Алламжонов ва Мирзиёева жамоат фондини бошқаради

Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов. @massmediauz телеграм-канали фотосурати

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик кенгашига раис, Саида Мирзиёева унинг ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар беради мазкур нодавлат ташкилотининг Telegram-канали.

2020 йил 31 январь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди муассислари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамоат фонди Васийлик кенгаши таркиби шакллантирилди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди 22 январь куни Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Фонднинг «Фарғона»га хабар беришича, «давлат улушига эга бўлмаган ННТ ёш журналистлар, блогерлар, пиарчилар ва маркетологлар ташаббуси билан тузилган».

Фонднинг асосий мақсади — оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кўмак бериш, мамлакатда сўз эркинлигини мустаҳкамлашда жамоатчилик институтининг ролини оширишдан иборат.

Шунингдек, фондда журналист, блогер, матбуот котибларининг малакасини ошириш бўйича мунтазам семинарлар ўтказиб борилади. ОАВда сўз эркинлиги билан боғлиқ қонунчиликни мукаммаллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш, масс-медиа учун грантларни жалб этиш ишлари ҳам фонд томонидан олиб борилади.

Алламжонов ва Мирзиёева 29 январь куни АОКАдан ишдан бўшаганди. Агентлик раҳбарлари ишдан кетишини бундан буён нодавлат секторида фаолият юритиш билан изоҳлагандилар.

АОКА директори вазифасини бажарувчиси этиб Дилшод Саиджонов тайинланди. У бунга қадар Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ