Ўзбекистонда Google ва Facebook серверлари жойлаштирилади

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳудудида Google, Яндекс ва Facebook серверларини жойлаштириш режалаштирилган. Kun.Uz нинг 21 февралги хабарига кўра, бу тўғрида республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров маълум қилган.

«Интернет хизматлари борасида дунёнинг энг йирик компаниялари билан ҳамкорликда кўплаб сервис ва сервер жиҳозини мослаштириш (локализация) ишларини амалга оширамиз», — деди Умаров. У бундай омил аудиоёзув, видео ва бошқа контентларни юклаш тезлигини ошириш имконини беришини таъкидлади.

Компаниялар вакиллари билан муҳокамалар бошланганига доир маълумот берилмаган. «Яндекс»нинг Ўзбекистон бўйича ҳудудий директори Евгений Лукьянчиков 2019 йил ноябрда компания сервисларни ўзбек тилига ўгириш ишларини бошлаганини маълум қилганди.

«Бундан бир йил олдин олдимизда сервисларни ишга тушириш вазифаси турганди, уларнинг айримлари қисман ўзбекчага ўгирилди. Ҳозирда 3,5 миллиондан иборат аудиоторияга эгамиз, русийзабон аудиоторияни эгаллаганмиз, деб ўйлайман, бундан кейин доирани кенгайтиришга ҳаракат қиламиз», — деганди у.

Олимжон Умаровнинг сўзларига кўра, республикада интернет тезлигини ошириш бўйича ишлар қилинмоқда. Аҳоли учун интернетнинг ўртача тезлиги 10 дан 100 Мбит/с.гача, ташкилотлар учун — 100 дан 1000 Мбит/сониягача бўлади. Лойиҳани амалга ошириш муддати айтилмаган. 2020 йил январь ойида Ўзбекистонда интернетнинг ўртача тезлиги 25,75 Мбит/c. бўлган. 2019 йил январидан бугунга қадар интернет тезлиги 2,4 баробарга оширилган ва бу соҳада республика дунё рейтингида 15 позицияга юқорига кўтарилган ( 104-ўрин). 2019 йил декабрда «Ўзбектелеком» компанияси мамлакат ташқи интернет каналининг ўтказувчанлик салоҳиятини 1200 Гбит/с бўлиб, бу кўрсатгич «барча провайдер ва операторлар талабини қониқтиришга етарли» эканини таъкидлаганди.