Хитой ҳукумати биринчи марта «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» мультимодал халқаро юк ташиш йўналиши бўйлаб Хубэй провинциясининг Ухан шаҳридан поезд жўнатди. Шундай қилиб, ХХРнинг яна бир ҳудуди ушбу логистика тармоғига қўшилган ҳолда мамлакатни Марказий Осиё республикалари билан боғлади. Поезд 16 июль куни Уцяшан станциясидан жўнаб кетди, дея хабар беради «Синьхуа» агентлиги.
Қайд этилишича, юкларни якуний манзилга етказиш бериш темир йўл ва автомобил йўллари орқали амалга оширилади. Шу тариқа озиқ-овқат контейнерлари ва бошқа товарлар ортилган поезд Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор тумани Қашғар шаҳрига етиб боради. У ерда контейнерлар юк машиналарига қайта юкланади ва улар Хитойдан Қирғизистон билан чегарадаги «Иркештом» назорат-ўтказиш пункти орқали чиқиб кетади. Кейин юк машиналари якуний етказиб бериш пункти – Тошкентга йўл олади.
«Синьхуа» агентлигининг таъкидлашича, сўнгги йилларда Хубэй провинцияси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-сотиқ аста-секин ривожланиб бормоқда. 2021 йили «Хитой темир йўллари» Ухань-Олмаота йўналиши бўйлаб юк поездини ишга туширганди. Жорий йил баҳорида бундай поездлар мунтазам ҳаракатланиш жадвалига киритилиб, ҳар ойда 440 тагача стандарт контейнер ва 7,5 минг тоннадан ортиқ юк ташиш имконияти яратилди.
Минтақавий транспорт компанияси масъул вакилининг сўзларига кўра, янги логистика схемаси Хубэй провинцияси маҳсулотларининг Марказий Осиёдаги харидорларга тезроқ етиб боришига ёрдам беради. Темир йўл йўналиши транспорт ва суғурта харажатларини 30 фоизга қисқартиради, шунингдек, йўл вақтини 20 кундан 10 кунгача қисқартиради.
«Хитой темир йўллари»нинг Ухань бўлими, ўз навбатида, янги йўналишнинг ишга туширилиши савдо тартиб-қоидаларини оптималлаштириш, логистика тармоғини ривожлантириш ва юқори самарали халқаро транспорт йўлагини яратиш бўйича манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имконият бўлишини қўшимча қилди.
Хубэй провинциясидан Тошкентга юклар аввал ҳам етказиб берилган. Масалан, 2023 йили Чжанцзякоу шаҳридан Ўзбекистонга илк поезд жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди. Аммо ўшанда Қозоғистон транзит ҳудуди сифатида «Хитой-Европа/Марказий Осиё» темир йўлидан фойдаланилган.