Қирғизистонда ихтиёрий сафарбарлик ва фуқароларга қурол-яроғ беришга рухсат берилди

Қирғизистон ҚК аскарлари. kaktus.media сайти фотосурати

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан ихтиёрий сафарбарлик ва «фуқароларга алоҳида ҳолларда қурол бериш» тўғрисидаги қонунга тузатишларни уч ўқишда қабул қилдилар. Бу ҳақда 20 октябрь куни 24.kg нашри хабар берди.

Нашр таъкидлашича, ихтиёрий сафарбарлик судланмаган ва руҳий касаллиги бўлмаган ҳар бир Қирғизистон фуқаросининг «ўз ватанини ҳимоя қилиш учун ихтиёрий равишда бориш» имконияти ва ҳуқуқини таъминлайди. «Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар ваколатгли чегарачи ходимлар ва овчиларга қурол беришни назарда тутади.

Бундан аввал, 3 октябрь куни Қирғизистон парламентининг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмиталари аъзолари «алоҳида ҳолларда» Боткен ва Ўш вилоятларининг чегарадош туманлари аҳолисига қурол беришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишганди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқуллан. Кейинроқ, 18 октябрь куни Azattyk нашри (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) Жогорку Кенеш қўмиталари лойиҳани уч ўқишда маъқуллагани хабар қилди.

Бундай ташаббуслар илк бор 2021 йил май ойида илгари сурилганди. Ўшанда Жогорку Кенешнинг бир гуруҳ депутатлари шундай ташаббус билан чиқишганди ва бундай ўзгаришлар мамлакат ҳудудий яхлитлигига бўлажак тажовузнинг олдини олиши ва чегараларни ҳимоя қилишга ёрдам бериши билан изоҳланган. Қонун лойиҳаси 2021 йил апрелида қирғиз-тожик чегарасида юз берган навбатдаги можародан кейин ишлаб чиқилган. Бироқ, тузатишлар қабул қилинмаганди.

Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг баҳсли участкаларида икки давлат аҳолиси ўртасида йўллар, сув ва ер участкалари бўйича мунтазам низолар бўлиб туради. Кўпинча тўқнашувлар чегарачилар иштирокида содир бўлади ва натижада одамлар қурбон бўлади. Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасидаги сўнгги қуролли тўқнашув 16 сентябрь куни бўлиб ўтган: умумий чегаранинг бир нечта участкаларида бирданига отишмалар содир бўлган. Икки кун давом этган тўқнашувлар оқибатида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлди. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ