Қирғизистон Олий суди криминал авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиққани бўйича жиноий иш доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилди. Первомайск туман суди Атамбаевга хорижга чиқишга рухсат берди, деб ёзади Kaktus.media.
Жазони бекор қилиш тўғрисидаги қарор 13 февраль куни янги очилган ҳолатлар туфайли қабул қилинган. Шу тариқа суд Атамбаев адвокатларининг аризасини қаноатлантирди. Иш янгидан кўриб чиқарилиши учун Первомайск туман судига юборилади.
Аввалроқ собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесарев ўз мижозига даволаниш учун Москвага боришига рухсат беришларини сўраган эди.
«Алмазбек Атамбаев касал, кундан-кунга кучсизланиб, аҳволи ёмонлашмоқда. У қочиб кетиш нияти йўқлигини аллақачон исботлаган. Ўйлайманки, бу инсон ўз ватанига садоқатини аллақачон исботлаб бўлган. Москва клиникаси шифокорлари унинг аҳволидан хабардор ва улар ҳам мижозимни тиббий ёрдамга муҳтож, деб ҳисоблашади. Биз бу масалани анча олдин кўтарган эдик, аммо ҳозир кечикишга йўл қўйиб бўлмайди», — деб тушунтирди Слесарев.
ℹ️ Криминал олами авторитетларидан бири Азиз Батукаев 2006 йили колониялардан бирида тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, салкам 17 йилга қамалган эди. Тўполон чоғида депутат Тиничбек Акматбоев, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иқматулла Пўлотов ва парламентнинг икки депутати ҳалок бўлган. 2013 йили Батукаев унга қон саратонининг охирги босқичи ташхисини қўйган тиббий комиссия хулосаси билан озод қилинади. У зудлик билан мамлакатни тарк этиб, тарихий ватани — Чеченистонга учиб кетади. Тез орада тиббий ҳужжатлар қалбаки эканлиги маълум бўлади, бироқ Қирғизистон расмийлари Батукаевни қайтариб оломайдилар.
ℹ️ Алмазбек Атамбаев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябрига қадар Қирғизистон президенти бўлган. Ўзининг вориси Сооронбай Жээнбеков билан муносабатлари ёмонлашганидан кейин у мухолифатга ўтади. 2019 йили Атамбаевдан дахлсизлик мақоми олиб ташланади ва тез орада унга бир қатор жиноий ишлар бўйича айблов қўйилади. 2020 йил июнь ойида Атамбаев Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши бўйича иш юзасидан коррупцияда айбдор деб топилиб, 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум этилади.
Атамбаевга қарши бир неча жиноий иш очилган. Улардан тўрттаси бўйича у оқланган. Собиқ президент ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларни сиёсий таъқиб деб билади.