Марказий Осиё давлатлари Тайванни Хитойнинг ажралмас қисми деб билишини маълум қилди

dunyo.info сайти фотосурати

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Шу тариқа улар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг Тайванга ташрифига расмий Пекин норозилигига қарамай ўз муносабатини билдирдилар.

«Қозоғистон Республикаси «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлайди ва Тайванни Хитой Халқ Республикаси ҳудудининг ажралмас қисми деб билади. (...) Хорижий давлатлар расмий делегацияларининг Тайванга ташрифлари ХХР ҳукумати билан келишилган бўлиши керак, деб ҳисоблайман», — дея Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияровнинг сўзларидан иқтибос келтиради КазТАГ.

Шунингдек, у Қозоғистон халқаро ҳуқуқнинг амалдаги нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига риоя этиш тарафдори эканлигини ва бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг 1971 йилдаги 2758 сонли резолюциясига амал қилишини таъкидлади.

Тайвань атрофидаги вазият муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юзага келган кескинлик тезроқ пасайишига умид билдирди, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги. Ўзбекистон «ягона Хитой» сиёсатини, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган норма ва тамойилларига мувофиқ ушбу мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди, дейилади хабарда.

Худди шундай баёнот Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам қилинган. «Қирғизистон Республикаси «Тайвань муаммоси» бўйича ўз позициясининг ўзгармаслигини ва Қирғизистон-Хитойнинг барча фундаментал ҳужжатларида белгиланган «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди», — дея ТИВ баёнотидан иқтибос келтиради 24.kg ахборот агентлиги.

2 август куни АҚШ ҳокимият иерархиясидаги учинчи шахс, Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга ташриф буюрди, бу эса минтақада кескинликнинг янги босқичига олиб келди. Тайпейда Пелоси Тайвань парламентига ташриф буюриб, орол маъмурияти вакиллари билан учрашди. Ташрифининг асосий мақсади Тайванда «ёрқин ва динамик» демократияни қўллаб-қувватлаш деб атади спикер.

Орол 1949 йилда ХХРдан мустақиллигини эълон қилади, аммо Пекин уни ўз ҳудуди деб билади. Хитой расмийлари Пелосининг ташрифини танқид қилиб, спикер атайлаб провокация қилгани ва «ягона Хитой» тамойилини бузганини айтди.