Менинг/Бизнинг ўсишимизга ҳали бор

Ҳозирги Ўзбекистонда блогерлар нималарга қодирлиги ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев ва блогерлар. Комил Алламжонов Телеграм-каналидан олинган фотосурат

Ўн йил бурун Россиянинг “Бизнес-журнали”да “Касперский лабораторияси”нинг директори Евгений Касперскийнинг мақоласи чоп этилган бўлиб, унда муаллиф Россия Федерациясидаги блогерларнинг ролини таърифлаб берган эди. “Блоглар ва блогерлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Президент ҳам ўзининг шахсий блогини юрита бошлаганида эса (ўша пайтда давлат раҳбари вазифасини Дмитрий Медведев бажараётган эди – “Фарғона” изоҳи) ҳатто давлат амалдорлари ҳам “блогерлар ҳам одам эканлигини” англаб етдилар”, — дея ёзган эди тадбиркор.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билишимизча, блоглар юритмаган ва ижтимоий тармоқларда шахсий аккаунтлар ҳам очмаган. Бироқ ўтган йили блогерлар билан бирга фотосуратга тушиб, Самарқандда ўтаётган “Шарқ тароналари” фестивалида уларга ўзи билан селфи олишга ижозат берган эди. Хўш деганда, давлат раҳбарининг ўзи мустақил журналистлар билан суҳбатлашишни ўзига эп кўрган бир пайтда барча миқёсдаги ҳокимлар ҳам мақолалари ва шарҳлари кенг жамоатчилик томонидан кузатиб борилаётган блогерларга эътибор қаратишлари лозим бўлиб қолади.

Блогерларнинг Шавкат Мирзиёев билан селфига тушаётгани. Xushnudbek.uz саҳифасидан олинган фотосурат

Ҳар ҳолда, Ўзбекистондаги таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиев таърифлаганидек, ушбу тарихий фотосурат олингунга қадар ҳам Тармоқдаги шахсий хабарлар муаллифларига нафақат ўқувчилар, балки расмийлар ҳам эътибор бера бошлагандилар. Икки-уч йил аввал Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларида чоп этилаётган хабар ва мақолалар кучая бошлади ҳамда янгиликлар учун бирламчи манбаларга, суриштирув ва текширувлар ҳамда парламент депутатлари ва мутасаддиларга сўровлар юбориш учун сабабга айлана бошлади.

“Потребитель.уз” Telegram-каналининг маъмурлари 9 март куни сўров ўтказиб, ўзбекистонликлар янгиликларни кўпроқ қайси манбалардан ўқишларини аниқлашга уриниб кўрди. Респондентларнинг аксарияти (сўровда қатнашганлардан 385 нафари) кун тартибидаги ахборотни ижтимоий тармоқлардан олишлари маълум бўлди. Мазкур вариант катта оралиқ масофа билан етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўринни – Telegram-каналлари (262) эгаллаб, интернет оммавий ахборот воситаларидан бироз олдинга ўтиб кетган (235). Телевидени ҳатто 50 та ҳам овоз ололгани йўқ, босма матбуот – газета ва радиолар эса ўнта ҳам овоз тўплай олмади.

Ўзбекистондаги хусусий ТВ каналлари кўнгилочар дастурлар, турк сериаллари ҳамда спорт кўрсатувларини намойиши эвазига сув бетида чўкмай қолаётган бўлса, давлат телевидениеси кескин тарзда ўз томошабинларини йўқотиб бормоқда. Мисол тариқасида яқиндагина содир бўлган авария – телевидение кўрсатувларининг деярли бир соат давомида эфирдан узилиб қолганини деярли ҳеч ким сезгани ҳам, билгани ҳам йўқ.

Оммавий ахборот воситаларидан ҳам суюклироқ

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Ташкент-Снос” гуруҳининг маъмури Фарида Шарифуллина ҳамда Altman News Telegram-каналининг олиб борувчиси Кирилл Альтман “Фарғона” ахборот агентлиги билан бугунги Ўзбекистондаги блогерларнинг роли ҳақида ўз нуқтаи назарлари билан ўртоқлашдилар.

— Бугунги Ўзбекистонда блогерларнинг роли нечоғли кучга эга? Расмийлар уларга эътибор берадиларми?

Фарида Шарифуллина: Менимча, бугунги Ўзбекистонда блогерларнинг роли жуда кучли, оммавий ахборот воситаларидан анча кучлироқ, чунки айлансанг ҳам, ўргилсанг ҳам блогерлар халқ оғзидан чиқаётган овоз бўлиб қолган. Блогерлар ҳар доим воқеалар содир бўлаётган жойнинг бевосита иштирокчилари бўлиб чиқади. Ҳар қандай одам қандайдир хавотирли ёки ажабланарли вазиятга тушиб қолса ёки кузатувчиси бўлса, ўша заҳотиёт содир бўлаётган воқеа ёки ҳодисанинг фотосуратини ёки видеотасвирини Интернет тармоғида чоп этиш ва унга ўзининг шарҳини илова қилиши мумкин. Тармоқнинг ўзида ўша заҳоти ахборотни шарҳлаш ва тарқатиш имконияти мавжуд. Блогер қандайдир қоида ва шартларга боғланиб қолмаган. Журналистдан фарқли ўлароқ у истаган нарсани ва энг муҳими – ўзи хоҳлаганидек ёзиши мумкин. Шунингдек, у журналистдан фарқли ўлароқ ўзининг шахсий фикрини ва ҳиссиётларини изҳор эта олади. Ҳиссиётларнинг таъсири эса одатда наштардек ўткир бўлади. Блогер, шунингдек, журналистдан фарқли ўлароқ хабарни қандайдир қолип ёки шаклга солиш мажбуриятидан мосуво, ўз тилида тезкор ҳаракат қилиши мумкин. Блогерлар кўп ҳолларда ҳокимият вакиллари учун салбий резонанс келтириб чиқарганлари боис расмийлар уларга эътибор беришга мажбур бўладилар. Бундан ташқари, муаллифларнинг аксарияти блог юритишлари ортидан ҳеч қандай даромад кўрмайдилар, шунинг учун ҳам уларни кимларгадир сотилган деган айбловни қўйиш жуда ҳам қийин.

Кирилл Альтман: Блогерлар, журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг бошқа кўплаб ходимлари бугунги Ўзбекистонда ҳаракатланувчи кучга айланиб қолди. Расмийлар ҳар доим ҳам уларнинг ёзганларини ўз ҳаракатлари режасига қўшиб қўлламайдилар, аммо юз фоизга ишончим комилки, улар блогерларни доим мониторингдан ўтказиб, фаолиятларини таҳлил қилиб боришади. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг ишига юқори баҳо сифатида малакаланиши мумкин.

Касбми ёки севимли машғулот?

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида блогер – даромад келтирадиган касб, фаолият турларидан бири саналади. Баъзи Instagram ва YouTube аккаунтлари эгаларининг даромади олтита ноль билан бирга келадиган рақамлар билан ҳисобланади (доллар ёки еврода). Мисол учун, Forbes маълумотига кўра, YouTube каналида даромадлар бўйича етакчилик қилаётган ва ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган америкалик Райан Кажи 2019 йилда ўз ҳисоб рақамини 26 миллион долларга тўлдирди. Ўзбек блогерларининг рейтингини ҳозирча ҳеч ким тузгани йўқ, бироқ реклама берувчилар оммабоп майдончалардан фаол фойдаланаётганлари маълум. Мисол учун, Хушнудбек Худойбердиев ўтган йили ўзининг Telegram-каналида рекламадан тушган пулларнинг ҳаммасини кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари учун шартнома тўловларига йўналтиришини эълон қилган. Пировардида, блогер олтмишдан зиёд талабаларга моддий ёрдам кўрсатган. Узнет хостингидаги даромадларни жаҳон ёки ҳатто Россиядаги даромадлар билан қиёслаб бўлмайди, бироқ Хушнудбекнинг амалга оширган акцияси Тармоқда пул ишлаш имконияти мавжудлигини кўрсатиб қўйди. Ана шу воқеадан кейин Давлат солиқ қўмитаси ўз аккаунтларида рекламаларга жой бераётган блогерларнинг даромадларини аниқлашга уриниб кўрди. Иш шунга етиб бордики, Давлат солиқ қўмитасининг ходимлари 300 минг кишилик аудиторияга эга бўлган Азиз Ашурбавнинг шахсий телефонини олиб қўйиб, унинг Instagram саҳифасидаги калит сўзни (пароль) ўзгартириб қўйдилар. Бироқ оқибатда блогерга тазйиқ ўтказган ходимларни ишдан ҳайдадилар, давлат солиқ қўмитаси эса “мустақил муаллифларни” тинч қўйишга қарор қилди.

Кирилл Альтман. Шахсий архивдан олинган фотосурат

— Сиз учун блогерлик суюкли машғулотми ёки даромад келтирадиган касб-ҳунарми ?

Ф.Ш.: Шахсан мен учун блог – бу хобби, севимли машғулот бўлиб, сўнгги пайтларда ҳақиқий ишга айланиб кетди ва бунга жуда кўп вақтимни ва кучимни сарфлашга тўғри келмоқда. Бироқ менинг блогерлик фаолиятим касб ёки ҳунарга айлангани йўқ, негаки бу иш менга ҳеч қандай даромад келтирмаяпти. Бизнинг гуруҳда ҳар қандай реклама қатъий тақиқлаб қўйилган ва ҳеч қанақанги пуллик хизматлар кўрсатилмайди. Грантлар ҳам олмаяпмиз.

К.А.: Ўзимни блогердан кўра кўпроқ журналист деб аташни афзал кўраман.

Блогерлар қонундан ташқарида

Россияда блогерлар 2014 йилда қонунлаштирилган. Бир кеча-кундузда уч мингдан зиёл фойдаланувчилар кириб-чиқадиган интернет-ресурс эгаларини Роскомнадзорда рўйхатдан ўтишга мажбурладилар. Амалда, ижтимоий тармоқларда кенг танилган муаллифларни оммавий ахборот воситалари билан тенглаштириб қўйдилар ва уларга нисбатан тегишли чекловларни қўллай бошладилар. Мисол учун, энди улар текширилмаган хабарни чоп этмасликлари, шахсга оид маълумотларнинг ошкор бўлиб кетмаслиги борасида қайғуришлари ва бошқа нарсалар устида бош қотиришлари керак бўлиб қолди. Назорат идораси шу билан бирга фаол блогерларнинг реестрини юрита бошлади ва уч йил давомида шунақанги блогерлардан уч минтгасини аниқлади (ҳолбуки, мустақил экспертларга кўра, бунақа блогерлар бу рақамлардан анча кўпроқ). Аммо 2017 йилда “Блогерлар тўғрисида” қонун ўз кучини йўқотди.

Ўзбекистонда ҳам ўтган йили Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қонунчилик актига “блогер” тушунчасини киритишни ҳамда интернет муаллифларининг ҳуқуқларини журналистлар билан тенглаштириб қўйишни таклиф қилди (журналистик текширувларини ўтказиш, расмийларга сўровномалар юбориш ва ҳоказо). Шу билан бирга, Россия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қонун блогерларнинг фаолиятига баъзи чекловларни киритишни ҳам кўзда тутган бўлиши керак, деган хулосага келиш мумкин. Таклиф киритилганидан бери анча вақт ўтганига қарамай, оқибатда ҳужжат тасдиғидан ўтгани йўқ.

— Блогер тушунчасини қонунчиликка киритиш керакми ёки бу уларнинг эркинлини чеклаб қўядими? Балки аксинча, бу уларнинг ҳуқуқларини кенгайтириб қўйиши мумкиндир?

Ф.Ш.: Менимча, Ўзбекистонда блогерларни қонунчилик доирасига киритиш керак эмас, негаки бу иш амалга оширилса, уларнинг эркинлиги чекланиб қолади. Уларнинг ҳуқуқлари кенгайиб қолиши ҳам даргумон. Ўйлашимча, блогерлар фаолиятини тартибга солиш учун қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган оддий қоидаларнинг ўзи кифоя қилади. Мен туҳмат маълумотларни тарқатиш, кимгадир ёки нимагадир нисбатан зўрлик ишлатишга чақириқлар, шунингдек, турли ҳилдаги ўзаро низоларни келтириб чиқаришларга даъватларни тақиқлаш каби меъёрларни назарда тутмоқдаман.

К.А.: Мен англаб етишимча, оммавий ахборот воситаларининг ишлари билан алоқадор тузилмалар бу иш билан шуғулланмоқдалар. Мен бу нарса кимнидир нимададир чеклаб қўйишига ишончим комил эмас. Эҳтимол ишни анчагина пухталик ва зукколик билан бажаришлари мумкин.

Калтаклашяпти дегани нимани англатади?

“Чиж и К” гуруҳининг композициясида куйланганидек, “ҳақиқатни севганлар ўз юртидан қувилар экан”. Ушбу иборада блогерлар учун ноҳушликлар ўрин олган. Ўзбекистонда блогерларни қанақанги аҳволларга солишмаган. 2018 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир пайтнинг ўзида ижтимоий тармоқларда диний мавзуда ёзадиган ўнлаб фаол блогерларни ҳибсга олди. Уларни 15 суткалик маъмурий қамоқдан сўнг қўйиб юбордилар ва шу билан бирга баъзиларининг соқолларини мажбуран қирдириб ташладилар.

Блогер Отабек Нуритдинов. Upl.uz сайти фотосурати

Сўнги воқелардан қулоққа энг кўп чалингани Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Жўрабек Қимизовнинг ҳибсга олиниши бўлди. Унга нисбатан фирибгарликда айблов эълон қилдилар, бироқ унинг рафиқасига кўра, ҳибсга олишнинг ҳақиқий сабаби – блогер томонидан ижтимоий тармоқларда маҳаллий ҳокимият вакилларига нисбатан танқидий мақоланинг чоп этилиши бўлди.

Блогерларни калтаклаш ҳолатлари ҳам кўпчиликка маълум. Мисол учун, худди шундай воқеа Самарқандда содир этилаётган фирибгарликлар тўғрисидаги материалларни ошкор қилган тошкентлик Отабек Жўраев ҳамда Андижон вилоятида масжид ёнида спиртли ичимликлар дўкони очилганини танқид қилган блогер Отабек Нуритдинов билан содир бўлди. Баъзида ҳақиқатсеварларга расмийлар таҳдид қила бошлайдилар. Шу билан бирга, баъзи ҳаёсиз ҳокимлар кўпчилик олдида ҳам блогерларни ҳақорат қилишдан уялмайдилар.

— Бугунги кунда кўпчилик ўзбекистонликлар ўткир мавзуларни муҳокамага кўтариб чиқишдан ҳамда расмийларни танқид қилишдан қўрқмай қўйдилар. Мана сиз, сўз эркинлиги ҳуқуқига эга бўлган блогер сифатида, инсон сифатида ўзингизни нечоғлик бехавотир сезасиз?

Ф.Ш.: Ўзбекистонликлар орасида турли тоифадаги одамлар бор, уларнинг баъзилари ўткир мавзуларни кўтаришдан, расмийларни танқид қилишдан қўрқмайдилар, бошқалари эса ҳамон қўрқув остида яшамоқда. Ўзимни нечоғлиқ хавфсизликда деб ҳис қиламан? Албатта... нисбатан олиб қараганда. Менинг ўғлим билан содир бўлган воқеани ибратланарли деса бўлади. Олти сониядаёқ истаган нарсаларини қилишлари мумкин. Шахсан менга нисбатан фақат виртуал чоралар қўллаб келадилар: Facebook ижтимоий тармоғида мени Экология давлат қўмитаси ва Саида Мирзиёеванинг саҳифаларида блоклаб қўйишган (ўша пайтда у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига раҳбарлик қилган, ҳозир унга нисбатан қизиқишлар камайди). Тошкент ҳокимияти ҳам мени ўзининг фуқаролар шикоятларига бағишланган гуруҳида блоклаб қўйган. Вақти-вақти билан мени Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳам ўз саҳифасида блоклаб туради.

К.А.: Шу бугунги кунгача на бизнинг лойиҳага нисбатан ва на шахсан ўзимга нисбатан заррача таҳдидларни сезмадим. Бундан кейин ҳам шунда бўлиб қолади, дея умид қиламан.

Сўзга эркинлик!

Суҳбатимиз ниҳоясида биз суҳбатдошларимиздан Ўзбекистондаги сўз эркинлигига ўн балли шкала бўйича баҳо беришни сўрадик..

Ф.Ш.: Мен бугунги Ўзбекистонда сўз эркинлигини ўн балли шкала бўйича беш-олтига баҳолаган бўлардим. Айни пайтда сўз эркинлиги атрофидаги вазият [Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом] Каримов даврига нисбатан шубҳасиз анча эркинроқ. Ўзбекистон матбуоти бугун ўзини анча анча эркин ҳис этмоқда. Кўплаб ўткир мавзулар ва сюжетлар кўтарилмоқда. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари [журналистларни бирёқлама қилишга ваъда қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир] Ортиқхўжаевнинг “олти сониялик” таҳдидини эътиборсиз қолдирдилар. Блогер Шабнам Оллошукуровани жиннихонага тиқиб қўйилиши, Андижонда ва бошқа вилоятларда блогерларни ҳибсга олишлар, хоразмлик журналистнинг ҳалок бўлиши ҳамда уни машинасида уриб кетган автомобиль ҳайдовчисининг қамоқдан озод қилиниши – буларнинг ҳаммаси кишини хавотирга солмоқда.

К.А.: Ҳозирги фурсатда гап етти бал ҳақида кетмоқда. Бизнинг ўсишимизга ҳали бор.

Азиз Якубов