HRW Россия ҳукуматини марказий осиёлик мигрантларга зулм қилаётгани учун танқид остига олди

radiosputnik.ru сайти фотосурати

2024 йил март ойида Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган терактдан сўнг Россиядаги Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат мигрантлари тез-тез таъқиб ва ​​зўравонликка дучор бўлишмоқда. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган «Қўрқув ва хўрликдаги ҳаёт» ҳисоботида сўз юритилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идоралари, ўта ўнг гуруҳлар ва ҳатто хусусий шахслар томонидан қатъий маъмурий чекловлар, миллатчиликка оид таъқибларга дучор бўлишмоқда.

««Крокус Сити Холл» да уюштирилган терактдан сўнг Россия ҳукумати жамиятда ирқчилик ва мигрантларга қарши кайфиятни қўзғатган ҳолда босимни кучайтирди. Россия ҳукумати ксенофобиянинг ҳар қандай кўринишини, жумладан, ўз мансабдор шахсларини қоралаши ва мигрантлар ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга ҳаракат қилиши керак», — дейилади ҳисоботда.

Ҳуқуқ фаолларининг эслатишича, Россия иқтисодиёти кўп жиҳатдан чет эллик мигрантлар меҳнатига боғлиқ. Шунга қарамай, расмийлар муҳожирларнинг ҳуқуқларини жуда мураккаблаштирадиган ва баъзан бузадиган янги қонунларни киритганлар. Бунга мисол тариқасида ҳуқуқ ҳимоячилари полицияга чет элликларни Россиядан махсус суд қарорисиз чиқариб юбориш ҳуқуқини берувчи тузатишларни келтиришди. Эндиликда мигрантларнинг фарзандлари мактабларга киришда рус тилини билишларини исботлашлари шарт. Россиянинг бир қанча вилоятлари расмийлари мигрантларга маълум соҳаларда, жумладан, таълим, савдо, ижтимоий хизматлар, жамоат транспорти, маданият ва кўнгилочар соҳаларда ишлашни тақиқлаган.

Қайд этилишича, Россия Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлаганидан сўнг ўта миллатчиларнинг янги авлоди пайдо бўлган ва улар Марказий Осиёдан келган эркакларга қарши ўзаро келишилган ҳужумларни уюштиришмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёдан келган мигрантлар ва фуқароликка қабул қилинган Россия фуқаролари тобора кўпроқ ҳарбий хизматга жалб қилиш нишонига айланиб бормоқда, улар кўпинча ўзбошимчалик билан ҳибсга олинади ва уларни ҳарбий хизматга мажбурлаш учун депортация билан таҳдид қилинади.

«Human Rights Watch ўз тадқиқоти натижаларини Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг тегишли органларига тақдим этди. Қирғизистон ҳукумати жавоб берган ягона ҳукумат бўлди», — дейилади HRW хабарида.

Аввалроқ, Россия Ички ишлар вазирлиги 2024 йили «1684 нафар фуқароликка қабул қилинган шахс ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли Россия фуқаролигидан маҳрум этилгани» ҳақида маълум қилганди. Бундай ҳаракатлар ичида ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтишга доир шахс мажбурияти бажарилмаганлиги кўрсатиб ўтилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ