг «маънавий бузуқчилиги» га доир мисолларда кўришимиз мумкин. <...> Уларнинг воқеликни қан йўсинда тақдим этаётганларидан жуда ҳайрон бўлдим, бу бутунлай бузиб кўрсатилаётган воқеликнинг бир қисми бўлиб, Россияни оқилона сиёсий мунозаралар олиб борадиган томон сифатида кўришга имкон бермайди», — деди дипломат.
Ўтган йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Украинанинг тўрт вилояти Россия Федерацияси таркибига қўшилиши ҳақида эълон қилганидан сўнг, БМТ бу ҳудудларда ўтказилган референдум натижаларини тан олмаслик тўғрисида резолюция қабул қилганди. Ўшанда Марказий Осиё давлатлари ҳам бетараф қолганлар қаторида бўлганди.
ℹ️ Бундан роппа-роса бир йил муқаддам, 24 февраль куни Россия Украинада махсус ҳарбий операцияни (МҲО) бошлади ва бу операция давомида қўшни давлатнинг қатор ҳудудларини босиб олди. Кечинчалик Украина армияси босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмини, хусусан, Харьков ва Херсон вилоятларидаги баъзи йирик шаҳарларни қайтариб олишга муваффақ бўлди.