Ҳиндистон ва Жанубий Кореяда қолиб кетган 390 нафар ўзбекистонлик фуқаролар Тошкентга қайтарилди

Facebook.com/uzairways.official саҳифасидани олинган фотосурат

Uzbekistan Airways компаниясининг иккита Boeing самолёти чегаралар коронавирус пандемияси муносабати билан ёпилиб қолгани боис Жанубий Корея ва Ҳиндистонда қолиб кетган 390 нафар ўзбекистонлик фуқарони Сеул ва Деҳлидан Тошкентга олиб келди. Бу ҳақда “Прайм” агентлиги Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги оператив штабга таяниб хабар беради.

“Бугун Uzbekistan Airways самолётлари Сеул ва Деҳлидан Тошкентга иккита махсус чартер рейсини амалга ошириб, жами 390 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтариб олиб келди”, — дейди компания вакили.

Тошкент – Сеул – Тошкент йўналиши бўйича 10 май куни парвоз қилиб келган HY-3595/HY-3596 чартер рейси Ўзбекистонга одамлардан ташқари инсонпарварлик ёрдами – қиймати 192 минг АҚШ доллари атрофида бўлган медицина жиҳозлари, автоматик механизм билан жиҳозланган кўп функцияли медицина кроватлари, антисептик ва дезинфекция воситалари, тиббий ниқоблар, иммунитетни кучайтирувчи озуқа қўшимчаларини олиб келди.

Ушбу рейс билан Ўзбекистондан Сеулга қирқдан зиёд одамлар етказиб қўйилди. Yonhap агентлиги маълумотига кўра, 10 май куни 34 нафар Жанубий Корея фуқароси, шунингдек, орасида АҚШ, Россия, Буюк Британия ва Франция фуқаролари бўлган тўққиз нафар чет эллик Ичхон аэропортига етиб келди.

Минск-Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилган махсус чартер рейс билан 9 май куни 150 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди, Бирлашган Араб Амирликларида қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб чиқиш учун 8 май куни чартер рейси ташкил этилди. Барча йўловчилар Тошкентга қайтиб келишлари билан республика махсус комиссияси томонидан белгиланган тегишли талабларга қатъий риоя қилиниши кўзда тутилган 14 кунлик карантинга жойлаштирилди.

Хорижий мамлакатларда қолиб кетган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш республика президентининг топшириғига биноан амалга оширилмоқда. Шавкат Мирзиёев 7 май куни видеоселектор йиғилишида хорижий мамлакатлар – Россия, Туркия, БАА ва бошқа мамлакатлардан 11 минг нафар фуқарони қайтариш режалари ҳақида гапирган эди. Шу билан бирга, у кўпчилик қайтаётганларда “коронавирус аниқланаётганини” қайд этиб ўтди.

Ўзбекистонда 10 май кечқурунги ҳолатига коронавирус юқтирилишининг 2418 та ҳолати қайд этилган. Жанубий Кореяда 10 874 киши коронавирусга чалинган ва 256 киши ўлган. Ҳиндистонда 63 минг киши касалланган, 2109 киши ўлган. Белоруссияда инфекция юқтириб олишининг 23 минг ҳолати тасдиқланган, 131 киши ҳаёт билан видолашган.