31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган уч томонлама учрашув чоғида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари уч давлат чегарасининг туташ нуқтаси тўғрисидаги битим ва Абадий дўстлик декларациясини имзоладилар. Бу ҳақда Тожикистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Уч мамлакат етакчилари чегара шартномаси имзоланишини минтақа учун муҳим ва тарихий воқеа деб атади.
«Биз Тожикистонда Қирғизистон ва Ўзбекистон билан яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган муносабатларни юксак қадрлаймиз. Уч давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш Тожикистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир», — дея таъкидлади Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш билан боғлиқ барча масалалар якуний ҳал этилганини таъкидлаб, ҳамкорларни тегишли шартнома имзолангани билан табриклади. У уч мамлакат давлат чегарасининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Тантанали равишда очилган Дўстлик стеласи эса қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг рамзига айланади, дея қўшимча қилди Мирзиёев.
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров барча соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг гарови бўлишини таъкидлади.
««Узоқ қариндошдан яқиндаги қўшни афзал», деган машҳур нақл бор. Қирғизистон келажакка катта некбинлик билан қарайди ва Марказий Осиёнинг қардош давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори», — деди Жапаров.
Қирғизистон президенти яна бир бор Европадаги Шенген зонаси каби сайёҳларнинг минтақа давлатлари бўйлаб эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган ягона визани жорий этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.
ℹ️ Давлат чегараларининг туташ нуқтаси Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани (Ўзбекистон), Боткен вилоятининг Боткен тумани (Қирғизистон) ва Сўғд вилоятининг Исфара туманида (Тожикистон) жойлашган. Чегара туташ нуқтаси бўйича уч томонлама музокаралар 2007 йили бошланган, бироқ ижобий натижага фақат 2024 йили эришилган. 2025 йил январида чегара туташуви таклиф қилинган ҳудудда уч республика ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон туташ нуқтасига стела ўрнатиш ташаббуси билан чиқди ва буни томонлар қўллаб-қувватлади.