Қирғизистон Россиянинг республика ҳудудида BSL-3 (Biosafety level — ёпиқ лаборатория шароитида патогенлардан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи бўлган биологик хавфсизлик даражаси. — «Фарғона» изоҳи) тоифали лаборатория ташкил этишга доир таклифига қарши чиқди. Москвада бўлиб ўтган икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши доирасида мазкур лабораторияни яратиш лойиҳаси Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари томонидан муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот маркази хабар берди.
Шу билан бирга, вазирликлар Россия ташаббуси доирасида юқумли касалликларнинг қўшма тадқиқотлари, профилактикаси ва уларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, тиббиёт, илмий ва таълим ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Томонлар жорий йилнинг биринчи ярмида меҳнат мигрантлари оила аъзоларига Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни эмлаш ишларини олиб боришга келишиб олдилар.
Таъкидлаш жоиз, бундан олдин Қирғизистон ўз ҳудудида хориж давлатлари иштирокида биологик лабораториялар яратишдан бош тортган эди. 2008 йил август ойида Қирғизистон Республикаси ва Канада ҳукуматлари ўртасида биологик ҳимоя ва биологик хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлиб, унда Бишкек марказидаги Ботаника боғида BSL-3 тоифали биологик лаборатория қуриш кўзда тутилганди. Канада томони лойиҳага 60 миллион доллар сармоя киритишга тайёр эди. Ўшанда Қирғизистон жамоатчилиги, жумладан фуқаролик фаоллари ва журналистлар лойиҳанинг амалга оширилишига кескин қаршилик кўрсатган, кейин эса расмийлар ундан воз кечганди.
2016 йили Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбоев Хитой раиси Си Цзиньпин билан Хитой томонидан ажратилган 18 миллион доллар эвазига Қирғизистон Республикасида карантин, фитосанитария ва ветеринария лабораторияси ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган эди. Хитой томони иншоотни ўша Ботаника боғи ҳудудида қуришни таклиф қилди. Бироқ, Атамбаевнинг ўзи бунга қарши чиқди. Охир-оқибат, лойиҳа амалга ошмади.
2017 йили Қирғизистон Қозоғистон билан ЕОИИга аъзо давлатлар божхона пунктларини ривожлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишув имзоланганини маълум қилди. Маблағлар, жумладан, бир нечта ветеринария ва синов лабораториялари қурилишига йўналтирилиши режалаштирилган эди.
Сўнгги йилларда, айниқса, коронавирус пандемияси бошланиши билан жаҳон матбуотида АҚШ маблағлари ҳисобидан турли мамлакатларда гўёки барча турдаги патогенлар ўрганиладиган биолабораториялар ташкил этиш мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Март ойи бошида Россия Мудофаа вазирлиги Украинада Пентагон томонидан молиялаштирилган биологик қурол компонентларини ишлаб чиқарувчи лабораториялар мавжудлигига оид далиллар борлигини маълум қилди.
Шундан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Олмаотадаги АҚШ маблағлари ҳисобига қурилган референс-лабораторияси тўлиқ Қозоғистон ҳукуматига ўтказилгани, америкалик мутахассислар у еда ҳеч қандай тадқиқотлар олиб бормаётганини маълум қилди