Ўзбекистоннинг иккита вилоятида карантин чоралари юмшатилди

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 3 августдан бошлаб карантин чоралари юмшатилди. Мазкур вилоятларда кийим-кечак, озиқ-овқат бозорлари, қурилиш моллари савдо мажмуалари, гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат берилди.

«ЎзА» хабарига кўра, Фарғона вилоятида болалар боғчалари очилиши мумкин. Лекин боғча гуруҳларидаги болаларнинг сони 15 тадан бўлиши керак. Боғчаларнинг барча хоналари мунтазам равишда дезинфекция қилинади, уларнинг кириш жойларида дезинфекция гилами тўшалади, антисептиклар жойлаштирилади.

Гўзаллик салонлари ходимлари эса хусусий ҳимоя воситалари – тиббий халат, ниқоб ва қўлқопда бўлишлари шарт. Иш фаолияти «битта ходимга-битта мижоз» принципида уюштирилади. Шунингдек, кийим-кечак, озиқ-овқат, ҳайвон бозорларида эҳтиёт чоралари кўрилиши лозим.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси қарорига кўра, Қашқадарё вилоятида 3 августдан автомобиллар стикер рухсатномасисиз соат 7:00 дан 10:00 гача ва соат 18:00 дан 21:00 гача ишга бориш, дори-дармон ва озиқ-овқатлар сотиб олиш учун Қарши шаҳрига кириши ва чиқиши мумкин бўлади. Таксилар сони икки баробарга кўпайтирилган ва улар туну-кун ишлаши мумкин. Тиббий базавий билимга эга инсонлар Жамоат ишлари жамғармаси орқали дезинфекция ишларига жалб қилинади.

Қашқадар] вилоятидаги барча туман ва шаҳар ҳокимлари ва махсус комиссиянинг маҳаллий бўлинмалари раҳбарлари савдо ва қурилиш мажмуалари фоалиятига рухсат бериши ёки бермаслиги мумкин. Шунингдек, улар мустақил равишда эпидемиологик вазиятга қараб карантин чораларини юмшатишлари мумкин.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари яна кучайтирилди ва кейин чалик 15 августгача узайтирилди. Бутун мамлакат бўйлаб йирик савдо марказлари, ноозиқ-овқат бозорлари, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, спорт марказлари, болалар боғчалари, пансионат ва бошқа объектлар ёпилди. Шунингдек, кафе ва ресторанлар фаолияти ҳам чекланди ва фақат тайёр овқатлар етказиб бериш хизматлари фаолиятига чеклов қўйилмади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 4 августга келиб мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг сони 26 550 тага етган, улардан 17 652 нафар одам вирусдан тузалиб кетган, 161 та одам ўлган. Бугунги кунда 9127 нафар бемор COVID-19 дан даволанмоқда, жумладан улардан 927 нафари оғир аҳволда, 224 киши эса ўта оғир аҳволда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ