Муқаддас Султон Увайс тоғи

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Тоғларга айланган авлиёнинг тишлари

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишни тамомлаяпти. Ушбу туркумдаги мақолаларимизнинг сўнггиси қанақа қилиб зоғорабалиқларга жаноза ўқиб дафн қилингани ҳамда Увайс ал-Қароний Аллоҳ Таъалодан барча гуноҳкорларнинг учдан бирига шафоат сўрагани ҳақида ҳақида ҳикоя қилинади.

Увайс ал-Қароний мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисмида, кўҳна Хоразм воҳаси билан Қизилқум чўллари орасида, Амударёнинг ўнг қирғоғи ёқалаб унчалик баланд бўлмаган Қоратоғ тизмаси жойлашган. Бу ердаги қоя жинсларнинг ғайри одатий ранги туфайли тоғ шунақанги ном билан аталган. Тоғ тизмасининг дарёга яқинроқ жойлашган тармоғи таниқли мусулмон авлиёси Увайс ибн Амир ал-Қароний номи билан Султонуиздағ ёки Султон Увайс деб аталади. Унинг номи билан аталган муқаддас даргоҳ Султон Бобо дея аталувчи тоғ этагида жойлашган ва бу тоғлар маҳаллий аҳоли томонидан муқаддас дея эъзозланади.

Марказий Осиёга Ислом кириб келишидан аввал бу ерда зардуштийликда сув ва ҳосилдорлик илоҳаси бўлмиш Анахитанинг йирик бутхонаси бўлган дея тахмин қилишади. Бу илоҳага эътиқод ўз вақтида шунчалик кучли ва кенг тарқалган эдики, унинг сеҳргарлик ва шомонлик маросимларининг баъзи асоратлари бизнинг кунларгача етиб келган.

Қоратоғ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Султонбобо дея аталувчи жойдаги Увайс ал-Қароний мақбараси археологлар маълумотига кўра, саккизинчи асрнинг биринчи ўн йиликларида, яъни араблар фатҳидан кўп ўтмай барпо этилган. Бироқ 13-асрда бўлиб ўтган Чингизхоннинг мўғул истилолари даврида бутунлай вайрон этилган. Мақбаранинг кенг дахмаси атрофидаги иморатлар деярли уч юз йил давомида, XVII асрдан XIX аср охиригача бир неча бор тикланиб, қайта қурилган. Ажабланарилиги шундаки, бу муқаддас даргоҳнинг жорий аҳволи қанақа бўлишидан қатъий назар, халқ бу жойни узлуксиз равишда эъзозлаб келган: гап шундаки, одамлар бу жойнинг кўплаб шифобахш ва мўъжизавий хусусиятлари бор деб ишонадилар.

Арвоҳлар учун уй 

Дахмада ўзига эътибор тортадиган асосий иншоот – бу муқаддас балиқлар сузиб юрган чуқур ҳавуз бўлиб, унга сув Султон Увайс тоғ тизмаларининг қора қоялари остидан, ёки халқ орасида юрган гапи бўйича “авлиёнинг оёқлари тагидан” оқиб чиқаётган ерости булоқлари орқали етиб келади. Ховузнинг суви мўъжизакор, яъни гуноҳлардан покловчи ҳамда кўплаб дардлар учун шифобахш саналади. Ҳовузда сузиб юрган балиқлар бошқа кўплаб муқаддас қадамжоларидаги каби овлаш ва овқатга истеъмол қилиш учун ҳаром қилинган. Одатда тақиқларни рационал сабаблар билан изоҳлаш мумкин – бунақанги ҳовузларда одатда қорабалиқлар (маринка, лотин тилида Schizothorax), балиқлари яшайдилар, уларнинг ички органлари заҳарли бўлиб, истеъмол қилишга яроқсиз саналади. Аммо ушбу ҳолатда тақиқ фақат диний аҳамиятга эга, негаки бу ҳовузда заҳарли қорабалиқлар эмас, балки оддий зоғорабалиқлар (лот. Cyprinus carpio) сузиб юради.

Увайс ал Қароний мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

ХХ асрнинг сўнгги ўн йилликларига қадар Султон бобо даргоҳи ҳудудида Исломнинг ҳар қандай меъёрларига зид келувчи ўта ажабланарли маросимни кузатиш мумкин бўлган. Қурғоқчиликдан ёки қариликдан ўлган балиқларни кафанларга ўраб, махсус қабрларга дафн қилишар, бироқ бундан олдин уларга жамоат билан жаноза намозини адо этишар эди. Эҳтимол бу маросим қадимги замонда Анахитага сиғинишнинг асорати бўлиши мумкин, ўшанда ҳовуздаги балиқлар муқаддас атрибут ўрнида кўрилар эди. Ҳар ҳолда, ўзининг “Хоразм ўзбекларининг исломгача бўлган даврлардаги диний эътиқод ва маросимларнинг қолдиқлари” («Реликты домусульманских верований и обрядов у узбеков Хорезма») дея аталувчи монографиясида ушбу маросимнинг тафсилотларни батафсил баён этган совет этнографи Глеб Снесарев (1910-1989) бу каби амалиётнинг келиб чиқиши янада кўҳнароқ бўлиб, бутпарастлик даврларга бориб тақалади, деб ҳисоблаган эди.

Султонбобо дахмаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Муқаддас кўлдан оқиб чиқувчи чуқур ва эгри-бугри жилғанинг ўзани бу ерга бепуштликдан қутилиш илинжида келаётган аёллар учун тор даралар оралиқларида ўзига хос йўл кўрсатувчи сўқмоқ вазифасини бажариб келади. Шу билан бирга, кўп ҳолларда зиёратчи аёллар ўзларининг ушбу қийин йўлларида юра туриб тошлардан арвоҳ уйи ясаб оладилар, бу эса Ислом шариати меъёрларига мутлақо тўғри келмайди. Бироқ бу удум келиб чиқиши жиҳатидан исломгача бўлган жоҳилия давридаги сеҳргарлик маросимларига бориб тақалади.

Ҳовуздан бир неча чақирим юқорироқда тошли дара бор ва зиёратчилар албатта бу ерга келиб, унинг қияликларида тошлардан кичкина пирамидалар ясашни одат қилиб олганлар. Бунақа пирамидаларнинг энг йириклари афтидан узоқ ўтмишда қурилган бўлиб, зиёратчилар уларнинг атрофида тавоф қиладилар. Бу эса шомонликдаги “маҳаллий хўжайинлар” бўлмиш тошларга сиғинадиган “обо” дея аталувчи маросимини эслатади. Ушбу маросим Евроосиё кўчманчи қабилалар орасида Исломгача бўлган даврда кенг тарқалган, Жанубий Сибирда, Олтой тоғларида, Мўғулистон ва Бурятияда бўлса бу анъана ўша ерда ҳукм сураётган буддавийликнинг маҳаллий кўриниши (ламаизм) билан қоришиб кетди.

Султон-бобо дахмасининг бир қисми. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Шу ернинг ўзида аёллар томонидан эъзозланадиган Анбар-она номи билан боғлиқ қадамжо ҳам бор. Қадимги туркий кўчманчилар аждодларининг шажарасида Амбар она ёки Анбар она чиндан ҳам яшаган, у қабила бошлиғининг қизи бўлган. У аввал Яссавия тариқатининг пирларидан бири, Ҳаким ота номи билан танилган хоразмлик устоз ва шоир Сулаймон Бақирғонийга турмушга чиқади ва унинг вафотидан сўнг эрининг шогирди, тошкентлик машҳур авлиё Зангиотанинг никоҳига ўтади ва унинг ёрдамчиси айланиб қолади. Анбар онанинг ҳаёт йўли ниҳоясига етиб, вафот этганида, уни Тошкент вилоятидаги Зангиота мақбараси ёнида дафн этдилар.

Қайд этиш жоиз, Хоразмдаги оғзаки ривоятлар бизнинг кунларгача ўзларининг архаик характерини сақлаб қолганидан ташқари тарихий персонажларни муқаддаслаштириш анчагина теран шаклга эга. Шунинг учун ҳам бу ерда Анбар онани эъзозлаш амалиёти халқ тасаввурларида қадимий Анахита илоҳасига сиғиниш анъаналари билан аралашиб кетганга ўхшайди. Хоразм афсоналарига мувофиқ, айнан Анбар она аёлларга буғдойни ундириб баҳорги байрам Наврўз кунларида сумалак пиширишни ўргатган экан. Аёллар бепуштликдан даво топиш учун, шунингдек, ҳомиладор ва туққан аёллар ҳомиланинг саломат бўлиши ва туғруқни енгиллаштиришни сўраб Анбар онага мурожаат қиладилар.

Аёллар Амударёни қайиқда кечиб ўтаётганларида, сувга нон ва туз ташлайдилар – бу билан улар Анбар онанинг кўнглини олмоқчи бўладилар. Сулаймон Бақирғонийнинг тўнғич ўғли Ҳуббий отаси билан урушиб қолиб, уйдан қочиб кетганида, Анбар она оқ қушга айланиб ўғлининг орқасидан таъқиб қилган. Бироқ Ҳуббий Амударёга шўнғиб яширинган ва шундан кейин у сув ости оқимлари, гирдоблар ва сув тошқинларининг ёвуз руҳлари – ҳайбатли арангларни жиловловчиси, кемачилар ва балиқчиларнинг пири бўлиб қолган. Султон бобода ўғлини излаб саргардон бўлган Анбар она тоғдан тушган эчкини соққан жой бор бўлиб, у ҳам зиёратчилар томонидан эъзозланади. Қора қоядаги оҳактош доғлари сачраган сутдан қолган деб ҳисобланади.

Чинор бобо мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Султон бобо дахмаси узра дўнг тепалик бор бўлиб, унинг чўққисида Чинор бобо мақбараси жойлашган. Зиёратчилар одатда бу ерни Увайс ал-Қароний мақбарасидан ҳам олдинроқ зиёрат қиладилар. Ёзма манбалар ёки оғзаки ривоятларда бу авлиёнинг ҳаёти ва фолияти борасида ҳеч қандай тафсилотлар йўқ. Унинг исми маъносига қараб Снесарев Чинор бобони эъзозлаш анаъанаси қадимда бутпарастлик характерга эга бўлган ҳамда қурғоқчил ва чўл зоналарида айниқса кенг тарқалган дарахтларга сиғиниш эътиқодларига бориб тақалади, деган хулосага келган. Бугунги кунда дахмада шайхлик қилаётган нозирлар истамайгина Чинор бобо Увайс ал-Қаронийнинг маънавий устози бўлган дейишади. Бироқ бу гаплар тарихий топография ва хронологияга умуман тўғри келмайди.

Етти тобутда бир ўзи

Расмий ислом тарихига мувофиқ Увайс ибн Амр ибн Жуз ибн Малик ибн Амр ал-Муродий 625 йилда Яманнинг Қорайн қишлоғида туғилган бўлиб, ёшлигида чўпон бўлган. У ҳеч қачон пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашмаган, бироқ Али ибн Абу Толиб билан танишганидан кейин унинг ашаддий тарафдорига айланди ҳамда 32 ёшида Шом вилоятидаги Сиффин шаҳри ёнидаги Ҳазрат Алининг тарафида ҳалифа Муовияга қарши жангда ҳалок бўлди (Увайс Қаронийнинг Ракка шаҳридаги мақбараси 2014 йил 23 июнь куни Россияда тақиқланган ташкилот – ИШИД жанггарилари томонидан вайрон этилган).

Бироқ унинг Хоразмдаги мухлислари Султон бобо мақбарасини рамзий қадамжо сифатида тан олишдан бош тортмоқдалар. Афсонага кўра, Увайснинг ўлимидан сўнг еттита турли мамлакатларнинг ҳукмдорлари уни ўз заминларида дафн қилиш шарафига эга бўлиш борасида талашиб қолдилар. Бироқ тонг саҳарда авлиёнинг жасади мўъжизавий тарзда унинг учун юборилган еттита тобутнинг ҳаммасида пайдо бўлиб қолади. Қайд этиш жоиз, ривоят нафақат эртакнамо сюжетга эга, балки Исломнинг дафн маросими қоидаларига ҳам зид келади, чунки майитни минг чақирим масофага олиб кетилмай, кун ботгунга қадар қабрга қўйиш шарт бўлади. Ҳар ҳолда, Хоразмдаги Увайс ал-Қароний тўғрисидаги ривоятлар ажабтовур тафсилотларга тўла. Мисол учун, уларнинг бирида айтилишича, авлиё нафақат еттита қабрга бир вақтнинг ўзида қўйилган, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда яшаган ҳам. “Бир қадам қўйиши билан Яманга бориб қолар эди”.

Дахмадаги зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Маҳаллий афсоналарнинг асосийлари Увайснинг мўъжизаларини Қоратоғнинг пайдо бўлиши билан боғлашади. Уҳуд тоғи ёнида бўлиб ўтган ғазотда мушриклар пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг тишларидан биттасини тош билан уриб синдирганларини Увайсга маълум қилишганда, авлиё ҳам ўз тишидан воз кечишга ихтиёр қилади. Бироқ Муҳаммад (с.а.в.) қайси тишларидан маҳрум бўлганини билмаганлари боис у 32 та тишнинг ҳаммасидан воз кечади. Сиффиндаги ғазот тўғрисидаги бошқа ривоятда айтилишича, ғанимлар Ҳазрат Али ибн Абу Толибни қуршаб олганларида, Увайс у кишига ёрдамга шошадилар. Ул зот 96 та тошни чопонларининг этагида кўтариб олиб, душманларга қарата отишни бошлайдилар. Ҳар битта тошни отишлари билан кўплаб душманлар ҳалок бўлар эди. Тошларнинг ҳаммаси ирғитилганидан сўнг душман қўшинидаги аскарлардан бирортаси ҳам омон қолмади. Султон бобо қадамжосидаги нозирлик қиладиган шайхлар ХХ асрнинг 70-чи йилларида ушбу ривоятни совет этнографи Глеб Снесаревга ҳикоя қилиб берар эканлар, ушбу ғароиб воқеалар Шом мамлакатида эмас, балки Султонуиздағ тоғларида содир бўлган, дея таъкидлашар эдилар. 2000-чи йиллар ўрталарига келиб афсонада янги тафсилотлар пайдо бўлди: маълум бўлишича, Қоратоғ тоғларининг ўзи аслида Увайснинг душманларга қарата отган тишларидан пайдо бўлган экан.

Шу афсонанинг бошқа вариантида эса авлиёнинг тишларидан тоғ эмас, балки ушбу даргоҳнинг ёнидаги дарада ўрин олган қўҳна обо (обо – руҳларга сиғинувчиларнинг муқаддас қадамжоси — таржимон изоҳи) пайдо бўлгани айтилади.

Султан-бобо дахмасидаги бахши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Зиёратчиларнинг ҳикоя қилишларича, Султон Увайс доим ялангоёқ ва яланғоч ҳолда тўхтовсиз “Ҳу! Ҳу!” дея қичқириб юрган эканлар (Ҳу-а! – Аллоҳнинг исмларидан бири бўлиб “У” маъносини беради). Кунлардан бир кун пайғамбарнинг ҳалифалари Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розиаллоҳу анҳумлар Муҳаммад алайҳисаломнинг ҳирқаларини Увайсга топширгани келган эканлар. Маълумки, пайғамбар алайҳисалом ортиқча таркидунёчилик ва қашшоқликни маъқулламаган эдилар. Ҳирқа ва қалпоқни кийишлари билан Увайс жазавага тушиб қолади ва ўша заҳотиёқ Аллоҳга юзланади. Ривоятда айтилишича, у ўзининг бошига тош билан ура бошлаб кўз ёши тўкади ҳамда барча гуноҳкор бандлаларни ҳақ йўлга солиш ҳамда дўззахдан қутқариш учун унга берилишини сўрайди. Аммо Аллоҳ унга барча гуноҳкор осий бандаларнинг учдан бирини беради, холос...

Дахмадаги исириқ савдоси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қайд этиш жоиз, бу каби ривоят ортодоксал Ислом меъёрларига зид келади, негаки Худо билан қандайдир мазмунда тортишувни ҳатто хаёлга ҳам келтириб бўлмайди. Бироқ бу Ўрта асрларнинг аввалида баъзи суфийлик таъриқатлари томонидан қўлланилган ўта таркидунёчилик шаклига тўлиқ мос келади. Этнограф Снесаревнинг таъкидлашича, ҳатто СССР даврида ҳам Султон бобода Марказий Осиёдаги энг сирли ва жумбоқли Увайсия тариқати фаол ҳаракатда бўлган экан. Тариқатда нафақат устоз шайхлар, балки назирлар – яъни ҳали туғилмасидан олдин ёки оғир ва узоқ давом этган касалликлардан кейин муқаддас даргоҳга хизмат қилиш учун назир қилинган болалар ҳам катта ҳурмат ва эҳтиромга эга. Бунақанги болалар Увайс-ал-Қаронийнинг ўзига хос маънавий фарзандлари саналар эдилар.

На туялар ва на кемачилар

Кўп асрлар давомида мақбара ва кенг дахма атрофида кўплаб иншоот ва иморатлар қурилди, уларнинг қаторида масжид, зиёратчилар учун меҳмонхона, ошхоналар, ҳайвонларни қурбонликка сўядиган жойлар бор. Ривоятларга кўра, Увайс ал-Қароний маҳаллий иқлимни бошқариш, қурғоқчиликни юмшатиш, қудуқлардаги сув сатҳини кўтариб-тушириш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда чорванинг маҳсулдорлигига таъсир кўрсатиш қобилиятига эга бўлган. Унинг мақбарасига турли дардларга, шу жумладан, туғма ва руҳий хасталикларга чалинган беморларни олиб келадилар: улар мозор барча дардларга шифо бера олиши мумкинлигига ишонадилар.

Совет этнографлари ва диншунослари ҳам ўтмишда яманлик чўпон Увайс ал-Қароний Марказий Осиёда туялар ва туячиликнинг махсус пири вазифасини бажарганини тез-тез эслатиб турар эдилар. Туркманистонда уни Вейис бобо деб атайдилар, Қозоғистонда уни Ойсил Қара деган ном остида танийдилар.

Ҳозирги Ўзбекистонда туячилик билан шуғулланадиганлар анча камайган, кўчманчилик турмуш тарзи билан яшайдиганлар ҳам деярли қолмаган, шунинг учун ҳам авлиёни ушбу функциясини муҳокама қилиш етарли даражада қийин кечади. Шунингдек, кемачиларнинг пири бўлмиш Ҳуббийни эъзозлаш қолдиқларини ҳам бугун учратиш мушкул, негаки Амударё узра қурилган замонавий кўприклар дарёдан қайиқда кечиб ўтиш эҳтиёжини деярли бутунлай йўққа чиқариб қўйди. Бундан ташқари, дарёнинг ўзи ҳам Орол денгизининг экологик фалокати ортидан анчагина саёз бўлиб қолди.

Амбар-она водийсида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Шунга қарамай, Қоратоғдаги Султон бобо даргоҳи минглаб зиёратчиларни ўзига жалб эта туриб, қудратли регионал қадамжо сифатида фаол фаолият юритишда давом этиб келмоқда. Бундан ташқари, бу каби ҳолатни Хоразм аҳолисининг халқ оғзаки ривоятларига ҳамда қадимги сеҳр маросимларининг яққол сарқитларини сақлаб қолаётган анъаналарига бўлган барқарор қизиқиши билан изоҳлаш мумкин. Бу каби анъаналарнинг кенг тус олишини аҳолининг кам таъминланган қатлами ва айниқса, деҳқонлар ва чорвадорларнинг кундалик ҳаётида улар учун оғир кунлар тез-тез содир бўлиб туриши ва улар одатда, бунақанги ҳолатларда авлиё ва арвоҳларнинг мададини излашга мажбур бўлишлари билан изоҳлаш мумкин.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ