Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан давлатларнинг ҳудудий яхлитлик ҳуқуқи юзасидан сиртдан баҳсга киришди. Тўқаевнинг бу борада «Коммерсантъ» нашрига берган интервьюсини изоҳлар экан, Лавров БМТ аъзоси бўлган давлатлар ташкилотнинг биргина яхлитлик ҳуқуқини эмас, балки ташкилот низомини тўлиқ ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Интервью давомида нашр журналисти Андрей Колесников Тўқаевнинг агар фақат миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқига амал қилинса, дунёда кўплаб минтақавий можаролар келиб чиқишига оид сўзларини келтирган. 2022 йил ёзида Қозоғистон президенти БМТ Низомининг ушбу тамойили бошқа – ҳудудий яхлитликка зид келишини айтганди. Агар биринчи тамойил тўлиқ амалга оширилса, ҳозирда БМТдаги 193 та давлат ўрнига 500-600 та давлат пайдо бўларди ва бу «хаосга олиб келарди».
Лавров мазкур нутқни эслашини ва Тўқаев фикрига қўшилмаслигини айтди. Шунингдек, у Москва Остонага ўз позициясини кейинроқ тушунтирганини таъкидлади. «Унинг учун фақат ҳудудий яхлитлик ҳуқуқи бор. Лекин такрор айтаман: агар сиз БМТ аъзоси бўлсангиз, низомни тўлиқ ҳурмат қилишингиз керак», — дея таъкидлади вазир.
Лавровнинг сўзларига кўра, ҳудудий яхлитлик ҳукуматлари маълум бир ҳудудда яшовчи барча халқларни тақдим этувчи давлатлардагина ҳурмат қилинади.
«Ахир, бу далил талаб қилмайди! На Париж, на Лиссабон, на Мадрид, на Лондонни тақдим этишган... Шунинг учун деколонизация жараёни БМТ Низомига тўлиқ мос равишда амалга оширилган. Киевдаги фашистлар, нацистлар Одессада ўзлари ёқиб юборган қариндошларини, Донбассда қийноққа солинган ва ўлдирган болаларни тақдим этмайдилар... Кўп йиллар давомида, ўн йилдан ортиқ нацистлар истибдоди остида, мен буни бошқача атолмайман, талон-тарож қилинганлар, уйлари вайрон бўлганлар, подалари ўғирланганлар, аёллари зўрланганларнинг янги қишлоқлар озод этилишига қандай муносабат билдираётганига бир эътибор беринг ...»— деди Россия ТИВ раҳбари.
Тўқаев илгари Остона халқаро ҳуқуқ ва унда мустаҳкамланган давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига содиқлигини бир неча бор таъкидлаганди. «Шу сабабли биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни, на Абхазияни [мустақил деб] тан олмаймиз. Ва, катта эҳтимол билан, бу тамойил, бизнингча, Луганск ва Донецк дея аталмиш квазидавлат ҳудудларига нисбатан ҳам қўлланилади», — деганди Тўқаев 2022 йил Санкт-Петербургдаги 25-чи иқтисодий форумда.