Тожикистон ҳукумати афғон қочқинлари оммавий депортация қилинганини тан олди

Тожикистон МХДҚ эмблемаси

Тожикистон расмийлари республикада истиқомат қилаётган афғон қочқинлари оммавий депортация қилинганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари матбуот маркази хабарида сўз юритилган.

Қўмитанинг қайд этишича, Тожикистонга хорижий фуқаролар оқими «минтақа ва жаҳондаги мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазият» фонида ортиб бормоқда. Мамлакатда анчагина чет элликлар истиқомат қилади, уларнинг катта қисми ноқонуний равишда кириб келган ёки яшаш қоидаларини бузган.

Текширувлар давомида миграция режимини бузиш ҳолатлари аниқланган, жумладан:

▪️ наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши,

▪️ экстремистик ғояларни тарғиб қилиш,

▪️ қочқин мақомини олиш учун ҳужжатларни қалбакилаштириш,

▪️ Тожикистондан транзит давлат сифатида фойдаланиш ва бошқа иммиграция қоидаларини бузиш.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларни республика ҳудудидан чиқариб юбориш чоралари кўрилмоқда, дея таъкидлайди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси. «жумладан, бу маълум миқдордаги афғон фуқароларининг мамлакатдан чиқариб юборилишига сабаб бўлган», — дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

ℹ️ Июль ойи бошида Khaama Press Тожикистонда яшаётган афғон муҳожирларига 15 кун ичида мамлакатни тарк этиш ултиматуми берилгани ҳақида хабар берган эди. Ўшандан бери афғонларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш тўлқини биринчи навбатда Душанбе, Ваҳдат ва Рудакий туманида бошланган. Манбаларга кўра, ҳибсга олишлар кўпинча уларнинг ишлаётган жойида содир бўлади ва муҳожирларнинг оилаларига ҳар доим ҳам яқинлари тақдири ҳақида хабар берилмайди.

Аввалроқ ОАВ Тожикистон ҳукумати ўнлаб афғон қочқинларини депортация қилаётгани ҳақида бир неча бор хабар берганди. Ўтган йил декабрь ойида Тожикистондаги афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Мусаввир Баҳодурий қочқинларни Афғонистонга депортация қилиш бўйича сўнгги актни изоҳларкан, тожик ҳукумати афғонларнинг депортация қилинишини республикада яшаш қоидаларига риоя қилмаётгани билан изоҳлайди ва бу билан ўзини оқлашга уринади, деган. Жумладан, афғонлар «ноўрин соқол қўйиш, бегона кийим кийиш ва жамиятда ноўрин хатти-ҳаракатлари, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, жамиятда зиддиятли вазиятлар ва низолар келтириб чиқариш, ижтимоий тармоқларда сиёсий баҳс-мунозаралар ўтказиш, экстремизм ва динни тарғиб қилиш, расмий ҳужжатсиз ишлаганлик ва одамларни ҳақорат қилгани» учун депортация қилинмоқда.

Баҳодурий июль ойида оммавий ахборот воситаларида афғон фуқароларининг оммавий депортацияси ҳақидаги маълумотни асоссиз деб атади — зеро бу ҳақда «қочқинларнинг ҳеч бири қўмитага мурожаат қилмаган».

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, депортация нафақат ҳужжати йўқ одамларга, балки иммиграция ишлари кўриб чиқилишини кутаётган ёки расмий яшаш рухсатномасига эга бўлган қочқинларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Афғонистонга депортация қилинган одамлар, биринчи навбатда, собиқ давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ва фаолларга нисбатан зўравонлик қўлланилаётгани ва улар таъқибларга учраётгани ҳақидаги хабарлардан жиддий хавотир билдирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси Тожикистон раҳбариятини бир неча бор депортацияни тўхтатишга ва ўз ватанида хавф остида бўлган заиф қатламларга ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларга риоя қилишга чақирганди.

2021 йил 15 августда «Толибон»* ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг юз минглаб афғон фуқаролари мамлакатни тарк этган. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда Афғонистондан келган 10-13 мингдан ортиқ қочқин бор, уларнинг аксарияти Душанбе, Ваҳдат шаҳарлари ва Рудакий туманида истиқомат қилади.

*22 июль ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхати қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ