АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонни РФнинг Украинадаги ҳарбий махсус операцияси бошланганидан кейин жорий этилган санкцияларда белгиланган товарларни Россия ва Беларусга етказиб бериши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритди.
Рўйхат Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ва АҚШ Молия вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) томонидан тузилган. Унга 18 та давлат киритилган: Марказий Осиёнинг тўртта давлатидан ташқари — Арманистон, Бразилия, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Хитой, Мексика, Никарагуа, Сингапур, Сербия, БАА, Тайван, Туркия ва Жанубий Африка.
Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, айрим ҳолларда рухсат этилган товарлар қонуний равишда ушбу ва бошқа юрисдикцияларга ўзга маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида экспорт қилиниши мумкин. Аммо ушбу тайёр маҳсулотлар ва товарларни Россия ёки Беларусга экспорт қилиш тақиқланиши мумкин.
Молия вазирлиги 2022 йил 24 февралдан бошлаб BIS Россиянинг Украинада ҳарбий амалиётлар ўтказиши учун зарур бўлган айрим технологиялар ва маҳсулотларни чекловчи бир қатор қатъий экспорт назорати чораларини жорий қилганини эслатди. Бу назоратлар биринчи навбатда Россиянинг мудофаа, аэрокосмик ва денгиз соҳаларига қаратилган. Улар, шунингдек, Россиянинг энергия ишлаб чиқариш сектори, рус элитаси томонидан ишлатиладиган ҳашаматли товарлар каби бошқа мақсадларни ҳам ўз ичига олади. Ҳисоботда айтилишича, Қўшма Штатлар Беларусга Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларига катта ёрдам берганига жавобан чекловлар киритган.
Янги назоратлар Россияга экспорт, реэкспорт ва РФга мўлжалланган ва АҚШнинг айрим корхоналари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган товарларнинг жўнатилишига жиддий чекловлар қўяди. Ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ускуналар катта ташвиш уйғотади. Гап самолётлар учун эҳтиёт қисмлар, гидроакустик тизимлар, антенналар, ГПС тизимлари, нефть конлари ускуналари ва бошқа товарлар ҳақида бормоқда.
Июнь ойида BIS Ўзбекистоннинг хусусий компаниясини «Россиянинг уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этгани» учун санкциялар рўйхатига киритганини хабар қилганди. АҚШ Давлат департаменти тушунтиришича, Ўзбекистон компанияси Россиянинг «Радиавтоматика» электрон бутловчи қисмлар етказиб берувчисига санкциялардан қочишга ёрдам берган ва уни микросхемалар билан таъминлаган.