“Қурбонлар гипермаркетлар олдида, каршерингларда ўтирган ҳолда пойланади”

Россияда мигрантларга қарши кайфият нега кучайиб кетаётгани ҳақида
"МИР 24" ТЕЛЕКАНАЛИДАН КАДР

Март ойининг охирида Россия расмийлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларни ёпиб қўйиб, ишдан ҳоли ҳафтасини эълон қилдилар. Кейинроқ президент чеклов чоралари муддатини икки марта узайтирди. Бунинг оқибатида иқтисодиётнинг бутун бир соҳалари ҳаракатсизланиб, минглаб одамлар ишсиз қолдилар. Уларнинг орасида мигрантлар ҳам оз эмас. Ишни йўқотиб қўйганларидан ташқари ватанларига қайта олмасликлари уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб қўйди, негаки Марказий Осиё мамлакатлари ўз чегараларини ҳатто Россиядан ҳам олдин ёпиб қўйдилар.

“Қароқчиликка бошлайдиган йўл”

Тез орада Россия матбуоти ва ижтимоий тармоқлари ушбу вазиятга эътибор қарата бошлади. Юзага келган аҳволга билдирилган муносабатнинг энг кенг тарқалгани – бу даромад манбаидан маҳрум бўлган меҳнат мигрантлари ёппасига россияликларга ҳужум қилиб, уларнинг пуллари ва озиқ-овқатларини тортиб олишни бошлашлари борасидаги хавотирлар пайдо бўлди. Бундай материалларнинг одатий сарлавҳаларига эътибор беринг: “Кун масаласи: Ишламаётган мигрантлар нечоғлик хавфли?”, “Очлик, ўғирлик ва ўз жонига суиқасдлар: коронавирус мигрантларни қай аҳволга солиб қўйгани ҳақида”, “Москвадаги мигрантлар кадрлари: қора ниқоблар, катта гуруҳлар”, “Миллионлаб мигрантлар “коронавирус исёни” билан русларга таҳдид қилишмоқда”.

Айрим муаллифлар ўзлари ҳис этаётган таҳдидни қайд этишмоқда, бошқалари эса яқинлашиб келаётган алғов-далғовлар манзарасини анча тафсилотлар билан бойитишмоқда. “Ўрта Осиё мамлакатлари ўз ихтиёри билан уларни қайтариб олмасликлари аниқ ва равшан. Уларнинг кўпчилиги олдида биттагина оддий – қароқчиликка бошлайдиган йўл қолгани ҳам рост. Биз деярли 1917-1918 йилларда юзага келган вазиятдан бир-икки қадам берида турибмиз, холос. Ўша пайтдаги жиноятчилик ва анархия террорининг улкан қисмини ўзига хос “мигрантлар” уюштирган эди”, — дея ёзади публицист Дмитрий Ольшанский. У ўзининг мақоласида “мигрантобесие” (мигрантлар қутқуси) атамасидан фойдаланиб, “ўзгаларнинг Россияда дайдиб юришларига чек қўйишга” чақирмоқда.

Сиёсатшунос Илья Грашченков прогноз қилишича, чет эллик ишчилар орасида жиноятчилик даражаси ўсадиган бўлса, бундан унчалик катта бўлмаган шаҳарлар азият чекади, негаки бу ерларда мигрантлар “ўзларини анча эркинроқ ҳис этадилар ва кайфиятлари ҳам анча тажовузкор бўлиши мумкин”. Унга кўра, жиноятчилик тўлқини Москва ва бошқа йирик шаҳарлар учун таҳдид етказадиган даражасига кўтарилиш учун қандайдир вақт ўтиши керак. “Кичкина шаҳарларда эса юз нафар мигрантлар шартли равишда бирлашиб, битта тўдага тўпланишлари кифоя”, — дейди у.

Бу каби мақолаларда таърифланган сценарийларнинг бир қисми расмийларнинг ҳаракатсизлиги ва бепарволиги ёки уларнинг заифлигини тахмин қилади. Мисол учун, “Бандитский Петербург” сериалига асос бўлган романларнинг муаллифи Андрей Константинов ҳам бу каби тахминларни илгари сурмоқда. “Мисол тариқасида Петербургни оладиган бўлсак, бизда сони деярли бир миллионга яқинлашиб қолган ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар яшаяпти. Агар уларнинг пуллари ва ейдиган овқати қолмаса, улар қанчалик яхши бўлмасинлар, ўзларининг қоринларини ғамини қилишлари керак. Улар тиланчилик қилишни бошлайдилар, ўткинчиларнинг сумкаларини тортиб оладилар ва ўзларини тажовузкорона тутишлари мумкин. Миллион – бу Санкт-Петербургддаги жами полициячиларидан ҳам кўпроқ”, — дея билдирди у.

Ишчи-мигрантлар . Кадр "Мир 24" телеканалидан олинган кадр

Мигрантлар томонидан жиноятчиликнинг ўсиши борасидаги хавотирларни билдирганлар орасида йирик мулозимлар ҳам бор. Шундай таҳликаларнинг Уралда ҳам пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида президентнинг Урал Федерал округидаги мухтор вакили Николай Цуканов ҳам билдирди. “[Уралдаги мигрантларнинг сони] деярли ярим миллионга боради. Кўчада юрган мана бу ўзбекистонлик йигитларни кўряпсизми? Кимдир бу ерда қонуний жойлашган, бошқаси эса – йўқ. Ҳозир уларга биров маош бераётгани йўқ бўлса керак. Уларнинг ейдиган овқати йўқ – биз бунинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини тушунамиз”, — деди Цуканов.

Ушбу сюжетда олдиндан башорат қилинувчи фаолликни сиёсатчилар ва ўнг қанот оқимидаги фаоллар намоён этдилар. “Рус демократлари” ҳаракатининг раисдоши Сергей Григорьев Миллий-демократик партиясининг лидери Константин Крилов, петербурглик муниципал депутат Фёдор Грудин ҳамда бошқа нуфузли муаллифлар билан биргаликда петиция туздилар ҳамда мигрантлар жамланган жойларда коронавирус ўчоқлари мавжудлигини билдирдилар. Петицияда айтилишича, келгиндилар орасида ишсизлик даражасининг юқорига кўтарилиши натижасида “тўла кўламли криминал фалокат” келиб чиқиши мумкин экан. Муаммонинг ечими сифатида улар ишдан маҳрум бўлган мигрантларнинг ҳаммасини депорт қилишни, мигрантларни россияликларнинг ўртача маошидан кам бўлган ойликка қабул қилмасликни ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари билан виза тартибини жорий этишни таклиф этмоқдалар.

Москва Ижтимоий ва иқтисодий фанлар олий мактабининг профессори Владимир Малаховга кўра, мигрантларга қарши кайфиятдаги одамлар орасида иккита гуруҳни ажратиш мумкин – шундай кайфиятларни келтириб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар. Биринчи гуруҳ фаол ва иккинчиси – пассив. Биринчиси унчалик катта эмас. Булар идеологлар, миграциянинг зарарли эканлиги борасидаги ғояга муккасидан кетган одамлар бўлиб, моҳиятан улар мигрантларга нисбатан қўрқув – фобиянинг кўтариб юрувчилари бўлиб қолган. Ушбу ҳиссиёт уларнинг бутун вужудини қамраб олгани етмагандек, улар бу касалликни иложи борича кўпроқ одамларга юқтиришни истайдилар. Далил ва дастаклар йўлма-йўл тўпланиб борилади. Илгари бу маҳаллий аҳолининг иш жойларини тортиб олаётганлари ҳақидаги афсона бўлса, ҳозир бу коронавирусни айнан мигрантлар тарқатиб юрганлари ҳақидаги чўпчак бўлиб қолди. Мигрантлар билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик тўғрисидаги тезис ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу ривоят миграция феномени пайдо бўлгандан бери мавжуд, — дейди эксперт.

Унга кўра, иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви билан мигрантофобия ўртасида тўғридан-тўғри корреляция (ўзаробоғликлик) мавжуд эмас, бироқ аксилмигрантлик тарғиботининг даражаси билан тегишли кайфиятлар даражаси ўртасида фарқ бор. 2014 йилги иқтисодий инқироз пайтида чет эллик ишчиларга нисбатан ноҳушлик кайфиятининг пасайиши кузатилганди. “2013 йилда, Москва мэри сайловлари кампанияси бўлиб ўтаётганда аксилмигрантлик кайфияти энг авжига чиққан пайт эди. Ўшанда сайловга ўз номзодини қўйган ҳар бир иштирокчи “Москвани Ўрта Осиёнинг бир вилоятига айлантириб қўйган” келгиндиларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлишга чақириқларда ўзаро мусобақалашган эди. Ўшанда бутун матбуот машинаси айнан шу йўналишда ишлаган. Бир йил ўтиб эса, агар эсингизда бўлса, бутун диққат-эътибор Украинага қаратилиб, ҳаммаси эски ҳолига қайтган. Иш шунчаликка етиб бордики, ҳужжатларини расмийлаштирмаган мигрантларни ватанларига депорт қилиш керак деган одамларнинг улуши худди шу мигрантларга ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам бериш керак деган одамлар улуши билан тенглашиб қолган эди”, — дейди эксперт.

Аноним манбалар

Айрим оммавий ахборот воситаларида мигрантлар томонидан зўравонликлар содир этилиши истиқболлари башорат қилинган материаллар тасдиқланмаган ахборот ва аноним манбаларнинг гувоҳликларига таянган ҳолда тайёрланган. Мисол учун, Lenta.ru чоп этган материалда ҳикоя қилинишича, Мудофаа вазирлигининг икки юқори мансабдор мулозимларининг дала ҳовлиларини кимлардир тўнаб кетган. Матнда таъкидланишича, асосий фаразларга кўра, икки ҳолатда ҳам талон-тарожлик “карантин чекловлари туфайли ишсиз қолган гастарбайтерлар томонидан амалга оширган”. Ушбу фаразни ким илгари сураётгани ҳақида аниқлик киритилмаган. Материалда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлайдиган қандайдир манба ҳақида сўз юритилади, бироқ манба дала ҳовлилардаги тўнаш ҳолатларининг фақат биттасида бу ишни марказий осиёлик мигрантлар гумон қилинаётгани ҳақида гапириб ўтган. Шу билан бирга, мигрантлар нега гумонланаётгани ва улар карантин туфайли ишсиз қолганлари тўғрисидаги тахмин нималарга асосланаётгани ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Шунга қарамай, материал устидаги сарлавҳа қуйидагича кўринишга эга: “Мигрантлар кимга ишлаётган бўлсалар, ўшаларни тўнаяптилар”. Улар ишсиз қолиб, жиноятчиликка қўл урмоқдалар”. Мақолада экспертлардан бир нечтаси мигрантлар орасидаги жиноятчиликнинг ўсиши, улардан қандай қилиб ҳимояланиш борасида маслаҳатлар беришмоқда. Хусусан, қўл етадиган жойга болта ва паншахаларни қўйиш тавсия қилинмоқда. Эртаси куни Baza Telegram-канали дала ҳовлилардан бирини тўнаш иши бўйича биринчи гумонланувчининг қўлга олинганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг исми Иван экан.

Худди шунга ўхшаш аҳвол Москва вилоятидаги Дмитров шаҳрида содир бўлган муштлашув ҳақидаги янгилик атрофида юзага келган. “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги пабликлардан бирида, омбор мажмуасининг автомобиль турар жойдаги ишчилар ўртасидаги тўқнашувнинг видеоёзуви чоп этилган. Видеоёзув муаллифлари маълум қилишича, видеода ишдан ҳайдалган мигрантлар билан россиялик ишчилар ўртасида муштлашув содир бўлган. Бироқ тез орада корхона вакиллари ҳеч ким ишдан ҳайдалмагани ва муштлашув маиший характерга эга бўлганини маълум қилишган. Полиция ҳам ушбу инцидентни текширгани ҳақида маълум қилди. Уларнинг қайд этишича, можаро “осиё республикалари фуқаролар гуруҳлари орасида” содир бўлган, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ушбу можаро сабабидан бирорта ариза ёки тиббиёт муассасаларидан мурожаат келиб тушмаган. Шунга қарамай, оммавий ахборот воситалари можаро ҳақида миллатлараро тўқнашув содир бўлгандек хабар бердилар ва шу билан бирга, компания вакилларининг ва ички ишлар вазирлигининг шарҳларини маълум қилмадилар.

Ишчи-мигрантлар ётоқхонаси . Илья Варламов фотосурати, Varlamov.ru

Гарчи айрим медиалар воқеаларни нохолис ёки бўлмаса, бепарволик билан ёритаётган бўлсалар ҳам, ҳарқалай улар номига бўлса ҳам ахборот билан ишлашнинг қандайдир хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиб келадилар. Лекин ижтимоий тармоқларда вазият бутунлай бошқача. У ерда келгиндилар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг кўпайгани, ким ва қандай ҳолатда уларнинг қурбонига айланиб қолгани ҳақидаги маълумотлар жуда деганда аноним ИИВ ходимига таянган ҳолда осонгида қўйилаверади. Telegram мессенжеридаги оммавий каналлардан бирида қўйилган постда маълум қилинишича, гипермаркетлар ёнида каршеринг (ижарага олинган) автомобилларида ўтирган уч-тўрт нафар “меҳмонлардан” иборат “кузатув экипажлари” пайдо бўла бошлаган. Улар ўз қурбонларини ташқи кўринишларига ҳамда сотиб олган ҳаридларга қараб танлайдилар. Бордию, пабликлар ёки гуруҳларда чет элик фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида ишончли ахборот пайдо бўладиган бўлса, унинг остида “мигрантлар ваҳшийлашиб кетдилар” ёки “мигрантлар бошбошдоқликнинг учига чиқдилар” каби максимал даражада кескин характердаги шарҳлар қўйилади ва эпитетлар қўлланади. Шундай постлар остига қўйилган шарҳларда нафақат келгиндиларга нисбатан нафрат, балки уларни жазога тортишга қаратилган очиқ-ойдин чақариқларни ҳам учратиш мумкин.

Шу билан бирга, дейди Владимир Малахов, ижтимоий тармоқлардаги бу каби постларнинг самараси етарли даражада чекланган. “Менимча, ижтимоий тармоқлардаги постлар таъсирини давлат қошидаги оммавий ахборот воситаларининг таъсирига тенглаштириб бўлмайди. Уларни асосан тегишли фикрга эга бўлган фойдаланувчилар ўқийди. Улар фақат эмоционал жиҳатдан озуқаланадилар. Ваҳоланки, одамнинг ўзича фикр қилаётган нарса билан унинг ҳаракати ўртасида бевосита ришталар мавжуд эмас. Зўравонликка, жисмоний жазо беришга тайёрлик – алоҳида муҳитнинг, керак бўлса – субкультуранинг ёки (скинҳедлар ёки футбол ультрасига ўхшаш) бир неча субкультураларнинг” сифатидир. Улар, агар керак бўлса, доим ҳужум қилишга тайёрлар”.

Интеграция тақчиллиги

Мигрантлар атрофида вазият чиндан ҳам жиддийга ўхшаб кўринмоқда. Негаки, ҳатто чет эллик ишчилар билан бевосита ишлайдиган айрим мутахассислар ҳам жиноятчилик ўсишини кутаётганларини билдирмоқдалар. “Илгари улар масжидларга келиб ёрдам сўрашлари мумкин эди, бироқ ҳозир масжидлар ёпиб қўйилган... Прогноз қилиш қийин иш, бироқ мен тахмин қилишим мумкин. Аввалига супермаркет эшиги олдида озиқ-овқат солингин битта пакетни юлиб кетадилар, иккинчи куни эса – ўнта, учинчи куни эса – беш юзта. Ўсиш портлаш каби бўлади”, — дея билдирди Мигрантлар федерациясининг раиси Вадим Коженов. “Миграцияни ривожлантириш” (“Развитие миграции”) жамғармасининг раҳбари Гульзина Маматахунова эса ҳатто бунинг тахминий санасини ҳам айтди – май ойининг биринчи кунлари – ўшанда мигрантлар, унинг тахминига кўра, уй-уйларида ўтиришни бас қиладиларда ноиложликдан кўчага чиқадилар. Ўйлашимча, кўпи билан ўн кун ўтиб, Москвада тартибсизликлар бошланади. Менга қуйидаги мазмундаги хабарномалар келиб турибди: “агар бизга ёрдам бермасангиз, агар бизга ақалли маржумак (гречка), тухум ва ёғ, ҳар қандай арзон озиқ-овқат юбормасангиз, агар бизга давлат ёрдам бермаса, биз ўғирлик қилишга мажбур бўламиз, акс ҳолда очдан ўлиб кетамиз”, — дейди у.

Ҳуқуқ ҳимоячи Александр Брод ҳам зўравонлик авж олишининг олдини олиш мақсадида мигрантларни ишга жойлаштириш, даволаш ва турар жой масалаларини зудлик билан ҳал қилиш зарурати ҳақида билдирмоқда: “Пандемия саноатнинг кўплаб секторлари, шу жумладан, қурилиш сектори ишларини тўхтатишига олиб келди. Мигрантлар санитария меъёрларига риоя қилиб бўлмайдиган шароитларда – 10-15 кишидан, қуруқ нон билан сув истеъмол қилиб яшаяптилар. Бунинг хавфи эса коронавирусникидан қолишмайди”.

Вазият шунчалик кенг кўламда тус олдики, унга ҳатто расмий тузилмалар ҳам ўз муносабатларини билдиришига тўғри келди. Ички ишлар вазирлиги чет эллик фуқаролар томонидан жиноятчилик ўсиши кузатилмаётганини билдирди. Жиноятларнинг сони ўтган йилги даражадан юқори эмас, дея таъкидлаб ўтди полициянинг бош идораси. Москва шаҳар ҳокими Собянин ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқиш қилиб, пойтахтда мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик йилнинг дастлабки уч ойи давомида пасайганини билдирди.

Дмитрий Полетаев . Ecfor.ru сайти фотосурати

Бироқ бу каби баёнотлар, гарчи улар ўз вақтида эълон қилинишига қарамай, вазиятни тезда ўзгартириб, қўрқув қамраб олган кимсаларни хотиржам қила олмаса керак. Бундан аввал расмийлар мигрантлар билан комплекс тарзда иш олиб боришлари керак эди, дея ишончи комил Россия Фанлар академияси Халқ хўжалигини прогноз қилиш институтининг етакчи ходими Дмитрий Полетаев. “Бизда интеграциянинг комплекс тизими мавжуд эмас. Бизда учта интеграциявий унсурлар – мигрантлар фарзандлари учун мактабларда бепул таълим, бепул шошилинч медицина ёрдами ва бепул туғруқ хизмати мавжуд, аммо тизимнинг ўзи йўқ. Ўтган йили Москва мигрантларга патент сотиш ортидан 18 миллиард рубль даромад қилди, бироқ бу маблағдан интеграция учун қанча пул ажратилди? Ҳеч қанча ажратилгани йўқ. На аҳоли билан ишлаш учун ва на мигрантлар билан ишлаш учун бир тийин ҳам ажратилмади. Шунинг учун ҳам биринчи инқироз, биринчи ижтимоий таранглик пайдо бўлиши заҳоти ксенофобия юзага қалқиб чиқади”, — дея тушунтиради у.

Экспертга кўра, бу ксенофобия нафақат мигрантларга қарата йўналтирилиши мумкин. Мисол учун, айни пайтда Россия регионларида истиқомат қиладиган аҳоли москваликларни коронавирус инфекциясини тарқатиб юрувчилар дея ҳисоблаб, уларга нисбатан худди шундай ҳиссётларни намойиш этишмоқда. “Менимча, бу жуда ҳам ибратланарли ҳолат, негаки жамиятнинг ижтимоий матоси бир-бирига қўшиб тикиладиган, тенгсизлик бартараф этиладиган турли ижтимоий гуруҳлар тил топиша оладиган ҳеч қандай системали иш олиб борилаётгани йўқ. Ҳеч қанақа иш олиб борилмас экан, ксенофобия даражаси кўтарилиб бораверади”, — дея қайд этади Полетаев.

Нима қилмоқ керак?

Юзага келган муаммони қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида турлича таклифлар берилмоқда. Баъзилар ишсиз мигрантларни зудлик билан депортация қилиш, иккинчилари – улар учун санитария лагерларини ташкил этиш ва яна бошқалари эса ҳар бир чет эллик ишчига манзилли ёрдам кўрсатиш кераклиги ҳақидаги фикрини изҳор этишмоқда. Стратегик ташаббуслар агентлиги мигрантларга ишсизлик бўйича нафақа тайинлашга имконият яратиш учун уларнинг ҳуқуқини Россия фуқаролари билан вақтинча тенглаштиришни таклиф қилмоқда.

Владимир Малаховга кўра, юзага келган инқироз шароитида чала чоралар услубини қўллаб бўлмайди. “Бу муаммони кенгроқ контекстда кўтариб чиқиш лозим, яъни ҳукуматнинг кичик ва ўрта бизнесни қўллаш бўйича ҳаракатлари контекстида. Қандай ишчи-ходимларидан – маҳаллийми ёки мигрантларданми, фойдаланаётганларига қарамай”.

Очиқ-ойдин кўтариб чиқилаётган таклифлардан яна бири – мигрантларни олиб чиқиш учун транспорт коридорларини яратиш ёки уларни мамлакатнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослшан ҳудудлари – Волгоград, Воронеж вилоятларида ва Краснодар ўлкасида иш билан таъминлаш.

“Агар интеграция тизими ишлаганида, уларни текинга боқиш малол келган ҳолатда жамоатчилик ишларига ёлласа бўларди. Бироқ аслини олиб қарайдиган бўлсак, улар текинга боқилиш ҳуқуқини аллақачон қўлга киритиб бўлганлар. Улар бу ерда соғлиғини йўқотадиган аҳволда ишлаяптилар, шунга қарамай уларга муносиб иш ҳақи тўламайдилар ва агарда одам-соат бўйича ҳисобланадиган бўлса, улар россияликларга қараганда анча кўп ишлаяптилар”, — дея қайд этади Дмитрий Полетаев. Унга кўра, АҚШ буюк депрессияни бошидан кечираётган пайтда кўпчилик ишсизлар айнан жамоат ишлари туфайли жонларини сақлаб қолганлар.

“Бирорта чорасини кўриш керак, булар ҳам одамку ахир. Боз устига, бу йил Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланадиган бўляпти. Булар ўша бизнинг боболаримиз билан бирга фашистларга қарши жанг қилган одамларнинг набираларику. Демак, биз Ғалабани байрам қилаверамиз, бу одамлар эса бу ерда ночор аҳволда қолаверар эканда”, — дея хулоса қилади эксперт.

Егор Петров

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Тошкентда автомобиль эгалари тураргоҳни суд ажримисиз бериб қўйишмоқчи эмас

  • COVID-19 инфекцияси туфайли уч ой давомида ўзини ўзи яккалатишнинг қатъий тартиби ўзбекистонликларни нимага ўргатгани ҳақида