Миздаҳқонлик Говмард

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Биринчи одам қабридаги дунё соати.

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда баҳодир Шамъун Набийнинг Кофир шоҳ билан жанги ҳамда Замоннинг охири қачон келиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Миздаҳқон тарихий ёдгорлигининг жануби-шарқидан, Хўжайли шаҳри тарафидан кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Хўжайли туман маркази Амударёнинг сўл қирғоғида, Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридан ўн чақирим масофада жойлашган бўлиб, уларнинг орасида замонавий кўприк барпо этилган. Хўжайли атамасининг ўзи “зиёратчилар юрти” маъносини беради. Ушбу атама XXI асрда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: умумий майдони 2000 квадрат километр атрофидаги улкан қабристон – кўплаб ғаройиб афсона ва ривоятлар билан боғлиқ тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолари билан танилган Миздаҳқондаги мақбарага ҳар йили юз минглаб зиёратчилар ташриф буюрадилар.

Ривоятларга кўра, биринчи инсон – Ҳазрати Одам алайҳисаломнинг қабри, пайғамбар Шамъуннинг дахмаси ва Эрежеп Халфанинг мақбараси Миздаҳқонда жойлашган. Ушбу мақбара нафақат мақбара, балки ўзига хос соат вазифасини бажаради: аста-секинлик билан вайрон бўла туриб, Қиёмат кунигача қанча вақт қолганини кўрсатади. Қачонки унинг сўнгги тоши қулаши билан замон ниҳоясига етиб, Қиёмат бошланади.

Урганчдан Хўжайлига олиб борувчи йўл ёқасида жойлашган Чилпиқ зардуштийлик дахмаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Миздаҳқон милоддан аввал II-IV асрларга оид қадимий оташпарастлар шаҳрига яқин жойда пайдо бўлган. Кейинроқ бу жой Марказий Осиёдаги мусулмонларнинг энг ҳурматли қадамжоларидан бирига айланган. Қорақалпоғистонлик олимларнинг тахмин қилишича, бу жой турли тарихий даврларда вайронагарчилик келтирувчи урушлар ва табиий фалокатларга тааллуқли кулфатларнинг ўзига хос эслатмаси сифатида хизмат қилади.

Зардўштийларнинг муқаддас “Авесто” китобида оташпарастларнинг қуёш илоҳаси Ахура-Мазда шарафига қурилган Мазда шаҳрининг номи тилган олинади. Номи Авестодаги номга ўхшаш Миздақҳон муқаддас даргоҳининг ўзи катта қабристондан иборат бўлиб, учта адирликда жойлашган. Археологларнинг таъкидлашича, бу ердаги биринчи қабрлар милоддан аввал икки аср муқаддам пайдо бўлган. Пайғамбар Заратуштранинг издошлари ўзлари учун муқаддас бўлган табиат кучлари – олов, тупроқ ва сувни ифлос қилмаслик учун ўлганларнинг жасадларини дафн этмай, мурдаларни махсус миноралар – дахмаларнинг томларига чиқариб қўйишар, бу ерда эса уларни ўлаксахўр қушлар еб, қоқ суякларини қолдиришар эдилар. Қуёш тиғлари остида қуриган устихонларни тўплаб, махсус сопол идишлар – оссуарийларга жойлаб, сағаналарга жойлашар эдилар.

Миздиҳқоннинг шарқий адирлигида дахма миноралигининг барча белгиларига эга афсонавий Жўмард қассоб тепалиги бор. Унинг атрофида ичида олтин иплари сақланиб қолган зарбоф матоларнинг қолдиқлари, безаклар, тангалар ва диний маросимларда қўлланадиган шамчироқлар сақланаётган оссурийларнинг кўплаб намуналари топилган. Авеста матнларида айтилишича, пайғамбар Заратуштра ўз динига даъватни Амударёнинг юқори қисмида, ҳозирги Термиз шаҳри атрофида жойлашган Бақтрия подшоҳи Виштасп саройида бошлаган. Бироқ таниқли рус археологи Сергей Толстов (1907-1976) зардуштийликнинг ватани сифатида аслида Амударёнинг Орол денгизига қуйиладиган зироатчилик воҳаси бўлмиш Хоразмни санаш керак деган фикрни билдирган. Бугунги кунда кўпчилик тадқиқотчилар ва айниқса ўзбекистонликлар унинг фикрига қўшиладилар. Бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Покистонда топилган зардуштийликка оид олтмиш учта диний ёдгорликлардан ўн еттита энг кўҳналари айнан Хоразмда жойлашган. Илмий тадқиқотчиларга кўра, Ҳазрати Одам алайҳисаломнинг Миздаҳқондаги қабри тўғрисидаги ривоят Авестадаги Ахура-Мазда яратган биринчи инсон – Говмард (ҳўкиз-одам) ҳақидаги афсонанинг кейинги, янгича талқини бўлган.

Пайғамбар тоши

Амударёнинг этагига туташган ерлар 712 йилда араблар томонидан фатҳ этилади ва бу заминда Ислом дини ҳукмлари ўрнатилади. Бироқ бу ердаги мусулмончилик Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб муқаддас қадамжоларидаги сингари жоҳилия давридаги маҳаллий эътиқод амалиётларининг баъзи аломатларини ўзлашитириб олади.

Кўҳна Габрқалъа вайроналарининг Миздаҳқон мақбарасидан туриб кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Эрамиздан олдин IV асрда Миздаҳқоннинг шундоқ ёнгинасида пахса деворли Габрқалъа турган. Араблар фатҳидан тўрт аср ўтиб Чингизхоннинг мўғул қўшинлари Габрқалъани вайрон қилиб ташладилар. Бироқ, Миздаҳқон даргоҳининг ўзи фалокатга учрамай, омон қолган ҳамда Буюк Ипак йўлининг гавжум чорраҳасида жойлашган бўлиб, вақт ўтиб туркий кўчманчилари қабилалари – қорақалпоқлар, қипчоқлар ва қозоқларнинг энг йирик қабристонига айланган.

Аввалига, Ислом бошланишида мусулмонларнинг қабристонларни зиёрат қилишлари умуман тақиқланган эди. Ислом шу йўл билан арабларнинг жоҳилия давридаги каби ўтган аждодларнинг арвоҳларига сиғиниш каби ширк амалларининг оммалашиб кетишини олдини олиш бўйича эҳтиёт чорасини кўрган эди. Суннатга мувофиқ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам қабрларга яқинлари ва қариндошлари йўқотиб қўймаслик учун муайан белгиларни қўйишга рухсат бергандилар. Абу Довуд розиаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбарнинг яқин саҳобаларидан бўлган Усмон ибн Мазъун вафот этганларида, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам битта тошни олиб келиб қабрнинг бош тарафига қўйдилар ва “Шу тош ёрдамида мен биродаримнинг қабрини йўқотмай, оила аъзоларимдан ким вафот этса, унинг ёнига дафн этаман”, деб айтган эканлар.

Мисол учун, Ўзбекистонда фаолияти расмийлар томонидан қабул қилиб олинган Абу Ҳанифа мазҳаби бўйича мусулмоннинг қабри ер сатҳидан тўрт бармоқдан юқори бўлмаслиги ҳамда безаб, пардозланиши мумкин эмас.

Бироқ Марказий Осиёда маҳаллий авлиёлар ва мозорларни эъзозлаш анъанаси IX-X асрларда фаол равишда, исломий тасаввуф – суфийлик билан биргаликда, гўё ортодоксал исломий доктриналарни анъанавий халқ удумлари ҳамда пантеистик дунёқарашлар билан яраштиргандек бўлиб қайта тиклана бошлади.

XII-XIV асрларда суфийлик тариқатлари ривожланиб боргани сари Аллоҳ ва маҳаллий мусулмонлар жамоаси ўртасидаги воситачилик вазифасини ўз зиммаларига юклаган авлиёлар ролини ижро этиб келган таниқли ва нуфузли шайхлар, пирлар дафн этилган мозорлар ва қадамгоҳлар, яъни “қадам излари тушган жойлар” – номлари Библия ёки Қуръонда тилга олинган шахсларнинг бу жойларга келиб кетишлари билан боғлиқ рамзий ёдгорликлар эътиқод ва сиғиниш объектларига айлана бошлади.

Ўзбекистонда кўп ҳолларда бунақанги эътиқод объектлари Нўҳ, Аюб, Дониёл, шоҳ Сулаймон, Довуд алайҳиссаломлар ва Искандар Зулқарнайн, шунингдек, пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг куёвлари Ҳазрати Али ибн Абу Толиб ва унинг умр йўлдоши Фотимаи Заҳро розаллоҳу анҳума ҳамда Ҳазрати Ҳизр ва Парфи ота номлари билан боғлиқ бўлиб қолган.

Қабила ва уруғ тамғалари босилган қозоқ қабртошлари. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Миздаҳқоннинг ўзи ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу ердаги деярли юз мингта қабрнинг ҳар бири мустаҳкам куб шаклидаги асос устида ярим доира шаклидаги ғиштин ёки пахса гумбаз билан ёпилган. Бунақа шакл айниқса кўчманчи уруғлар маданияти учун хослигини қайд этиб ўтамиз. Ушбу сағаналар агар инсон бутун умри давомида доимий қўним топадиган жойга эга бўлмай ўтган бўлса, ўлимидан сўнг доимий ва барқарор “манзилга” эгалик қилиш имкониятини қўлга киритишига ишора қилаётгандек гўё. Кўплаб маданиятшуносларнинг фикрича, гумбаз конструкциясининг ўзи дунё яратилиши моделининг рамзи бўлиб, бу ерда куб – тўрт томонли дунёни, гумбаз эса ерга таянаётган осмон сферасининг ярмини англатади. Одатда, бу ердаги бепоён саҳролар бўйлаб саёҳат қилаётган дарбадар самога қараганда айнан шу манзарани кўради.

Миздаҳқон қабристонининг муқаддас объект сифатида қайта ишланган триангуляциявий манзилли юқори нуқтаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қайд этиш жоиз, бизнинг кунларда ҳам қорақалпоқларда аждодлари орасидаги машҳур ёки атоқли шахслар ўзларининг бутун уруғларига ҳомий саналган. Шунинг учун ҳам уларнинг қабрлари уруғнинг муқаддас даргоҳига айланиб қолади. Хоразм ўзбеклари орасида майитларни анъанавий қабрлар – лаҳадларга қўйиш билан бирга, ислом меъёрларига мувофиқ ер устидаги сағаналар – лойдан ёки ёғочдан ишланган саркофагларда ҳам дафн қилиш ҳолатлари учраб туради. Одатда сағаналарда нуфузли ва обрўли шахслар дафн этилади ва бу каби маросимларни ўлик жасадларни ҳаром ҳисоблайдиган ҳамда улар билан муқаддас унсурлар – олов, сув ва ерни ифлослантиришни тақиқловчи зардуштийликдан қолган хурофот деб ҳисоблаш мумкин. Бироқ мусулмонларнинг машҳур пирлари ва шайхларининг қабрларидаги жасадлар одатда ер ости лаҳадларига дафн этилган бўлиб, тош сағаналар рамзий қабртош характерига эга. Шу билан бирга, Амударёнинг қуйи этагида унчалик таниқли бўлмаган одамларни ҳам ер юзасида дафн қилиш амалиёти ХХ асрнинг сўнгги ўн йилликларигача кенг тарқалган эди.

Итнинг кофир устидан ғалабаси

Миздаҳқоннинг марказий меъморий ёдгорлиги афсонавий афсунгар ва баҳодир Шамъун Набийга бағишланган. Маҳаллий ровийларнинг айтишларича, ушбу ажиб тавҳид даъватчиси кўҳна Хоразм заминига пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг элчиларидан олдинроқ етиб келган. Шамъун жуда кўп мўъжизалар кўрсатган – бедаво дардларни даволаган, об-ҳавога ҳамда самодаги юлдузларнинг ҳаракатларига таъсир ўтказа олган ва ёввойи жониворларнинг тилида гапиришни билган. Бундан ташқари, у Кофир дея номланган маҳаллий ҳукмдорга қарши чиқишдан қўрқмаган довюрак жангчи ва баҳодир бўлган. Кофир шоҳ енгилмас саркарда ва маккор сиёсатчи саналган, бироқ ғурури туфайли Шамъун билан қўл жангида тўқнашишга рози бўлади. Афтидан у тўқнашувда ўзининг ҳийлакорлиги ёрдамида ғалаба қозонишга умид қилганга ўхшайди. Тўқнашув давомида у Шамъуннинг оёқлари остига бир ҳовуч дон сочиб юборади, бундан рақиби тойилиб кетиб, ғаним олдида тиз чўқиб қолади. Бироқ Шамъуннинг садоқатли ити хожасининг чақирувини эшитиб қолиб, бир зумда ер остидан йўл ковлади ва икки рақиб ўртасидан сакраб чиқиб, Кофирнинг қорнини чавақлаб, ичак-чавоқларини суғуриб олади. Шунга қарамай Шамъун ўзининг йиқилганини шармандалик ҳолат деб ҳисоблади ва уят туфайли ўз оёқларини чопиб ташлади. Ривоятда айтилишича, унинг ўлимидан сўнг Тангри Таъало унга шавқат қилиб, оёқларини қайтариб беради: Энди қиёмат кунида у ногирон эмас, балки табиий ҳолатида турадиган бўлди.

Шамъун Набий мақбараси яқинда амалга оширилган реконструкциядан сўн. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ровийлар Шамъун Набийнинг қайси динга даъват қилгани, қаердан келгани ва ўз жасоратларини нега бунақанги ажабланарли ҳолда якунлагани ҳақида аниқ бир маълумот беришмаяпти. Унинг баланд пештоқли ва етти гумбазли мақбараси 25 метрга чўзилган. Унинг ичкарисида худди Дониёл пайғамбарнинг Самарқанддаги қабрига ўхшаган, шунақанги узунликдаги сағана жойлашган. Бироқ археологлар қабрни очганларида унда ҳеч қанақанги инсон устихонларини топа олмадилар. Иншоотнинг ўзи XVIII асрнинг охирида барпо этилгани, бироқ тахмин қилинишича, XVI асрда барпо этилган кўҳнароқ ёдгорликнинг вайроналари устида қурилган. Қайд этиш жоиз, юқорида зикр этилган Шамъун ва унинг ҳаётини асраб қолган ҳамда Кофир шоҳ билан жангни унинг фойдасига ҳал қилган ит ҳақидаги афсона мусулмонлар тасаввурларига унчалик тўғри келмайди. Исломда ит ҳаром жонивор бўлиб, унинг нафаси ва сўлаги нажосат саналади. Уни инсон яшайдиган уйдан камида 60 қадам масофада сақлаш керак. Этнограф Глеб Снесаревга (1910-1989) кўра, афсонанинг бу қисмида зардуштийликка бориб тақалувчи анча қадимийроқ тасаввурлар мавжуд, чунки бу динда ит деярли муқаддас ҳайвон саналган.

Миздаҳқонда бугунги кунда ўтаётган дафн маросими. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Археологик ва тарихмий маълумотлар устида изланиш ишларини амалга оширган ҳамда мақбара деворларидаги ёзувларни таҳлил қилиб чиққан қорақалпоғистонлик тарихчи К. Нуржанов Шамъун мақбараси миллионлаб одамларнинг қурғоқчилик ва очарчиликдан қутилиш йўлларини излашга мажбур қилган XV асрда содир бўлган табиий офат – Амударёнинг ўзани ўзгаргани тўғрисида эслатма бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги фаразни илгари сурди.

Амударё сувлари ҳар доим ҳам Орол денгизига қуйилмаган ва вақти-вақти билан ўз йўналишини ўзгартириб турган. Қадимги даврларда бу машҳур дарё Устюрт платосининг жанубий жарлиги бўйлаб оқиб, Қорақумдаги Сариқамиш чуқурлигига қуйилар ва у ердан Узбой чуқурлиги орқали ўтиб, Каспий денгизига қўшиларди. Ўрта асрларда ушбу Амударё — Дарёлиқ эски ўзани мураккаб ирригациявий иншоотлар ёрдамида Хоразмнинг пойтахти Гурганч орқали оқиб ўтиб, вилоятнинг зироатчилик воҳаларини сув билан таъминлар эди. Бизнинг кунларда Гурганчдан Туркманистоннинг шимолидаги Қўҳна Урганч шаҳри сақланиб қолган. XIII асрда Чингизхоннинг мўғул қўшинлари Дарёлиқдаги тўғонни бузиб ташлаб, шаҳарни чўктириб юбордилар ва натижада унда истиқомат қилаётган юз мингдан зиёд аҳоли ҳалок бўлди. Гурганч юз йилда қайта тикланди ва кейин Темурланг тарафидан яна бир бор вайрон этилди ва унинг қайта тикланишига яна юз йил кетди. Бироқ XVI асрнинг охирида солномачиларнинг гувоҳлик беришича, қандайдир табиий офат Амударёни бутунлай Орол денгизига буриб юборди ва Хоразм пойтахтини Гурганчдан деярли юз чақирим жануброққа – Ҳивага кўчиришга мажбур қилди.

Тарихчи Нуржановга кўра, Амударё ўзанининг бурилишида жойлашган Миздаҳқон халқ бошига тушган кулфатлар ва оммавий кўчиб ўтишларнинг гувоҳи бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам ўша даврларга оид диний ёдгорликлар айнан ушбу воқеаларга бағишланган бўлиши мумкин. Ушбу фараз ХХ асрнинг охирида қуриб битган Оролнинг атрофидаги ҳудуднинг шавқатсиз экологик фалокатни бошидан кечириб турган бизнинг кунларда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганга ўхшаб турибди. Эҳтимол айнан ўрта асрларда содир бўлган офатлар пайтида бу ердаги “Дунё соатлари” тўғрисидаги афсона пайдо бўлиб, мустаҳкам ўрнашиб қолган бўлиши мумкин.

Адирликдан думалаб

Миздаҳқондаги ровийлар қачонлардир Марказий Осиёда Ислом тарқалишининг бошланишида бу ерларда мусулмончиликка даъват қилган авлиё Эрежеп (Ражаб) Ҳалфанинг ўрта асрларга оид мақбараси ҳаробаларини Дунё соатлари деб атайдилар. Ривоятга кўра, мақбаранинг пойдеворлари остида биринчи инсон – Одам алайҳисаломнинг қабри жойлашган. Мақбаранинг ўзи IX асрларга оид тўртбурчакли иншоотдан иборат бўлиб унинг бир тарафдаги девори ва томи бутунлай йиқилиб тушган. Қолган деворлар, гарчи улар мустаҳкам пойдеворлар устида турган бўлса ҳам, оҳисталик билан нураб бормоқда. Пойдевор остида қамиш қатлами нафақат намлик ва сизоб сувларидан ҳимоя қилади, балки зилзила тебранишларига нисбатан бардошлиликни кучайтиради ҳам.

Агар мақбарани дунё соатлари деб ҳисоблайдиган бўлса, унда Қиёмат кунини қачон келишини ҳисоблаб чиқиш мумкин. Ўн икки аср давомида иншоотнинг учдан бири вайрон бўлган бўлса, демак сўнгги кунгача яна тахминан икки ярим минг йил қолган бўлиб чиқади.

Ережеп Ҳалфа мақбараси (милоддан аввалги IX аср), ёки “дунё соати”. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Дунё юқорида келтирилган ҳисоб-китобларга қараганда бирмунча узоқроқ вақт давомида турса керак. Гап шундаки, бугунги кун зиёратчилари зўр бериб мақбара атрофида бири бирининг устига тахланган тошлардан иборат кўплаб кичик пирамадаларни барпо этишмоқда.

Пирамидалардаги ғиштларнинг сони етти осмондаги етти фаришталар ёки Шамъун Набий мақбараси устидаги гумбазларнинг сонига тенг ҳолда еттита бўлиш керак. Шу билан бирга ўзининг пирамидасини барпо этиш учун ўзгаларнинг пирамидасини бузиш мумкин эмас. Худди ўзгаларнинг орзу-умидларини вайрон этиш эвазига ўз бахтини қуриш мумкин эмаслиги каби. Боз устига, муқаддас даргоҳдан бирорта тошни кўтариб кетиш гуноҳ саналади. Ҳатто европалик туристлар ҳам Миздаҳқондан эсдалик учун бирорта тош олиб кетишни хаёлига келтирмайдилар. Бу ҳақда уларни гидлар ва қабристон назоратчилари қатъий огоҳлантирадилар.

Бепуштликка даво излаб Миздаҳқонга келган аёллар ҳам етти рақами билан боғлиқ маросимларни ўтказадилар. Бунинг учун улар пайшанба куни Жўмард қассоб адиридаги тик қияликдан пастга қараб етти марта боши орқали думалашлари керак. Адирлик номининг ўзи ҳам зардуштийлик динидаги биринчи инсон – Говмард номи билан оҳангдош. Бу ҳақдаги афсона Одам алайҳиссаломнинг қабри тўғрисидаги ривоятнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бўлиши эҳтимоли бор.

Оғзаки ривоятларда айтилишича, Жўмард оддий қассоб бўлмаган (бу ҳунар мусулмон мамлакатларида ҳурматли ҳисобланмайди). У барча мискин ва эҳтиёжманд одамларга гўшт тарқатиб, хайрия қилувчи бой одам эди. Сўровчи тарозининг бир палласига қанча тупроқ қўйса, қасоб иккинчи паллага шунча гўшт қўйиб берган.

Миздаҳқоннинг муқаддас даргоҳларидан бири – ўрта асрларда яшаган малика Мазлумхон Сулув мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Жўмард қассоб ҳақидаги ривоят эҳтимол Исломгача бўлган тасаввурлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Зардуштийлик динида қурбонлик қилинадиган чорвани қўрқитмай ва ортиқча қийнамай сўйишга жуда катта аҳамият берилган.

Қурбонлик сўйиш маросимининг барча қоидаларига оғишмай риоя қилиш бутун жамоа учун катта хайриялар: ҳосилдор далалар, чорва подаларининг кўпайиши ва соғлом болалар туғилишининг гарови бўлган. Шундай қилиб, Миздаҳқоннинг барча афсона ва ривоятлари, улар қанчалик ажобтовур ва чалкашлигига қарамай, ягона мистик орнаментга чиришиб кетган бўлиб, унинг марказида ҳаётни асраб қолиш, ҳамда инсоннинг Худо ва коинот билан уйғунлиги ғояси жойлашиб олган.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ