Қирғизистон жорий суғориш мавсумида дарёлар орқали Қозоғистонга 600 миллион куб метрдан ортиқ сув жўнатади. Бу ҳақда Шу ва Талас дарёларидаги давлатлараро сув хўжалиги тузилмаларидан фойдаланиш бўйича Қозоғистон-Қирғизистон комиссиясининг 35-йиғилишида Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ва Қирғизистон ҳукумати раиси ўринбосари, Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бакит Торобаев томонидан келишиб олинди.
Маълум қилинишича, бу сув Жамбил вилоятидаги қишлоқ хўжалиги далаларини суғориш учун ишлатилади.
Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати таъкидлашича, апрель ойидан бери Бишкекдан сув жўнатиш бошланган. Келишилган 400 миллион куб метрнинг 45 миллионини Қирғизистон Талас дарёси орқали жўнатган. Қозоғистон Шу дарёси орқали 180 млн куб сув олади.
2024 йили Қирғизистон қўшни республикага Талас дарёси орқали 418 миллион куб метр, Шу дарёси бўйлаб 165,3 миллион куб метр сув жўнатган.
Қозоғистон вазирлиги Бишкек суғориш суви эвазига нималар олишига аниқлик киритмаган, бироқ Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор оммавий ахборот воситалари Остона қўшниси учун магистрал темир йўл тармоғидаги тарифларни пасайтириши мумкин, бу эса Қирғизистон маҳсулотларини етказиб беришни соддалаштиради ва қозоғистонлик истеъмолчилар учун қулайроқ бўлишини ёзади.
Бундан ташқари, Қирғизистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун «яшил йўлак» яратмоқда, нефть етказиб бериш ва миграция тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузишни муҳокама қилмоқда, деб ёзади ORDA.kz.
2023 йили Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳукумати Қирғизистондан суғориш суви танқислиги ва аномал иссиқлик туфайли табиий кўламда фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Август ойида Бишкек Қозоғистон томони билан келишилган ҳолда Талас дарёсида жойлашган Киров сув омборидан сув етказиб беришни тўхтатди. Сабаби, қозоқлар ўзларига ажратилган лимитни тугатгани ва сув омборининг ўзида сувнинг кам қолгани бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда Жамбил вилоятида ўтган йилга нисбатан ҳосил йўқотилиши тахминан 25-30% ни ташкил этган.