27 январь куни тожик-қирғиз чегарасида юз берган можарода Тожикистоннинг икки фуқароси қурбон бўлди. Улардан бири Қирғизистон томони отган миномёт снарядининг Хўжаи Ало қишлоғида тез ёрдам машинасига тегиб портлаши оқибатида ҳалок бўлган. У Исфара шаҳридаги шифохона тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси Абдулатиф Шарифов бўлган. Шу қишлоқда яшовчи Обиджон Тўйчиев ўз ҳовлисида миномёт снатядининг портлаши оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар беради Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари матбуот маркази.
МХДҚ маълумотларига кўра, отишма пайтида 10 киши, жумладан 6 нафар ҳарбий хизматчи яраланган, бироқ Исфара касалхонасига камида 17 нафар ярадор (шундан 8 нафари ҳарбий хизматчи) ётқизилган.
Қирғизистон томонидан 11 киши, жумладан 8 нафар ҳарбий хизматчи яраланган, уларнинг барчаси турли даражадаги тан жароҳатлари билан Боткен вилояти госпиталига ётқизилган, деб хабар беради 24.kg Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.
28 январь куни эрталаб тожик-қирғиз чегарасида вазият барқарорлашган. Кечаси Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги вакили Абдикарим Алимбаев ва Тожикистон Республикаси Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ўртасида икки давлат чегара вакиллари ҳамроҳлигида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар ўт очишни тўлиқ тўхтатишга, чегарага жалб қилинган қўшимча кучлар ва воситаларни доимий турар жойларига қайтаришга, Боткен-Исфана автомобиль йўлини очишга, Қирғизистон ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан чегара ҳудудларида можароларнинг олдини олиш мақсадида қўшма патрулни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Мулозимлар ўртасида эришилган келишувлардан сўнг отишма тўхтатилди. Чегарадан қўшимча кучлар олиб чиқилди, Боткен-Исфана йўли тикланди. Музокаралар бугун ҳам давом этади. Сўғд вилояти раиси, Исфара шаҳар ҳокими, вилоят ва туман ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари чегарада, дея хабар беради «Азия-Плюс» нашри Исфара шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шомадовга таяниб.
Тожик-қирғиз чегарасида отишма 27 январь куни кечқурун маҳаллий аҳоли ўртасидаги можародан кейин бошланган. Версиялардан бирига кўра, қирғизлар Тожикистоннинг Сомониён қишлоғидаги тожик фуқароларига тегишли автомобилларини тошбўрон қилишган, Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Торт-Кочо ҳудудидаги йўл тўсиб қўйилган. Отишма бошланган. Тожикистон ва Қирғизистон бир-бирини қуролли тўқнашувда айблади. Ҳар икки томон қўшинларини чегарага олиб келган, қўшни ҳудудга миномётлардан ўқ узган. Икки давлат чегара идоралари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари даражасида музокаралар бошланган.
КХШТ Бош котиби Станислав Зась Тожикистон ва Қирғизистонни чегарада зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.