Қамоқхонада вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлимига доир тергов ишлари Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитасига (ДМХҚ) топширилди. Бу ҳақда Kloop.kg нашри «Бир Дуйно — Кыргызстан» ташкилоти раҳбари Толекан Исмаиловага таянган ҳолда хабар беради. Исмолованинг сўзларига кўра, республика Бош прокуратураси илк бор бу каби тергов ишини хавфсизлик қўмитасига топширди.
Бундан олдин Асқаров иши Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизматига (ГСИН) топиширилган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бундай қарорга қарши чиқдилар. Улар ташкилот сифатида жиноий ишни ёпишдан манфаатдор бўлгани боис, тергов ишлари ГСИН томонидан олиб борилмаслиги кераклигини таъкидладилар. Юристлар ишни ДМХҚга берилишини илтимос қилдилар.
Асқаров 2020 йил 25 июлда №47 колония касалхонасида оламдан ўтди. Унинг ўлимига иккитомонлама пневмония оқибатида юзага келган нафас етишмовчилиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Асқаров ўлимидан бир неча кун олдин унинг қариндошлари, адвокати маҳкумнинг оғир касал эканини хабар қилганлар. ГСИН дастлаб ушбу маълумотни инкор этади, кейин омбудсменнинг қамоққа ташрифи чоғида маҳбусда ҳақиқатан COVID-19 (Асқаровни коронавирусга қарши тестдан ўтказишмаган) аломатлари борлиги аниқланган. Адвокат Валериан Вахитов Асқаровни охирги марта 2020 йил 22 июлда оғир аҳволда кўрган.
Асқаров вафотидан сўнг ГСИН маҳкумнинг даволанишдан бош тортгани, кислород ниқобини улоқтириб ташлаганини иддао қилган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Аида Байжуманова маҳкумнинг 11 июлда ёзган охирги мактубини эълон қилади. Унда Асқаров яшашни хоҳлашини, сиёсат билан қизиқишини, унга китоблар келтиришларини сўраб ёзган эди.
Асқаровнинг ўлимига доир тергов ишлари деярли бир йил давом этди. Натижада ГСИН раҳбарияти Асқаровнинг COVID-19 асоратидан вафот этганини тан олиб, унга нисбатан турмада ёмон муносабатда бўлганлик ҳолатларини рад этди. Раҳбарият мамлакатдаги оғир эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, маҳбуснинг ўлими учун жавобгарликни зиммасига ололмаслигини таъкидлаган.
«Бир Дуйно» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ушбу қарор ноқонуний эканини Бишкек шаҳри Свердлов туман судида исботлай олди. Шу йил август ойи охирида Свердлов туман суди Асқаров ўлимига доир тергов ишини қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Бир Дуйно» 2021 йил ёзида президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Қирғизистон жанубида юз берган воқеаларнинг навбатдаги йиллик санаси боис Азимжон Асқаровни ўлимидан кейин бўлса ҳам реабилитация қилинишини сўраган эди.