Ўзбекистон президенти Администрацияси Матбуот хизмати медиа маркази негизида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилади. Тегишли банд республика раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида келтирилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида.
Ҳужжатда бир қатор ўзгаришлар ҳам қайд этилган. Хусусан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилиб, унинг мониторинг функциялари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасидаги назорат инспекциясига ўтказилди.
Икки идора – Оммавий коммуникациялар маркази, шунингдек, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Президент Администрацияси тасарруфига ўтказилди.
Бундан ташқари Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди.
Президент қарорида жорий йилнинг 1 сентябрига қадар қуйидагиларга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади:
👉 бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функцияларини бекор қилиш, қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;
👉 ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида маҳаллий ҳокимликлар иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатларини янада кенгайтириш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев ўз администрацияси тузилмасини ислоҳ қилгани хабар қилинганди. Жумладан, 284 та штат бирлиги қисқартирилди ва такрорий лавозимлар оптималлаштирилди.