Ўзбекистон Туркий маданият ва мерос жамғармасига расман аъзо бўлди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

21 май куни Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммитида Ўзбекистонни Туркий маданият ва мерос жамғармасига аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тегишли ҳужжат имзолангани ҳақида тадбирнинг расмий пресс-релизида хабар берилган.

ТДТ саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий ва иқтисодий шериклик масалалари билан бир қаторда гуманитар-маданий соҳадаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, у ўтган йили Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига аъзо бўлиш қарори эълон қилинганини эслатди. Давлат раҳбари таъкидлашича, мазкур тузилманинг асосий вазифаларидан бири умумий маданий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш ҳисобланади. Бу борадаги мулоқотни кенгайтириш мақсадида Мирзиёев Фонд Кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўз мамлакатида ўтказишни таклиф қилди

Президент, шунингдек, Туркий тиллар маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) ТДТ аъзолари ўртасида гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

«ТУРКСОЙнинг нуфузини янада ошириш учун унинг фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, бунинг учун ташқи ишлар ва маданият вазирларига тегишли ташаббусларни ишлаб чиқиш ва жорий йилнинг кузига мўлжалланган Боку саммитига тақдим этиш бўйича топшириқ бериш зарур.

Мирзиёев таъкидлаганидек, фан ва таълимни фаол ривожлантириш керак. Шу боис илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида «Туркий дунё хартияси»да «Илмдан ўзга нажот йўқ» деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу постулатни амалга ошириш доирасида Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилмоқда. Ушбу таълим муассасасида ТДТ давлатларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ва олимлари фаолият юритадилар.

«Бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман», — дея хулоса қилди Мирзиёев.

Будапештдаги норасмий саммит доирасида Алишер Навоий номидаги «Турк дунёси бирлигига қўшган ҳиссаси учун» халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтганини қўшимча қиламиз. Унинг ғолиби атоқли турк олими, биохимик, Нобель мукофоти совриндори, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжар бўлди.

Дарвоқе, Алишер Навоий номидаги мукофот Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилда таъсис этилган. У ҳар икки йилда бир марта берилади. Тақдирлаш маросими илк бор 2022 йили бўлиб ўтган ва мукофот ўлимидан сўнг қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовга топширилган.

ℹ️ 21 май куни Будапештда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Бундай учрашув биринчи марта ТДТда кузатувчи давлат ҳудудида бўлиб ўтди. Тадбирда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев иштирок этди.

Учрашув якунида Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитининг Будапешт декларацияси ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ