Олмаотада қирғизистонлик Рузахунов ва Сидиқовни қийноқларга солингани факти бўйича жиноий иш қўзғатилди

kaztag.kz сайти коллажи

Қозоғистон давлат матбуоти бундан олдин оммага олмаоталик талончилардан бири сифатида тақдим этилган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов ва Қирғизистон Республикаси фуқароси Чўлпонбек Сидиқовнинг Олмаотада қийноқларга солингани факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Қирғизистон Омбудсман аппарати раҳбари Аскат Азарбековга таяниб «КиргТАГ» хабар беради.

Омбудсман институти ва Қирғизистон Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази делегациясининг Қозоғистонга амалий ташрифи чоғида тергов бошлангани маълум бўлди.

«Олмаота прокурори ўринбосари Нурлан Ауганбоевнинг сўзларига кўра, ҳозирда Қозоғистоннинг коррупцияга қарши хизмати томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Азарбеков.

Чўлпонбек Сидиқов Қозоғистон Республикасида рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати тугагани сабабли 8 январь куни Олмаота шаҳридан Қирғизистон-Қозоғистон чегараси йўналишида кетаётганида қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Орадан 11 кун ўтиб, у шахси номаълум қозоқ полицияси ходимларидан олган тан жароҳатлари билан шифохонада топилган. Унга бош мия чаноғи жароҳати, мия чайқалиши, қовурғанинг кўп суяклари синиши ва травматик шок ташхиси қўйилган.

«Қирғизистонга етиб келган Сидиқов касалхонага ётқизилган. Тиббиёт муассасаси ходимлари халқаро ҳуқуқ талабларидан келиб чиқиб, Истанбул протоколи нормалари асосида экспертиза ўтказишган. Экспертиза натижаларига кўра, Содиқовнинг (бошқа калтаклардан ташқари) икки оёғи синганлиги маълум бўлган, бу эса унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини кўрсатади. Ҳужжат Қозоғистон прокуратурасига дипломатик каналлар орқали юборилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Қозоғистондаги тартибсизликларга доир расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг беш фуқароси қўлга олинган. Улар орасида мусиқачи Викрам Рузахунов ҳам бор бўлган. Полиция уни Олмаотадаги тартибсизликларда иштирок этиш учун учиб келганини камера қаршисида «тан олишга» мажбур қилган. Интернетда тарқалган видеода эркакнинг картаклангани яққол кўзга ташланар эди. Рузахунов билан боғлиқ вазиятни текширишга Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров аралашгач, мусиқачи қўйиб юборилган ва у Бишкекка қайтиб келган. 10 февраль куни жаззмен Қозоғистон хавфсизлик кучлари томонидан қийноққа солингани ва ўлимдан зўрға қутулиб қолганини маълум қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ