Қирғизистон давлат хавфсизлиги раҳбари Ўзбекистон билан чегара чизиғи шартномаси лойиҳасига доир маълумотларни маълум қилди

Қамчибек Ташиев. oper.vb.kg сайти фотосурати

Қирғизистон парламенти профил қўмитасининг 10 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев Ўзбекистон билан чегара чизиғи бўйича келишув лойиҳаси, аниқроғи, қўшни давлат ва Қирғизистонга қанча ер берилгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, икки йиллик музокаралардан сўнг томонлар ўзаро тушуниш ва келишувга эришган.

Қирғизистонга жами 19 минг гектардан ортиқ эр, Ўзбекистонга Кампиробод (Андижон) сув омбори – 4485 гектар тегади, бироқ сув омборини икки давлат биргаликда бошқаради.

«Кампиробод икки давлатнинг қўшма бошқаруви остида бўлади. 4485 гектар ер Ўзбекистонга ўтган. Сув сатҳининг пасайиши туфайли 1200 гектар майдон бўшайди, бу ер эса бизга тегишли бўлади», — деди у.

Бундан ташқари, Қирғизистон Ўшдаги Гавасой – 12949 гектар, Кўк-Серек – 105 гектар, Баястон – 212 гектар, Унгар-Тоо – 35 гектар, Оқ-Тош – 100 гектар, Қора-Белек – 25 гектар ва Жалолобод вилоятларидаги (Сузоқ ва Ўзган туманларида, тахминий ҳар бири 1000 га) ҳудудларни олади.

Шахрихон каналининг боши ҳар бир томони учун 19,5 гектардан бўлинган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лойиҳага мувофиқ Қирғизистон ҳудуди 15 806 гектарга кенгайтирилишини таъкидлади.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасида янги битим лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш бўйича баённома имзоланди. Бироқ расмийлар ҳужжат мазмунини эълон қилишмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ