Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон транспорт коридори бўйлаб биринчи поезд йўлга чиқди

Янги транспорт коридори бўйлаб йўл олган локомотив. «Ўзбекистон темир йўллари» сайти фотосурати

19 сентябрь куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон янги транспорт йўлаги бўйлаб биринчи поезд йўлга чиқди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Мультимодал коридор бўйлаб юк ташиш Қашқар темир йўл вокзалидан (Хитой) Ўш темир йўл вокзалига (Қирғизистон) автомобиль транспортида, сўнгра Ўзбекистон орқали Мозори Шариф вокзалига (Афғонистон) темир йўл орқали амалга оширилади.

Биринчи поезд ўн иккита 40 футлик контейнерни ўз ичига олади. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника ва халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотлар юкланган.

Товарлар Хитой томонидан контейнерларга жойланган ва Ўш вокзалида бу контейнерлар Ўзбекистонга тегишли фиттинг платформаларига ортилган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мультимодал йўналиш бўйлаб биргина Афғонистон йўналишида юк ташиш ҳажми йилига 4 минг контейнердан ошади.

Қайд этилишича, юкларни Ўзбекистон ҳудуди орқали ташишда 70 фоизгача, мультимодал йўлакнинг бошқа давлатлари ҳудуди орқали эса 50 фоизгача чегирма қўлланилади.

Июнь ойида Афғонистон орқали Покистондан Ўзбекистонга автомобиль юк коридори ишга тушди. 2760 км узунликдаги мазкур йўналиш Карачи портидан Пешовар, Кобул, Мозори Шариф ва Термиз орқали Тошкентга ўтади.

Бундан ташқари, Покистон ва Ўзбекистон бир неча йилдан буён Трансафғон темир йўли лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Афғонистонда ҳокимият алмашиши билан тўхтатилган ушбу лойиҳа 2022 йил бошида яна кун тартибига қайтди. У амалга оширилган тақдирда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида юк ташиш сезиларли даражада арзонлашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ