Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилоятида «Ҳизб ут-Таҳрир» гуруҳининг фаолиятига чек қўйилганини эълон қилди

Iiv.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилоятида Россия ва Ўзбекистонда тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти гуруҳининг фаолиятига чек қўйганини эълон қилди. Бу ҳақдаги хабар ИИВ сайтига жойлаштирилган.

Махсус операция май ойида бўлиб ўтган (сана ва қўлга олинганларнинг сонига аниқлик киритилмаган). Қўлга олинганлар муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан, бироқ аҳоли орасида «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини ва адабиётларини тарқатиш, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан “таҳрирчилар”ни жиноятга жалб қилиш орқали ташкилот сафини кенгайтиришга қаратилган хатти-ҳаракарларни содир этишган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда холислар иштирокида расмийлаштирилиб мусодара қилинган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда уларнинг Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган жиноий алоқаларини аниқлаш ва тергов ҳаракатларига жалб қилишга қаратилган суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари 2019 йил октябрда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилоти фаолиятида иштироки учун қамалиб чиққан шахсларни ҳибсга олган эди.

“Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилоти 1953 йилда арабистонлик илоҳиётчи Тақиюддин Набахоний томонидан тузилган. Унинг биринчи ғояси Фаластин ерларини Исроил зулмидан қутқариш бўлган. Кейинроқ эса Ислом ҳалифалигини қайта тиклаш дастурини кўтариб чиққан. Ташкилот фаолияти Россия, Германия, Хитой, Туркия, Покистон, Миср ва бошқа мамлакатларда тақиқланган.

Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистонда 1980-чи йилларда пайдо бўлган. Тошкентда 1999 йил 16 февраль куни бир қатор терактлар содир этилганида, расмийлар бу жиноятни ташкил этишда айнан шу ташкилотни айбладилар, ваҳоланки ҳаракат портлашларга алоқаси йўқлигини билдирган эди. Шундан сўнг ташкилот аъзоларини оммавий равишда таъқиб этишлар бошланиб кетди. Турли маълумотларга кўра, 2000 йиллар бошида Ўзбекистон қамоқхоналарида тўрт мингдан зиёд ташкилот аъзолари жазони ўтаганлар. Ўзбекистон Олий суди 2016 йилда “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг мамлакатдаги фаолиятини тақиқлаб қўйган.