Марказий Осиё давлатлари БМТнинг Россияга қарши резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф бўлди

Россияга қарши резолюцияга овоз бериш натижаси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси Украинанинг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР), Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия таркибига қўшилиш бўйича ўтказилган референдумларни тан олмаслик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Овоз бериш Москва вақти билан 12 октябрдан 13 октябрга ўтар кечаси бўлиб ўтди.

Резолюцияни ёқлаб 143 давлат овоз берди, 5 давлат қарши, 35 давлат бетараф қолди.

Россия, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея, Никарагуа қарши овоз берди.

Бетараф қолганлар орасида Хитой, Арманистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳам бор. Туркманистон вакили овоз беришда иштирок этмаганини қўшимча қиламиз.

23-27 сентябрь кунлари ЛХРда, шунингдек, Россия армияси назорати остидаги ДХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида Россия таркибига қўшилиш бўйича референдумлар бўлиб ўтди. Натижада, ЛХРда референдум иштирокчиларининг 98 фоизи, ДХРда 99 фоизи, Запорожье вилоятига 93 фоизи, Херсон вилоятида 87 фоизи Россия Федерацияси таркибига кириш учун овоз берган. 5 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат таркибига тўртта янги ҳудудни киритиш тўғрисидаги фармонларни имзолади.

Россия армияси жорий йилнинг 24 февраль куни Украина ҳудудида махсус ҳарбий операциясини бошлади. Натижада, рус қўшинлари бир қатор ҳудудларни эгаллаб олишга муваффақ бўлди, аммо кейинчалик босиб олинган ҳудудларнинг бир қисми, хусусан, Киев, Суми ва Харьков вилоятларининг баъзи ҳудудларини тарк этди. Охирги ҳафтада Россия ҳарбийлари Херсон вилоятининг қатор туманларида чекинишга мажбур бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ