Россия рублининг мустаҳкамланиши Ўзбекистонга трансчегаравий ўтказмалар ўсишига таъсир қилди

rbk.ru сайти фотосурати

Жорий йил январь-июнь ойларида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 8,2 миллиард долларни ташкил этди, бу 2024 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган кўрсаткичдан 27 фоизга кўпдир. Статистик маълумотлар Республика Марказий банки ҳисоботида келтирилган.

Регуляторнинг қайд этишича, транзакциялар ҳажмининг ошиши омилларидан бири Ўзбекистондан кўплаб мигрантлар ишлаётган мамлакатлар валюталарининг мустаҳкамланиши ҳисобланади. Масалан, йил бошидан буён Россия рубли АҚШ долларига нисбатан деярли 30 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, аксарият мамлакатларда ҳали ҳам ишчи кучига талаб юқори ва иш ҳақининг юқори даражаси сақланиб қолинган.

Ҳисобот давридаги тушумларнинг асосий қисми анъанавий тарзда Россиядан тушади — 6,4 миллиард доллар ёки барча ўтказмаларнинг 78 фоизи. Ўтган йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичга нисбатан бу йилги кўрсаткич 29,3 фоизга ошган. Кейинги ўринларда Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия ва Қирғизистон жойлашган.

Марказий банк таъкидлашича, меҳнат миграцияси диверсификацияси кузатилмоқда. Шу тариқа, Буюк Британиядан республикага амалга оширилган транзакциялар ҳажми икки баравар ортиб, 89 миллион долларни ташкил этган. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатларидан транзакциялар 41 фоизга (251 миллион доллар), айниқса Ирландия ва Литвадан ўсган. Ушбу тенденция АҚШга таъсир қилган, у ердан 313 миллион доллар (+15%), Кореядан эса 282 миллион доллар (+5,6%) ўтказилган.

Ҳисобот даврида операциялар кўпинча халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали амалга оширилган. Шу тариқа, Ўзбекистонга 4,3 миллиард доллар, яъни умумий сумманинг ярмидан кўпи келиб тушган. Бироқ, банк карталари ўртасидаги транзакциялар ҳам ортда қолмаган – улар 3,6 млрд долларни (44%) ташкил этади. Учинчи ўринни SWIFT тизими орқали 251 миллион доллар (3%) кўрсаткич билан ўтказмалар эгаллаган.

Марказий банк жорий йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистондан бошқа давлатларга ўтказилган транзакциялар ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этганини қўшимча қилади, бу ўтган йилги кўрсатгич билан деярли бир хил бўлган.