Қирғизистон президенти биринчи Халқ қурултойи ўтказиладиган санани маълум қилди

ҚИРҒИЗИСТОН ПРЕЗИДНЕНТИ САДИР ЖАПАРОВ. TODAY.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

25 ноябрь куни Қирғизистонда биринчи Халқ қурултойи бўлиб ўтади. Бу ҳақдаги фармонни мамлакат президенти Садир Жапаров имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, қурултой «давлатнинг ички ва ташқи сиёсати бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг бирлашуви ҳамда манфаатлар ва имкониятлар мувозанатини таъминлаш» мақсадида ташкил этилган.

Бунга эҳтиёж қуйидагилар билан боғлиқ:

👉 Қирғизистон янги глобал ва минтақавий чақириқ ва муаммолар ёқасида, уларни ҳал қилишда барча маҳаллий ҳамжамиятларнинг ўз вакиллари орқали иштирок этиши талаб этилади;

👉 Қирғизистон халқини ташкил этувчи барча миллат ва элатларни бирлаштириш учун миллий мулоқотни таъминлаш зарур.

Қурултойда маъмурий-ҳудудий тузилмалар (қишлоқ туманлари ва шаҳарлари), меҳнат муҳожирлари, конфессия жамоалари делегатлари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир ташкилий қўмитасига Қирғизистон Давлат котиби Суюнбек Касмамбетов раҳбарлик қилди.

Қирғизистон Конституциясининг 7-моддасига кўра, Халқ қурултойи ижтимоий вакиллик, маслаҳатчи, назорат йиғилиши бўлиб, ижтимоий ривожланиш соҳалари бўйича тавсиялар беради. Уни ташкил этиш ва юритиш Конституция ва конституциявий қонун билан белгиланади.

Айни пайтда, тегишли қонун ҳали тасдиқланмаган: Садир Жапаров ташаббуси билан ишлаб чиқилган унинг лойиҳаси фақат Жогорку Кенешда (парламентда) кўриб чиқилмоқда, деб ёзади Kaktus.media.

Лойиҳада айтилишича, Халқ қурултойи:

▶️ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширади;

▶️ Президентнинг мурожаатларини, Жогорку Кенеш Спикерининг, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг, ҳукумат аъзоларининг, бошқа давлат органлари раҳбарларининг маърузаларини тинглайди;

▶️ уларнинг таклифига биноан давлат ва жамоат аҳамиятига молик муҳим масалаларни муҳокама қилади;

▶️ Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва бошқа ижро ҳокимияти органлари раҳбарларини лавозимидан озод этиш тўғрисида Президентга таклиф киритади;

▶️ Қирғизистон Адлия масалалари бўйича кенгашга халқ қурултойи вакилини сайлайди.

Садир Жапаров парламентнинг 2020 йил 10 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳали мамлакат Бош вазири лавозимига номзод бўлганида ҳам қурултой мавзусини кўтарган эди.

«Биз имкон қадар тезроқ Конституцияни ислоҳ қилишимиз керак. Президент бўлади, Бош вазир бўлмайди, қурултой тизими бўлади», — деганди ўшанда Жапаров.

2021 йил май ойида мамлакатнинг янгиланган Конституцияси қабул қилингандан сўнг Президент Жапаров бутунжаҳон қурултойини ўтказишни таклиф қилганди.

«Халқимизда азалдан икки қадрият – эркинлик ва адолат бор. Халқимиз адолатсизликка тоқат қилмаслиги, ўз ҳуқуқларини чеклайдиган ҳаётга рози бўлмаслигига сиз ва мен бир неча бор гувоҳ бўлганмиз ва ҳар куни кузатамиз. Табиий бошқарув тушунчасини киритиш керакқирғиз этносининг табиий хусусиятларига мувофиқ. Унинг асосий тамойили ҳар қандай қарорларни фуқароларимизнинг позицияси ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштиришдан иборат. Шунинг учун ҳам қурултой институти Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган»,деб тушунтирди Жапаров.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ