Тоғни қулатган авлиё

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, еттинчи очерк. Чўпон ота ва оралиқ ортидаги ерлар
Чилонзорнинг 13-кварталида жойлашган Чўпон ота мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламиз сирли Чўпон отанинг қаҳрамононликлари ҳақида ҳикоя қилади. Унинг деярли илоҳий кучга эга бўлгани ҳақидаги ривоятлар халқ хотирасида муҳрланиб қолган.

Кароматгўйми ёки биолокатор воситасида сув изловчими?

Замонавий Тошкентда Ислом ривожи учун жон куйдирган афсонавий риёзиётчилар номи билан боғлиқ қадамжолар ҳамма вақт ҳам шаҳарнинг тарихий марказидаги меъморий ёдгорликлар орасида ўрин олмаган. Баъзида уларни сўнгги эллик йил ичида шаҳарни қуршаб олган зич халқага менгзаган ётоқ мавзелари дея аталувчи типовой кўпқаватли бинолар орасида ҳам учратиш мумкин.

Чўпонота мақбараси ҳам шунақанги қадамжолар орасидан ўрин олган. У Фарҳод бозоридан яёв юрилса беш дақиқали йўлда, Чилонзор тураржой массивининг 13-кварталида жойлашган бўлиб, халқ ривоятларидаги мўъжизавий воқеалардан бирининг намунавий ёдгорлиги бўлиб қолган. Маҳаллий ривоятларга кўра, қачонлардир авлиё Чўпонота ўзининг асоси (ҳассаси) билан ерга уриб, шифобахш сувли булоқ чиқарган ҳамда одамларни ва ҳайвонларнинг чанқоғини қондирган. Кейинроқ бу ерда ўрмон ёнғоғидан иборат дарахтзор пайдо бўлган. Бир вақтлар бу манзилда савдогарларнинг карвонлари тўхтаб ором олганлар, дунё кезган дарвешлар қўним топган эканлар.

Чилонзорнинг 13-кварталида жойлашган Чўпон ота мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ривоятда Марказий Осиёда кенг тарқалган ҳолат: Ислом тарқалишидан анча олдин бутпарастларга ибодатхона бўлиб хизмат қилган жой кейинчалик мусулмон авлиёсининг мозорига ёки муқаддас қадамжога айлангани тўғрисида ҳикоя қилинади. Чўпонотадан уч чақирим шимолда қўҳна Оқтепа қалъасининг вайроналари бор, у милоднинг бешинчи асридан еттинчи асригача Шош воҳасидаги оташпарастларнинг бош ибодатхонаси бўлиб хизмат қилган эди.

Археолог Галина Пугаченкинага кўра, Оқтепада ўлаётган ва қайта тирилаётган илоҳ – Сиёвуш динига эътиқод қиладиган ибодатхона бўлган. Араблар Мавороуннаҳрни фатҳ этганларидан сўнг VIII асрда мушрикларнинг ибодатхонаси бутунлай вайрон қилиниб, мусулмонлар томонидан ҳаром қилиб қўйилди ва бора-бора унинг вайроналари кимсасиз тупроқ тепалигига айланиб қолди. Лекин унинг яқинидаги муқаддас дарахтзор ва чашма кейинроқ халқ эътқодидаги қадамжога мослаштирилди. Бу ишлар Мусо алайҳисалом кўрсатган мўъжизаларга жуда ҳам ўхшаган каромат тўғрисидаги ривоят туфайли амалга оширилди.

Умуман олганда, авлиё Чўпонота биолокатор воситасида ер ости сувларини излаш кўникмаларига эга бўлган бўлиши эҳтимоли мавжудлигини инобатга олиб, унинг булоқ кўзини очгани тўғрисидаги ривоят ҳақиқат, дея тахмин қилиш мумкин.

Бу каби кўникмалар кўп ҳолларда чуқур тақво билан бирга дунёвий билимларни ҳам мукаммал эгаллаган ҳамда турли амалий қобилиятларга эга тавассуф тариқати пири-муршидларида учраб турган.

Чилонзордаги ер ости сувлари бугунги кунда ҳам ер юзига яқин қатламларда жойлашган бўлиб, ер ости коммуникацияларини ётқизиш ишларини жиддий тарзда қийинлаштириб келмоқда. Қудратли ўрмон ёнғоқларидан иборат дарахтзор эса Чўпонота мозори атрофида ХХ асрнинг 70-чи йилларигача ҳам турган. Ўшанда, 1966 йилги Тошкент ер ости силкинишларидан сўнг бу мавзеда зилзилага бардош берувчи кўпқаватли бинолар қурилган эди.

Чўпонлар пири

Тошкентдаги меъморий ёдгорликлар орасидаги жажжи Чўпонота мақбараси ғишт терилган ажабтовур декори билан ажралиб туради. Археологлар иншоот XVIII асрга тааллуқли деб ҳисоблайдилар, холбуки у қадимгироқ пойдевор устига қурилган деган эҳтимол мавжуд. Халқ ривоятларида айтилишича, биринчи Чўпонота мақбараси бу ерда XV асрда Самарқанд ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг фармойишига мувофиқ барпо этилган. Авлиёнинг ҳақиқий мозори, яъни дафн этилган қабри Самарқандни ўраб турган адирлардан бирининг тепасида жойлашган. Ривоятларга кўра, авлиё шаҳарни душманлар ҳужумларидан сақлаб қолган экан. Айтилишича, Чўпонота мусулмонларнинг ноласини эшитиб қолиб, бир зумда қўлида бутун бир тоғни кўтариб Шомдан (Суриядан) учиб келган ва ғаним қўшинлари устига шу тоғни ташлаб юборган. Натижада босқинчилик ҳужуми тўхтаган. Ушбу ғаройиб ҳодисадан сўнг юзлаб йиллар ўтгач, маърифатли ҳукмдор Мирзо Улуғбек Чўпонотанинг Тошкент ёнида кўрсатган бошқа каромати ҳақида эшитиб қолган ва бундан жуда ажабланиб, катта таассурот остида қолган ва шундан кейин қадамжо мақбарасини қуриш учун қурилиш материаллари юкланган туялар карвонини Тошкентга жўнатишга буйруқ берган.

Чўпон ота мақбарасидаги сағана. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Эҳтимол, Тошкентга уч марта – 1416, 1419 ва 1425 йилларда келиб кетган Мирзо Улуғбек ўз вақтида Тошкент яқинида авлиё Зангиота мақбарасини қурилишини бошлаган буюк бобоси, Соҳибқирон Темурга тақлид қилган ҳолда ушбу қарорни қабул қилган бўлиши мумкин.

Тарихий хрониканинг гувоҳлик беришича, Самарқандлик ёш ҳукмдорнинг мўғулистонлик хонлар оиласидан бўлган Тошкент киборлари билан муносабати худди буюк бобокалони каби унчалик яхши эмасди. Шунинг учун Улуғбек сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳолда оддий фуқаролар ва мусулмон уламоларининг меҳрини қозониш учун Чўпонота мақбарасини қурдирган бўлиши мумкин. Авлиёлар Чўпонота ҳам, Зангиота ҳам қўйчивонларнинг ҳомийлари саналади ва бундан ташқари, улар деярли замондош ҳам эдилар. Ҳолбуки, уларга эътиқод қилиш амалиёти исломгача бўлган даврнинг халқ афсоналари унсурларини ўз таркибига қўшиб олгани очиқ ва равшан.

Бироқ афсоналарда авлиё Чўпонотани яна Тўрғай деб ҳам аташади, афтидан бу исм унинг келиб чиқиши Олтой ўлкасига ёки жунгарларга бориб тақалишига ишора қилаётганга ўхшайди.

Халқ ривоятларида таъмин қилинишича, Чўпонота 1185-1275 йилларда яшаган. У пайтда, яъни ўрта асрларда Чилонзор шаҳар деворларидан анча ташқарида эди. Бу ер ботқоқли паст текислик бўлиб, кўчманчилик ёки ярим ўтроқ турмуш тарзи билан ҳаёт кечираётган туркий қабилаларнинг чорвасини ўтлатиб юриш учун яйлов сифатида хизмат қиларди.

Чилонзорнинг 13-кварталидаги замонавий Чўпонота масжиди. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тарихчилар хулосасига кўра, бизнинг кунларгача сақланиб келган мақбара биноси қурилган XVIII асрга келиб бу ердаги маҳаллий манзара ва турмуш тарзи деярли ўзгармаган эди.

Шундай қилиб, мақбарада XIII асрда вафот этган мусулмон авлиёсининг жасади дафн этилган, дея таъкидлашга ҳозирги замон олимлари ҳам ботина олмаяптилар. Бордию, мақбарада кўрсатилган ҳаёт йиллари ҳижрий сана билан ҳисобланадиган бўлса, унда ёдгорлик афсонавий персонажга эмас, балки кейинги даврларда яшаб вафот этган реал одамга қўйилган бўлиб чиқади. Ўша пайтларда Чилонзор шаҳар таркибига кирмаган бўлса ҳам, қишлоқ хўжалиги йўналишида фаол ўзлаштирилаётган ҳудудга айланган эди. Шаҳардаги қўҳна Бешёғоч даҳасининг аҳолиси бу ердаги пастликда ўзларининг мавзеларини – шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлилари ва томорқаларини жойлаштириб, уларда сабзавот ва полиз экинларини етиштириш билан шуғулланишар ва янги боғларни барпо этишарди.

Ўшандаёқ ботқоқликлардан сувни қочириб қуритиш ҳамда суғориш каналлари ва ариқларни ётқизиш ишлари бошланган эди. Эҳтимол ўша пайтда мақбара қандайдир маҳаллий бой – заминдор ва ирригациявий иншоотлари бошқарувчисининг оилавий даҳмасига айланиб қолган бўлиши мумкин. Бироқ оғзаки ривоятларда унинг исми сақланиб қолмаган (Тўрғай?) ва эҳтимол кейинчалик халқ афсоналари қадамжони кенг омма ичида танилган авлиё Чўпонота номи билан боғлаган бўлишларини тахмин қилиш мумкин. Мақбара ичкарисида анъанавий сағана устига яшил ёпилган мармар қабртош жойлашган. Авлиёлар мозорлари устига давлатманд зиёратчилар ёки маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан хайрия қилинган маблағ эвазига қалин ва қимматбаҳо газламалардан тикилган чойшаб билан ёпиш удуми Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам кенг тарқалган.

Номаълум байроқдор

Тошкент ва унинг атрофидаги кўплаб қадамжолар бугунги кунда аниқ тарихий сабабларини аниқлаш жуда қийин бўлган афсоналар билан боғлиқ, негаки, улар ҳақидаги маълумотлар аввали-бошдан ёзма манбалардан эмас, балки оғзаки анъанавий ривоятлардан олинган.

Мисол учун, қўҳна Оқтепа қалъасидан бир чақирим шарқ томонда жойлашган Камолон қабристонидаги Хўжа Аламбардор мақбараси ривоятларга қараганда Х асрда вафот этган авлиёга бағишланган. Ҳаётлик чоғида у машҳур Абу Бакр Қаффол Шошийнинг сафдоши бўлган. Бироқ уч аср олдин пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) саҳобаларидан бири ҳам Аламбардор номи билан танилган эди. Бугунги кунда тарихчилар бу мақбарада айнан ким дафн этилгани борасида бирор нарса дейишга қийналишмоқда. Боз устига, тадқиқотлардан маълум бўлишича, мақбара анча қадимгироқ қабрлар устида нисбатан яқин вақтда — XIX аср бошларида қурилган.

Камолон қабристонидаги Хўжа Аламбардор мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Марказий Осиёда қадамжолар билан боғлиқ афсона ва ривоятлар умуман олганда, ўзига хос культурологик майдонга эга. Бунда вақтлар, исмлар ва воқеалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик кўп ҳолларда мутлақо рамзий характерга эга бўлиб, доим ҳам тарихий хронология ва топография мос келавермайди. Бизнинг кунларгача оғзаки ривоятларда мифологик онг устун келаётгани боис, қачонлардир қадамжоликка танланган жой кейинига халқ хотирасидан кўтарилмай қолар экан.

Баъзи ўлкашунослар Чилонзор турар мавзесининг номи қадимги қўлёзмаларни кўчиришда хатоликларга йўл қўйиш натижасида пайдо бўлган деб ҳисоблайлар.

Таниқли рус геоографи, ХХ аср бошларида Тошкентнинг ҳокими бўлган Николай Маллицкийнинг (1873-1947) “Тошкент маҳалла ва мавзелари” номли этнографик рисоласида айтилишича, араб ёзувидаги чинорзор (چینارزار) ўрнига Марказий Осиёнинг зах паст текисликларда ўсадиган чилонжийдалардан иборат дарахтзор – чилонзор (چیلانزار) деб ёзилиб қолган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари суради. Бироқ оғзаки анъаналар жой номини авлиё Чилонзор ота номи билан боғлайди. Халқ ривоятларида айтилишича, бу инсон жуда моҳир табиб бўлган ва одамларни чилон жийда мевалари билан даволаган экан. ХХ аср бошларида қурилган бу авлиёнинг мақбараси ғайратли ташаббускорлар маблағи эвазига 1996 йилда реставрация қилиниб безатилган.

Қайд этиш жоиз, XVIII-XIX асрларда Тошкент атрофида пайдо бўлган қадамжолар 1966 йилги зилзиладан сўнг шаҳар бир хил типдаги бинолар қуршовида қолганидан сўнг қадамжолар оммавий зиёратчилик объектлари бўлмай қолганига анча бўлди.

Бизнинг кунларда уларнинг функцияси бироз бошқачароқ – уларнинг ёнидаги фаолият юритаётган масжидларнинг нуфузини кўтариш бўлиб қолди. Шу билан бирга, масжид қавмининг кўпчилиги яқин орада жойлашган мақбара қайси афсоналар билан боғлиқ эканлиги ҳақида деярли ҳеч нарса билишмайди. Шунга қарамай, улар учун масжид жойлашган ернинг ўзи исломий анъаналар билан муқаддаслаштирилгани ҳамда “узоқ ўтмишдан бери” аждодларнинг кўплаб авлодлари томонидан эъзозланиб келинаётганини билишлари муҳим бўлиб қолган.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Абадий ҳаёт тўғрисидаги афсона ҳамда Ислом Каримов қабрига велосипедда бориб зиёрат қилиб келиш ҳақида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Дониёл пайғамбар ва Хўжа Дониёл қандай қилиб битта мақбарада сиғишгани тўғрисида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн бешинчи очерк. Қуёш соати ва бокира ҳомиладорлик

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн тўртинчи очерк. Пешағор ғори ва мўъжизавий булоқ