Солиқ қўмитаси раҳбари уй-жойларнинг минимал нархларини белгилашни таклиф қилди

Шерзод Қудбиев (чапда), Даврон Ваҳобов қурувчилар билан учрашувда. spot.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев кўчмас мулкнинг бир квадрат метри нархига минимал чегара жорий этишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай чора уй-жой сотишда нархларни сунъий равишда туширишга қарши курашиш ва қурилиш бозорининг виждонли иштирокчиларини ҳимоя қилиш учун зарур, деб ёзади «Газета.uz».

Савдо-саноат палатаси томонидан қурилиш соҳаси вакиллари билан ўтказилган йиғилишда сўзга чиққан Қудбиев солиқ идоралари томонидан квартираларнинг бозор нархидан анча арзон сотилиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилганини таъкидлади.

«Менда қайси компания, қаерда, қайси манзилда битта участкадаги квартиранинг квадрат метрини 1 миллион сўмдан (79 доллар) ва кўчанинг нариги томонида эса — 4,9 миллион сўмдан (389 доллар) сотаётгани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Гап бозор нархлари ҳақида кетяпти, бироқ кўриниб турибдики, бундай схемалар туфайли қонунга бўйсунувчи қурувчи ютқазади», — деди қўмита раҳбари.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил биринчи ярим йиллигида мамлакатда:

👉 ҳар квадрат метр учун 1 миллион сўмдан паст бўлган 2000 дан ортиқ битим;

👉 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача (238 долларгача) бўлган 9300 та битим;

👉 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача (397 долларгача) бўлган 13 500 та битим расмийлаштирилган.

Пасайтирилган нархларда сотилган уй-жойларнинг умумий майдони 2 млн квадрат метрдан ортиқни ташкил этган.

Шерзод Қудбиевнинг фикрича, минимал нархни қуйидагича белгилаш мақсадга мувофиқдир:

▶️ Тошкент шаҳрида 1 квадрат метр учун 7 миллион сўм (556 доллар);

▶️ 5 миллион сўм (397 доллар) — ҳудудларда.

Қудбиевнинг таъкидлашича, бундай параметрларни жорий этиш нафақат солиқ шаффофлиги, балки бизнес манфаатлари учун ҳам зарур: бу рақобатни тенглаштириш ва харидорларни нохолис схемалардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

«Ҳаттоки Тошкент чеккасида ҳам квадрат метр 300-400 доллардан кам бўлмайди. Вилоятларда, балки бир оз пастроқ, Тошкент туманларида эса ер нархига қараб, бир оз кўпроқ бўлади. Демак, минимал лимитлар жорий қилсак, бу нафақат солиқ хизматига, балки виждонли қурувчиларни ҳимояси учун ҳам керак бўлади», — деди СҚ раҳбари ташаббус қурувчилар томонидан бўлишини кераклигини қўшимча қиларкан.

Қудбиев таклифини Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов қўллаб-қувватлаб, энг кам нархларни босқичма-босқич ва девелопер ҳамжамиятлари билан ҳамкорликда жорий этиш зарурлигини айтди.

«Уйларнинг ҳар бир квадрати 7 миллион сўмдан паст нархда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир компаниялар номини айтмаяпман, бироқ интеграция бўлганида, нотариус, Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси хулосаларисиз объектни бозор нархидан пастроқ сотиш мумкин бўлмасди. Биз Миробод туманида энг кам 15 миллион сўм қўйилсин, деб айтмаяпмиз. Соатбай ишлар, материаллар бунга қўшилса, тизимни шаклантириш мумкин. Шу ҳақда ўйлаб кўринг», — деди Ваҳобов.

У, шунингдек, мумкин бўлган солиқ оқибатларини таъкидлади: нархларни «тенглаштирганда» қурувчилар қўшимча даромад солиғи ва қоидабузарликлар учун жарималарга дуч келиши мумкин.

Қурувчилар уюшмаси раиси Мансур Ниёзмуҳамедовнинг таъкидлашича, ҳужжатларни расмийлаштиришда нархни паст кўрсатиш кўпинча харидорларни чалкашликка олиб келади.

«Олдимга олий маълумотли танишларим келишади. Сотув бўлими эса барибир уларни алдайди. Айтишади: «Давлат ёмон, қўлимга 200 сўм бер, мен сенга солиқлардан иқтисод қилган ҳолда 100 сўмини кешбэк қилиб қайтараман… Улар мижозларни «кийдириш»ни мўлжал қилишади», —деди у. Оқибатда «кешбэк» илинжида харидорлар қўрилиш тўхтагани ёки қурувчи банкрот бўлгани ортидан ўн минглаб доллар йўқотишади.

Ниёзмуҳамедов фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини кенгайтиришни таклиф қилди ва рақамли платформалардан фойдаланиш, битимларни назорат қилиш учун Давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси ва нотариал хизматларни бирлаштиришга чақирди.