Улуғбек мадрасасида битирув маросими

Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро конгресси ўз ишини якунлади

Регистоннинг Улуғбек мадрасаси ҳовлисида «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро конгрессининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Бир неча асрлар олдин бўлгани каби, бу ердаги меъморий дурдона арклар остида экспертларнинг овози янгради. Айнан шу мадрасада бир пайтлар Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Аҳрор Валий таҳсил олган. Али Қушчи, Ал Коший ва ҳатто Улуғбекнинг ўзи ҳам дарс берган. Энди мадрасага ўтмишнинг энг улуғ заковот эгаларига ҳурмат бажо этиш ниятида дунёнинг турли бурчакларидан мутахассислар етиб келдилар.

Улар кўп вақтга келишмади. Фақат бир-бирлари билан ва бир неча кундан бери меҳмонларнинг иккинчи уйига айланган меҳмондўст Самарқанд билан хайрлашиш учун. Уч кун давомида олимлар юздан ортиқ маърузалар ўқишга, ҳамкасблари ижоди билан танишишга, ўзаро тажриба алмашишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий меросига ҳисса қўшишга, ҳукумат томонидан эълон қилинган уйғониш даври пойдеворига ўз ҳиссаларини қўшишга улгурдилар. Меҳмонлар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркум китоб-альбомларининг ўнта янги жилдлари билан ҳам танишдилар. Шунингдек, улар шу йил бошида вафот этган буюк археолог Эдвард Ртвеладзени хотирладилар.

Меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, Конигил маҳалласидаги ноёб қоғоз ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлдилар.

Ихшидлар сулоласига мансуб VII-VIII асрларга оид ноёб фрескалари жойлашган «Афрасиёб» музейи ҳам эътибордан четда қолмади.

Регистоннинг ўзида, Шердор мадрасаси ҳовлисида миллий либосдаги санъаткорлар меҳмонлар учун куй-қўшиқ, рақс санъатини намойиш этдилар. Конгресс иштирокчилари норасмий шароитда бир-бирлари билан мулоқот қилиш учун ажойиб имкониятга эга бўлдилар.

Тадбирнинг расмий қисмида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов меҳмонларга қисқача маъруза қилди. У Конгресс иштирокчиларига, шунингдек, Жамият ишига кўмаклашаётганларга, ERIELL компанияси вакилларига, давлат органлари, жумладан, Самарқанд шаҳар ҳокимлигига – маданият ва санъат атрофида жипслашган барчага миннатдорчилик билдирди.

Фирдавс Абдуҳолиқов. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

«Айнан шу ерда, ҳар бир олим учун, ҳар бир ўзбек ва дунё фуқароси учун муқаддас бўлган масканда юртимиз илм-фанининг бешиги жойлашган. Шарқдаги биринчи университет айнан шу ерда ташкил топган.Унга жаҳонга машҳур астроном олим Мирзо Улуғбек асос солган. Бу деворлар дунё илм-фани, шеърияти ва маданиятига улкан ҳисса қўшган энг улуғ инсонлар шоҳиди бўлган. Айнан шу ерда XV асрнинг ноёб кашфиётлари дунё юзини кўрган», — деди Абдухолиқов.

Маросимнинг расмий қисмида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоларининг Республика президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаати ўқиб эшиттирилди. Китоб муаллифларига эсдалик совғалари ва «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумининг янги жилдлари учун сертификатлар топширилди.

Жамиятнинг 22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган VI Халқаро конгрессида 250 дан ортиқ дунёга машҳур шарқшунос олимлар иштирок этдилар. Улар орасида 33 нафар таниқли халқаро музей директори, 15 нафар миллий музей директори, 15 нафардан ортиқ академик, 20 нафардан ортиқ профессор, 20 нафардан ортиқ фан докторлари бор эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди